“Марказий Осиё - Хитой" формати минтақавий тинчлик, барқарор тараққиётни мустаҳкамлаётгани қайд этилди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатига Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Хайсин бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, "Марказий Осиё – Хитой" форматида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва стратегик қарашлари туфайли ҳамкорлик ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.
Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари раҳбарлари ва аъзоларининг ўзаро ташрифлари ва мулоқотлари динамикаси, шунингдек, Олий Мажлис ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти ижобий баҳоланди.

Ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш мақсадида парламентлар раҳбарларининг мунтазам мулоқотларини фаоллаштириш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини мустаҳкамлаш, тегишли қўмиталарнинг алоқаларини кенгайтириш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш, биргаликда парламент ва эксперт тадбирларини ўтказиш таклиф этилди.
Ўзбекистоннинг ҳудудларни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, давлат бошқарувини рақамлаштириш, “яшил иқтисодиёт”ни юксалтириш, кадрлар тайёрлаш ва инновацияларни рағбатлантириш борасидаги Хитой тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани қайд этилди.
Учрашувда сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. "Марказий Осиё – Хитой" формати минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратаётгани таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА