Академик Саъдулла ИСКАНДАРОВ: Шогирдлар камоли - устозлар саодати
Aкадемик Саъдулла Искандаров — мамлакатимиздаги таниқли зиёлилардан бири. Домла айни кунларда саксондан сакраган бўлишига қарамасдан илмий изланишларини қунт билан давом эттираётган, фан ва ишлаб чиқаришда юксак аҳамиятга эга кашфиётлар қилиб, уларнинг натижаларини амалиётга изчил татбиқ этаётган заҳматкаш, серғайрат ҳамда ташаббускор олимларнинг олдинги сафида бўлиб келаётган, аниқ ва мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, тиниқ тафаккурли ва конструктив фикрловчи беназир инсонлардан.

У билан дилдан гурунглашсангиз, кўз ўнгингизда республикамиз илмфанининг, ижтимоий ҳаётининг узоқ ва яқин ўтмишдаги мураккаб тарихи жонланади, тасаввурингизда бугунги шиддаткор даврнинг улуғвор суръатлари бутун салобати ила намоён бўлади ва келгусидаги сержило ва ёрқин истиқболга мунаввар умидлар, комил ишонч туйғулари жилваланади, шуурингиз меҳру ҳавасга тўлади, нуроний дийдорига тўймайсиз, бу пиру бадавлат отахоннинг табаррук сиймосидан таралаётган комиллик зиёсидан баҳрамандликнинг завқли саодатини ҳис этасиз. Зеро, унинг севинчу ташвишларла лиммолим тўла серқирра ҳаёт йўли, теран ҳамда кенг миқёсли мазмунмоҳиятга эга, ҳайратомуз ихтирою кашфиётларга тўла илмийпедагогик фаолияти, ёш авлод тарбияси соҳасидаги бетакрор мураббийлик тажрибаси, шунинг ҳосиласи ўлароқ, унинг қаноти остида камолга етган буюк инсонлар, юрт оғалари шаъншавкати ва айни дамларда улар томонидан амалга оширилаётган оламшумул ишларга, домланинг ўзи ҳам узоқ йиллар раҳбарлик фаолияти давомида ўз обрўэътибори, иймону диёнатини асраган ҳолда қатъият билан олиб борган ишларга фикран назар солсангиз, ақлингиз шошади, беғубор ҳайратга асир бўласиз. Лўнда қилиб айтган да, академик Саъдулла Искандаровнинг ҳаёти ва фаолиятини ўзига хос мукаммал бир маҳорат мактаби, чинакам ҳаётий дорилфунун, деса арзигуликдир. Худди шу фикрлардан келиб чиқиб, у киши билан имкон қадар муфассал мулоқот юритишга, табиатан камгап, ўзи ҳақида сўзлашни унча хушламайдиган камтар ва камсуқум устоз, қалб дафтари саҳифаларини варақлашга, элимизнинг мўътабар нуроний оқсоқолларидан бири бўлган бу инсоннинг муқаддас миллий қадриятлар, жумладан, одамийлик, ёш авлод тарбияси, устозшогирдлик урфу анъанасининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари ҳақидаги фикру қарашларини ўрганар эканмиз, унинг кўпмиллионли ёшларимиз учун катта тарбиявий аҳамиятини назарда тутиб, ушбу суҳбатни «ўрамайбурамай», саволжавоб мулоқотимиз қандай кечган бўлса, шундай — асл ҳолида, азиз газетхон, сиз билан баҳам кўришни лозим топдик.
— Саъдулла Искандарович, қадимул айёмдан маълум ҳақиқат бор: ҳар бир кишининг қандай тарбия топиши, қай тарзда камолга етиши, ҳаётдаги ўрнини ва келажагини белгилаши, тақдири азалнинг турфа йўлларидан қай бирини танлаши, шубҳасиз, у мансуб бўлган аждодлар силсиласи, туғилиб ўсган муҳит, насл-насаб, хонадон, ота-она, устозу мураббийлар, қолаверса, қавму қариндошу маҳалла-куйга бевосита боғлиқдир. Бинобарин, бугун давлатимиз раҳбариятининг иродаси билан мамлакатимизда ана шу муқаддас қадриятларни олдинги ўринга олиб чиқиш, улуғлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани ҳам бежиз эмас. Бас, шундай экан, рухсатингиз билан суҳбатимизни сиз камол топган оила, унинг оламга машҳур бошчиси, мамлакатимиз тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга инсон — Социалистик меҳнат қаҳрамони, донгдор пахтакор, эл-юрт оқсоқолларидан бўлган муҳтарам падари бузрукворингиз Искандар Дустов ҳақидаги хотиралардан бошласак.
— Бажонидил. Бу менга чексиз севинч ва ғурур бағишлайди. Муқаддас динимиз, азалий урфодатларимизга кўра, сўз аввалини оталар руҳини шод этишдан бошламоқ ҳар бир инсон учун фарз ва мароқлидир. Айниқса, мендек муайян ҳаёт йўлини босиб ўтиб, бугунги кунда бахтиёр кексалик гаштини сураётган ёши улуғ кишилар учун бунинг алоҳида завқу сурури бор, албатта.
Раҳматли отамиз Искандар Дўстов оддий деҳқон оиласида туғилиб, суяги меҳнатда қотган, ўз заҳматкашлиги орқасидан обрўиззат топиб, умр бўйи пахтакорлик касбига содиқ бўлиб қолган инсонпарвар, оиласевар заковатли инсон эдилар. Иккинчи жаҳон урушидан оғир ярадор бўлиб қайтгани, шунинг оқибатида жисмонан қийинчилик билан ҳаракатланишларига қарамай, яна далага отланганлар ва уруш жароҳатлари азобини қаттиқ меҳнат билан енгишни ўз турмуш тарзига айлантирганлар.
Айни пайтда у киши пахтакор деҳқонлар меҳнатининг нақадар азобуқубатли эканлигини жисмонан, ҳам руҳан чуқур ҳис этар ва бу машаққатларнинг енгиллашишини чин қалбидан орзу қилар, бунга эса фақат ва фақат илм, фантехника тараққиёти орқали эришиш мумкинлигини барвақт англаб етган инсон бўлганлар. Бинобарин, наинки биз, яъни ўз фарзандлари, балки қишлоқдаги барча ёшларни билим олишга, замонавий касбларни эгаллашга мунтазам ундар, бу борада қўлидан келадиган ёрдамни ҳеч кимдан аямас эдилар. Шу маънода ҳаётдаги илк устозим, мени илм сари йўналтирган, бу йўлда ҳар қандай қийинчиликларни матонат билан енгишга илҳомлантирган, ўргатган киши — отам эдилар, десам янглишмайман.
— Дарҳақиқат, «ёшликда олинган илм — тошга ўйилган нақш», деганларидек, болаликдан қулоққа қуйилган жўяли панднасиҳатлар, ҳосил қилинган илк тасаввур ва кўникмалар инсон истиқболида нақадар муҳим, ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Саъдулла ака, падари бузрукворингизни эслаш асносида суҳбатимизга жон киритувчи, чинакам долзарб ва амалий руҳ бағишловчи ғоят ҳикматли ва ибратли бўлган устозшогирдлик мавзусини олдинги ўринга олиб чиқдингиз.
Бу бежиз эмас, шекилли. Авлодлар узвийлиги, яъни устозшогирдлик анъанаси азал залдан миллатимиз зеҳниятининг таянч нуқталаридан бири, халқимизнинг қонқонига сингиб кетган, асрлар бўйи муқаддас тушунчаларимиздан бирига айланган, ҳозирги пайтда, айниқса, алоҳида эътибор берилаётган, юксак даражада эъзозланаётган ва тамоман янгича мазмунмоҳият билан бойитилаётган қадриятлардандир. Шундай эмасми?
— Худди шундай. Гапнинг рости, мен умрим бино бўлиб, ҳаёт йўлимда нимагаки эришган бўлсам, барчаси, аввало, самимий ва беғараз, меҳрибон ва айни пайтда ўта талабчан устоз ҳамда мураббийларимнинг доно маслаҳатлари, беминнат кўмаклари, ундан кейин вафодор дўстларнинг қўш қанот ва шубҳасизки, садоқатли шогирдларнинг руҳан мададу қувват бўлишлари самараси деб биламан. Яратганга беҳисоб шукрларки, тақдир мени ҳаётим ва фаолиятимнинг барча босқичларида беназир ва буюк устозларга рўбарў қилди. Бу ҳақда сўзлар эканман, энг биринчи галда, мамлакатимизга узоқ йиллар донишмандларча раҳбарлик қилган буюк сиёсат арбоби, улуғ ижодкор, бағоят улкан шахс ва беқиёс инсон Шароф Рашидов номини тилга олишни ўзимнинг шогирдлик, қолаверса, одамийлик бурчим деб биламан. Албатта, бу билан мактабда қўлимга илк бор китоб дафтар тутқазиб, ҳарф ўргатиб, тасаввуримни билим зиёси билан мунаввар этган биринчи ўқитувчимдан бошлаб, институтда таълим берган, илмий изланишларимни астойдил қўллабқувватлаган домлалариму илмий раҳбарларимнинг меҳнати қадрини заррача кам кўрмайман. Улардан ҳар бирининг азиз ва табаррук номи умрим китобининг муқаддимасию мундарижасига заррин ҳарфлар билан ўчмас қилиб битилган. Лекин муҳтарам Шароф Рашидович билан бўлган унутилмас учрашувлар тақдиримда ҳал қилувчи роль ўйнаган, десам муболаға бўлмайди.
— Шароф Рашидов билан илк бор қачон, қаерда, қандай вазиятда учрашганингиз ёдингиздадир?
— Албатта! Бунинг ўз тарихи бор ва бу менинг юрагимда муҳрланиб қолган. Юқорида айтганимдек, ўрта мактабни битказгач, отамнинг маслаҳатидаъвати, қолаверса, қалбимда болалик чоғларимдан шаклланган орзуҳавасга кўра кимё илмини ўрганишга жаҳд этдим. Ушбу азму журъатнинг сабабини аниқроқ тушунтирадиган бўлсам, яхши биласизларки, совет даврларида пахтани зараркунандалардан асраш ва машинада теришга тайёрлаш учун далаларда кимёвий моддалар сепилар, яъни дефоляция, десикация деган оғир ва аянчли агротехник тадбирлар ўтказиларди. Айниқса, самолётдан сепиладиган заҳарли дорилар қишлоқ аҳолиси саломатлигига ҳалокатли таъсир қилар, турли юқумли хасталикларни келтириб чиқарар, айниқса, ёшу қари ўртасида сариқ касаллиги авжига минган, оқибатда миллатимиз генофондига мудҳиш оқибатларга элтувчи катта зарар етказилар эди. Элнинг оҳу нолалари Ўзбекистонга йилданйилга пахта етиштиришни узлуксиз кўпайтириш талабини қўяётган собиқ Иттифоқ марказига етиб бормас, етиб борса ҳам Кремлдаги арбобларнинг қулоғига кирмасди. Камина, аввало, отамнинг аламли ҳасрати туфайли, қолаверса, шу заҳар ичида туғилибўсганим учунми, ёшлик пайтимдаёқ бу қисматни англаб етгандим, ўзимча ана шу оғир муаммони ҳал этиш ҳақида ўйлардим ва бу мени илм йўлига чорлаган бўлса ажаб эмас. Бунинг учун, энг аввало, кимё фанини чуқур билишгаўрганишга ундарди. Хуллас, кунларнинг бирида яқин дўстим билан ана шу мавзуда оғриқли суҳбат қилаётган падари бузрукворимга кимёгар олим бўлишга, пахтакорлар саломатлигига зиён етказмаган ҳолда ғўза баргини тўкишга қодир бўлган кимёвий модда кашф этишга аҳд этганимни билдирдим. Отам бунинг осон иш эмаслигини билиб турсада, жилмайиб: «ниятингга етгин, болам», деб қўйдилар. Бу ҳали кўпроқ хаёлпарастликка ўхшаб кетувчи шунчаки бир орзу эди, албатта. Ўшанда мен бу орзуни қалбимга Парвардигорнинг ўзи солганини ва пайти келиб ана шу эзгу мақсадимга эриштиришини билмаганман, тушимда ҳам кўрмаганман.
Шу тариқа Тошкент фармацевтика институтига ўқишга кирдим, уни 1962 йилда битказиб, илмий изланишлар йўлидан кетдим. Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтининг Алкалоидлар лабораториясида муҳтарам устозим академик Собир Юнусов раҳбарлигида илмийамалий тадқиқотлар олиб бордим. 1966 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилдим. Шундан сўнг она юртим Хоразмга, Урганч педагогика институтига ишга юборилдим.
Институтда проректор бўлиш билан биргаликда, илмий изланишларни қунт билан давом эттирдим. Чунки отамга берган ваъдамни бажариш аҳди мени бир зум, бир дақиқа ҳам тарк этмаган, бу ҳаётдаги олий мақсадларимдан бирига айланган эди. Зеро, бу ваъдани бажариш билан нафақат падари бузрукворим, балки кўпмиллионли пахтакор халқим олдида юзим ёруғ бўлади, деб ўйлар эдим.
Бир куни вилоятга республика раҳбари Шароф Рашидов ташриф буюргани, пахта далаларини айланиш асносида отам раҳбарлик қиладиган хўжалик далаларига ҳам бориши ҳақида эшитдим. Хоразмнинг аксар фаол зиёлилари қаторида мени ҳам у киши билан учрашувга таклиф этишди. Отамнинг ҳурматига Шароф ака учрашув чоғида мен билан алоҳида кўришиб, ишим, илмий изланишларим ҳақида батафсил суриштирдилар. Мен у кишининг саволларига имкон қадар муфассал жавоб беришга ҳаракат қилдим. «Саъдуллажонни вилоят партия қўмитасида ишлатиб, синаб кўрсак, нима дейсиз?» дедилар Шароф Рашидович кутилмаганда биринчи котиб Мадиёр ака Худойбергановга юзланиб. Котиб бу таклифни қулоқ қоқмай қабул қилди ва эртаси куниёқ мени вилоят раҳбари идорасига ишга чақириб олди. Чамаси, донишманд раҳбар шу йўл билан менинг илм йўлидаги саъйҳаракатимни ҳаёт билан қўшиб олиб боришимни истаган эканлар...
Бундай воқеалар, албатта, аксар ёш йигитлар учун Оллоҳнинг ногоҳоний туҳфаси, бахту омаднинг кулиши ҳисобланади. Яъни мамлакат раҳбарининг назарию эътиборига тушиш ҳар ким учун порлоқ келажак, юлдузли онлар кафолати бўлиб кўринади. Аммо менда ҳеч қачон партия идорасида ишлашга ҳавас ҳам, хоҳиш ҳам бўлмаган. Фикру ёдим ҳеч нарсага чалғимасдан илмий ишларимни давом эттириш билан банд эди. Бироқ ўша куни ҳаяжон туфайлими ёки шундай муҳтарам инсоннинг сазасини қайтаришга жазм этолмадимми, хуллас, йўқ, деёлмадим. Орадан бироз муддат ўтгач Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг мафкура масалалари бўйича котиби, ғамхўр ва қаттиққўл устозларимдан яна бири Оқил Умрзоқович Салимов билан суҳбат чоғида қимтиниб, тортиниб шу ҳақда сўзлашга журъат топдим. «Мен сиёсатга эмас, илмий ишга қизиқаман, қолаверса, отамга берган ваъдамга биноан, муҳим бир кашфиёт йўлида қаттиқ изланишлар олиб боряпман, шунинг учун бу гапимни маҳмадоналикка йўймасдан менга рухсат берсаларингиз», дедим. Оқил Умрзоқович ҳам отамни яхши билар ва жуда ҳурмат қиларди. Фан соҳасидаги интилишларим ҳақида муфассал суҳбатлашгач: «Бу қатъиятинг Шароф Рашидовичга ҳам албатта маъқул тушади ва, мен аминман, сени тўғри тушуниб қўллабқувватлайдилар», деди. Кўп ўтмасдан мен Ўрта Осиё нефтни қайта ишлаш илмийтадқиқот институтига ишга юборилдим. Бу ерда устоз олимлар, фикрдош ҳамкасб дўстлар ва изланувчан шогирдлар билан ҳамкору ҳамнафасликда кўплаб муҳим аҳамиятга эга тадқиқотлар ўтказдик. Мавриди келгани учун воқеалардан сал илгарилаб бўлсада, отамга берган ваъдамни бажарганим, яъни ғўза баргини сунъий равишда тўкувчи, инсон сало- матлиги учун мутлақо зарарсиз кимёвий модда яратилишига эришганимни, у барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, ишлаб чиқаришда кенг қўллана бошлаганини фахрланиб айтиб ўтишни хоҳлар эдим. Афсуски, кейинроқ замона зайли билан пахтани машинада териш кескин камайиб кетгач ушбу кашфиётимизнинг аҳамияти бироз сусайди. Шукурки, сўнгги йилларда бу долзарб масалага эътибор тубдан ўзгармоқда ва шояд узоқ йиллик машаққатли изланишларимиз самараси яна кенг миқёсда истифода этилади, Янги Ўзбекистон пахтачилиги ривожида ўз ўрнига эга бўлади, пахтакор фермерларимиз фаолиятида қўл келади, деган умиддаман.
Фурсатдан фойдаланиб, шуни яна бир бор таъкидлашни истардимки, халқимизнинг буюк фарзанди, улуғ устоз Шароф Рашидов ҳаётда тўғри йўлдан кетишим, ўзим кўзлаган юксак мақсадлар сари қатъият билан интилишим, севган касбимда аъло кайфият ҳамда завқшавқ билан меҳнат қилиб, элу халққа озмикўпми, нафим тегишига эришувимда ҳал этувчи роль ўйнаган, мен учун умрим китобининг бош саҳифасида турувчи падари бузрукворим сингари азиз, қадрли ва мўътабар инсондир. Бугунги ёшларга қарата айтадиган бир оғиз эзгу тилагим шуки, ҳар бир йигитқизга Оллоҳ яхши устозлар паноҳида ўсибулғайиш насиб этсин ва улар бундай сарбаланд толенинг қадрига етсинлар. Бунинг ҳикмати жуда буюк.
— Таржимаи ҳолингизда ёзилишича, 1978 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ректорликка тайинлангансиз. Ҳаётингизнинг нафақат мамлакатимиз, ҳатто собиқ Иттифоқ, яъни ҳозирги постсовет давлатлари ҳудудида, балки бутун дунёда ўзининг салмоқли ўрнига эга бўлган ана шу табаррук илм даргоҳи билан боғлиқ қисми ҳақида мумкин қадар муфассалроқ ҳикоя қилсангиз. Албатта, бу тайинловни республика ҳукуматининг сиздаги илмийпедагогик ҳамда бошқарувчилик салоҳиятининг эътирофи ва айни пайтда муҳтарам устозларнинг катта ишончи сифатида қабул қилган бўлсангиз керак?
— Худди шундай. Бу чиндан ҳам, менга билдирилган жуда катта ишонч эди. Ушбу бой тарих ва улкан илмий салоҳиятга эга таълим ва илмийтадқиқот даргоҳига ишга келиш ҳаётимнинг энг муҳим бурилиш нуқталаридан, тафаккурим ва зеҳниятимда ажабтовур эврилишлар ясаган воқеа, десам, янглишмасам керак. Очиғи, унинг табаррук остонасига қадам қўяр эканман, юрагимни чексиз фахру ғурур билан биргаликда қаттиқ ҳаяжон ва ҳатто бироз қўрқув ҳам чулғаган. Зотан ушбу илм даргоҳининг аввало Ўзбекистон ижтимоийиқтисодий, илмиймаърифий ҳаётидаги ўрни ва роли, залвори ва салобати жудаям улкан эди. Ўзбеклардан чиққан буюк алломалардан бири бўлмиш академик Тошмуҳаммад Қори Ниёзий, шунингдек, жаҳонга машҳур бир қатор рус ва бошқа миллатларга мансуб таниқли олимлар тамал тошини қўйган, Ўзбекистондек аграр республика учун тайёрлайдиган мутахассисликлари жиҳатидан энг олдинги ўринларда турувчи, собиқ СССРдан ташқари, дунёдаги 30 дан зиёд мамлакатдан келган аспиранту талабалар таҳсил оладиган улкан даргоҳ ҳисобланарди. Унда қарийб мингга яқин профессор ва ўқитувчилар ишлаган, ўн беш мингдан зиёд талаба таҳсил кўрган. Тошкентдаги асосий ўқув базасидан ташқари Қарши ва Янгиер шаҳарларида филиаллар, Самарқандда ўқувтаянч бўлими фаолият кўрсатар, уни битказиб, қишлоқ ва сув хўжалиги учун бениҳоя муҳим аҳамиятга эга касбларни эгаллаган йигитқизлар Ўзбекистондан ташқари, ер юзининг аграр соҳа билан шуғулланувчи барча мамлакатларида ишлашарди. Ўқитувчипедагогларимиздан элликдан ортиқ киши фан доктори, 23 нафари профессор, 300 га яқини фан номзодлари ва доцентлар эди.
Рухсат этсаларингиз, атиги бир нечагина рақам келтирсам: 1983 йилда институтнинг 14 факультети, шу жумладан, филиал ва бўлимларида юзга яқин миллату элатларга мансуб 15, 5 минг талаба таҳсил олган. Шулардан 500 га яқинини Осиё, Африка, Лотин Америкасининг 37 мамлакатидан келган йигитқизлар ташкил этарди.
Тасаввур этинг, бундай улкан жамоани бирлаштириш, айниқса, жисму жонида ёшлик шиддату шижоати тўлибтошган ёвқур ва серҳаяжон йигитқизларнинг бошини қовуштириш, бугунги ибора билан айтганда, турли ёт таъсирлардан асраш, асосан, аниқ фанларга таянувчи мураккаб касбу ихтисосларга қунт билан ўргатиб, саъйинтилишларини тўғри йўналтиришнинг ўзи бўлмасди, албатта. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, бу борада институт ёшлар уюшмаси ҳал қилувчи роль ўйнашини яхши тушунардим ва ана шу ташкилотга қаттиқ таянардим, бинобарин, унинг раҳбари алоҳида ташкилотчилик иқтидорига, талабалар ўртасида юксак обрўиззатга, барча йигитқизлар ҳавас қиладиган бетакрор инсоний хислатфазилатларга эга бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратар эдим. Ўзларингиз ўйлаб кўринглар: салкам қирқ мамлакат, юздан зиёд миллат, турлича диний эътиқод вакиллари, турфа дунёқарашу тарбия даражасидаги ёшлар қалбига йўл топишнинг ўзи бўлмайди. Ёшлар масаласида йўл қўйилган арзимас бир хато эса барча замонларда нечоғли хатарли оқибатларга олиб бориши мумкинлиги эса тариху яқин ўтмиш сабоқларида бизга маълум ва равшан.
Шу тариқа қунт билан изланиб, институт талабаларининг аксар кўпчилиги билан бе- восита мулоқотлар ўтказиб, ниҳоят қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетидан дидимга тўғри келадиган, институтимиз олдида турган юксак талабларга мос келадиган бир номзодни топишга муваффақ бўлдим.
Таржимаи ҳоли, ўқишдаги натижалари, жамоат ишларидаги иштирокини обдон ўрганиб, таҳлил этгач: «Мана шу йигитга ишонч билдирамиз», дедим ҳамкасбларимга. «Адашмадингиз, бу жудаям ҳаракатчан ва серғайрат талабаларимиздан, туғма ташкилотчи, энг мураккаб топшириқларни ҳам айтганингиздан зиёда қилиб уддалайди», деди факультет декани. «Менга фақат топшириқ бажарадиган эмас, зиммадаги улуғвор ва ўта масъули- ятли вазифаларни теран тушунадиган ва муаммоларни ўзи ташаббус кўрсатган ҳолда ақлидрок билан еча оладиган, фидокорона ишлайдиган, серғайрат ва тафаккури кучли шахс керак», дедим унга ва қаршимдаги нигоҳларидан қатъият ва айни пайтда эзгулик ва инсоний хайрихоҳлик учқунлари чақнаб турган йигит худди шундай хислатларга эга эканлигини кўнглим аниқ сезди.
Кўнгил сезгиси — Яратганнинг мўъжизавий инъомидир!..
Шу билан биргаликда таъкидлашим лозим: эзгу амаллар, хайрли ишлар ҳамиша ҳам хамирдан қил суғургандек осон кечавермайди. Институт ёшлар етакчиси лавозими мустақил, яъни маош олиб ишлайдиган лавозим бўлгани, янги кадримиз эса ҳали талаба эканлиги учун ёшлар ташкилотининг юқоридаги район ва шаҳар бўғинларида унинг номзоди устида иккиланганлар ҳам бўлди:. «Ҳали ёш экан, бунинг устига, талаба бўлса, бир неча ўн минг кишилик ташкилотга раҳбарлик қилишга тажрибаси етармикан?», дейишди. Мен ва институт раҳбарияти фикримизда қаттиқ турдик, бу масалада институт ёшлари бизга қувват берди, десам ишонинглар: биз танлаган номзодни талаба ёшларимиз бир овоздан қизғин қўллабқувватладилар.
Орадан кўп ўтмаёқ чиндан ҳам, янглишмаганимни, бу йигитни менга Оллоҳнинг ўзи етказганлигини яққол англадим. У дарҳол бизни қийнаб турган кўпгина муаммоларимизга бирин-кетин ечим топа бошлади. Тез орада институт ёшлари ўртасидаги маънавийахлоқий муҳитни тубдан соғломлаштиришга, талабаларнинг фанларни ўзлаштириш фоизлари юксалишига, дунёқарашларида ижобий ўзгаришлар юз бериши, спортсоғломлаштириш, маданиймаърифий тадбирларда, илмий анжуманлардаги иштироки кескин кенгайишига эришилди. Бунинг натижаси ўлароқ, жамоамизнинг республика, собиқ Иттифоқ, қолаверса, дунё мамлакатларидаги таълим даргоҳлари ўртасидаги нуфузи тўхтовсиз ошиб боришига эришилди. Халқона қилиб таърифласак, унинг пойқадами хуш келди. Институтимиз обрўсига обрў қўшилиб, номи тилга тушди, тарихий «ТИИМСХ» – Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти 80йилларнинг энг пешқадам олий таълим муассасалари қаторида тилга олинадиган бўлди.
Табиийки, бу мени ана шу заковатли, серғайрат ташкилотчи, айни пайтда ўта камтарин ва жиддий йигитнинг келажаги хусусида астойдил ўйлашга ундар, кўнглимда таҳсил ниҳоясидан сўнг уни институтда олиб қолиб, илмий ишга жалб этиш керакми ёки ишлаб чиқариш ва сиёсат соҳасига йўналтириш мақсадга мувофиқ бўлармикан, деган фикр айланарди. Ҳеч кимга сир эмас, институтимизни битказиб, ишлаб чиқаришда ўз мутахассислиги бўйича муваффақиятли иш бошлаган йигитқизлар орасидан қишлоқ хўжалигини меҳанизациялаш, сув хўжалиги, мелиорация соҳаларининг таниқли раҳбарлари етишиб чиққани маълум. Лекин мен бизнинг «комсомол вожагимиз»да мужассам бўлган серқирра иқтидор ва ноёб салоҳиятни кўрганим ва билганим учун унинг келажакда элюрт бошидаги порлоқ юлдуз бўлишини орзу қилардим ва бунга қатъий ишонардим. Ўзи билан кўп суҳбатлар қилиб, унинг болалик чоғларидан тақдирнинг мураккаб синовларидан ўтиб чиниққанини билиб, сўнгра отаси билан танишиб ва фикрлашиб, уни ўқишни битиргач, институтда олиб қолишга, илм ва ташкилийсиёсий фаолиятни уйғун тарзда давом эттириши устида унинг отаси билан маслаҳатлашиб олишга қарор қилдим. Эсимда, уни ўқишни битиргач, институтда олиб қолишга қарор қилганимизни эшитиб, отаси «Саъдуллажон, бизнинг фарзандимизга кўрсатган ишончларингиз учун раҳмат, лекин оиламиз катта, турмушимиз оғир, оилада ишлайдиган битта менман, бошқа топармон тутармонимиз йўқ. Рухсат этсангиз, ўғлимни қишлоққа олиб кетсам, ихтисослиги бўйича ишласа, қанотимга кириб, опаси ва укаларига бош бўлиб, рўзғор ташвишларининг бир томонини кўтарса, деб ният қилувдим, биз ҳам кексайиб қолдик», деб келганлари ҳам ёдимда. Энди ўйласам, расмиятчилик қилиб, ўшанда рўпарамда зорланиб турган отага қаттиқ туриб рад жавобини берганман. Мен бунга рози бўлмаган ва институтда ишлаши лозимлигини қатъий туриб талаб этган ва пировардида: «Оқсоқол, сабр қилиб туринг, у энди фақат сизнинг ўғлингиз эмас, бизнинг институтимизнинг ҳам фарзанди! У бироз муддатдан кейин олим бўлади! Яна бироздан кейин катта олим бўлади, мана кўрасиз, илм йўлидан кетса, шубҳасиз академик бўлади! Бундай шахслар юз йилда бир келади! Сиз ва биз халақит бермасак, у элимизнинг, юртимизнинг фахри бўлади! Биласизми, мен уни кимга ўхшатаман? Бу йигитда буюк юртдошингиз Шароф Рашидовнинг нафасини сезаман... Шароф ака унинг ёшида фронтда — ўқёмғирлар остида кезган, лекин унинг отаси фронтдан қишлоғимга қайтариб олиб келайин, ўғлим ёнимда юрсин демаган! Менга Шароф ака билан кўп бор кўришиш, маслаҳатларини олишга муяссар бўлиш насиб этди. Айниқса, шу институтга ҳам мени Шароф ака жўнатишда айтган гаплари қулоғим остидан кетмайди: «Инсон умри узоқ эмас, лекин унинг умрини шогирдлари узайтиради!» деганлар... Не ажабки, бу оилада Шароф аканинг обрўси нақадар баланд экан, қаршимда оёқ тираб турган отахон бирданига ҳолвадай юмшаб,гапимиз ўзўзидан қовушиб кетди ва хайрлашар эканлар, ниятни мухтасар қилиб: «Энди Саъдуллабек, сиз ҳам менга ўғил бўлдингиз, Шароф ака сизга берган ўгитларига содиқ экансиз... Мен ҳам Шароф аканинг кўпгина ўгитларини олишга муяссар бўлганман, бу улуғ инсоннинг ҳар бир сўзи бизнинг оиламиз учун ҳам муқаддас!» десалар бўладими! Улуғларнинг ҳикмати, бир оғиз ўгити бизнинг ниятимизни қовуштирган, катта мақсад йўлидаги курашларда бизнинг саъйҳаракатларимизни бирлаштирган, якдил қилган. Кўрдимки, отахон ҳам оддий отахон эмас, ҳар бир сўзида пурҳикмат инсонлиги намоён эди!
— Жуда қизиқ, ҳикматли ва ибратли воқеалар экан. Хўш, холис ниятингиз амалга ошдими? Ўша йигит ким эди? Агар сир бўлмаса...
— Сир эмас. Ўша йигит Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти — Шавкат Миромонович Мирзиёев эди. Ўша пайтлар, албатта бу ҳақда хаёл суришнинг ўзи бамисоли бир эртакдек туюларди, дейиш мумкин. Аммо мен юқорида айтдим. Инсон кўнгли сезади. Қаршисидаги кишининг манглайида толе юлдузи порлаб турганини қалб кўзи билан кўради. Ана шу юлдуз шуъласи эзгу ниятли инсонлар қалбида эзгу ниятларни туғдиради, шу толенинг рўёбига эш, йўлдош бўлишга ундайди. Бундан ташқари, ҳар қандай эзгу орзуният, тилак бўмбўш жойда туғилмайди. Унда шубҳасизки, маъно ва мантиқ, асос бўлиши лозим. Халқимизнинг: «Оллоҳ ниятингга йўлдош қилсин», деган дуоси, ҳикматли ибораси заминида ҳам айнан шу асос ва мантиқ ётади.
— Тушунарли. Қаранг, ўзимиз сезмаган ҳолда суҳбатимизнинг энг нозик ва масъулиятли нуқтасига келдик. Табиийки, нафақат биз, ижодкор журналистлар, балки ҳар бир зиёли, қолаверса, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун давлатнинг амалдаги раҳбари фаолияти, айниқса, унинг ғоялари асосида, бевосита раҳбарлиги ва шахсан иштирокида амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳақида сўзлашнинг ғоят мураккаб жиҳати бор. Яъни холислик мезону меъёрларидан заррача четга чиқиш мумкин эмас. Акс ҳолда, бу қандайдир таъма яширинган маддоҳлик, хушомадгўйликка ўхшаб қолиши мумкин. Бунинг устига, муҳтарам Президентимизнинг ўзи қуруқ мақтовларга қарши эканини, кўпроқ мавжуд муаммолар, камчилик ва нуқсонлар ҳақида гапириш ва ёзиш зарурлигини кўп бор такрорламоқда. Албатта, танқид қилиш осон. Бунга етарлича асослар бўлса, қонун доирасида конструктив фикрмулоҳаза юритилса, марҳамат, сўз эркинлиги мустаҳкам қарор топаётган ҳуқуқий демократик жамиятда танқиддан холи ҳудуд ҳам, шахс ҳам бўлиши мумкин эмас. Танқид — келажак меваси, дейилиши бежиз эмас. Нафсиламбирини айтганда, мамлакатимиз Президентининг бу борада тутаётган собитқадам сиёсати, матбуот ва сўз эркинлиги қатъият билан кенгайтирилаётгани шу соҳадаги халқаро ташкилотлар, қолаверса, бутун дунёдаги демократик жамоатчилик томонидан тан олинмоқда, эътироф этилмоқда.
Куни кеча ўз ишини тугатган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари арбоблари иштирокида ўтган халқаро конференция бу фикримизнинг яна бир ёрқин тимсоли бўлди.
Шу билан бир қаторда, доно халқимизнинг азалий русм ва тамойилларига кўра, буюк мутафаккир алломаларимизнинг мумтоз асарларида ёрқин акс этгани каби воқеликка, шахс ва унинг тарихдаги ўрнига беғараз нигоҳ билан қараш, яхшини яхши, ёмонни ёмон, демоқ, ютуқлару камчиликларни холис баҳоламоқ ҳам фарздир. Шу муносабат билан ҳазрати Алишер Навоийнинг буюк шоҳ ва беназир аллома Мирзо Улуғбек ҳақидаги қуйидаги маснавийсини келтириб ўтиш жоиз кўринади:
«Темурхон наслидан султон Улуғбек,
Ки олам кўрмади султон анингдек.
Унинг абнои жинси бўлди барбод,
Ки давр аҳли биридин айламас ёд.
Вале ул илм сори топди чун даст,
Кўзи олдида бўлди осмон паст.
Расадким боғламиш зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондир.
Тузиб бу наъв илми осмони,
Ки андин тузди «Зижи Кўрагони.»
Қиёматга дегунча аҳли айём, Ёзарлар анинг аҳкомидин аҳком...»
Яъни ҳукмдорлик қисмати нечоғлик муваффақиятсиз якунланганига қарамасдан у илму фан, бунёдкорлик, эл фаровонлиги борасида амалга оширган ишлар авлодлар хотирасида мангу қолгани бағоят холислик билан ифодалаб берилган. Бу шоҳона байтлардан келиб чиқадиган маъно, фикримизча, ҳар қандай салтанату давлат раҳбари абадиятининг шарту кафолати у амалга оширган оламшумул бунёдкорликлару эзгу ишлардир ва булар ҳақида асрлар оша муқаррар равишда миннатдорлик, фахру ғурур билан эсланажак.
Мулоқотимизни ана шу тарихийфалсафий жиҳатларни эътиборга олган ҳолда давом эттирсак мақсадга мувофиқ бўлур эди. Яъни ҳамонки, сиз давлат раҳбарини ёшлик йиллариданоқ яқиндан билган, унинг порлоқ истиқболига ишонган, бу йўлда имкон қадар қўллабқувватлаган экансиз, у кишининг бугунги фаолияти ҳақида ҳам устозга хос холису талабчанлик билан фикр билдирасиз, деган умиддамиз.
— Ҳа, бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Устозлардаги соғлом фикр, менинг назаримда, шогирдларнинг мавқемартабаси даражасига қараб ўзгариши, яъни кечаги талабчанлик бугун маҳлиёликка, ҳайбаракаллачиликка айланиши фазилат эмас, иллат. Унақа кимсалар устоз, деган шарафли унвонга номуносиб. Ҳамиша, ҳар қандай шароитда ўзининг ҳақ сўзи, виждонию иймонэътиқодига содиқ устозгина нафақат шогирдлари, балки бутун жамоатчилик, элу халқ томонидан эъзозланади. Буюк бобомиз соҳибқирон Амир Темур онҳазратнинг ўз устози ва мураббийси Мирсаид Барака жанобларига нисбатан умрбоқий эҳтироми бунга ёрқин мисолдир. Сабаби, ул устоз дунёнинг ярмисини забт этган, ҳукмдорлар ҳукмдорига ҳам ҳамиша тўғри сўзни айтганлар.
Мамлакатимизнинг бугунги раҳбари ҳам илму фан замиридан етишиб чиққан, сиёсатга ўз билим ва тафаккури орқали кириб келган, замонлар синовида чиниққан давлат арбобидир. Шунинг учун унинг фаолиятига баҳо бермоқчи бўлган ҳар бир инсон ана шуни ҳисобга олган ҳолда, ақлидрок билан ҳаққонийлик ва адолат нуқтаи назаридан мушоҳада қилиши лозим, албатта. Мамлакатимиз демократия тамойиллари устувор бўлган эркин ва фаровон жамият қуриш йўлидан бормоқда. Ленинизм-сталинизм даврларидаги сингари раҳбарларга кўркўрона сиғиниш аҳолида қуллик кайфиятини, иккиюзламачилик ва сохта мадҳиябозликни шакллантириши, муте ва боқиманда қилиб қўйишини, бу эса халқдаги ижодий ташаббускорлик хусусиятини сўндириши, азму иродасини синдириши мумкинлигини тарих, ҳаттоки яқин ўтмишимиз яққол кўрсатди. Шунинг учун юксак технологиялар эраси бошланаётган йигирма биринчи асрда «қўлбола доҳийлар» яратишнинг зарурати йўқ. Айни пайтда, мен тобора кенгайиб бораётган демократик ислоҳотлар, сўз эркинлигини суиистеъмол қилган ҳолда минг машаққату метин ирода билан амалга оширилаётган эзгу ишлардан кўркўрона кўз юмиб, фақат танқидбозликка, илмий тил билан айтганда, нигилизмга берилишга ҳам кескин қаршиман.
Юқорида ўзларингиз тўғри таъкидлаганингиздек, яхшилик, элюрт равнақи йўлидаги оламшумул ишлар ўзининг холис ва ҳаққоний баҳосини олиши, бу ҳақда очиқошкора айтилиши шарт ва зарур, деб ўйлайман. Чунки бу эътироф ана шу йўлда камарбаста бўлган Президентни ҳам каттаю кичик раҳбарлардан тортиб, оддий меҳнаткашгача, яхлит қилиб айтганда, буюк ўзгаришлар сари бел боғлаган халқимизни ҳам руҳлантиради, янада илҳом, ғайратшижоат билан ишлашга ундайди ва ўз иштиёқу интилишларининг тўғрилигига ишонтиради.
Шуни яна бир марта алоҳида эслатиб ўтишни хоҳлардимки, мен катта нуфуз ва обрўэътиборга эга оилада ўсган, илигиям, назариям тўқ, бу ҳаётда ўз олдига қўйган барча юксак мақсадларига эришган, фарзандларию неваралари камолини кўриш насиб этган, тақдиридан мингданминг рози бахтиёр инсонман. Худога шукр, ҳеч кимдан тили қисиқ ёхуд қандайдир мавқемартабаларга даъвогарлик жойим ҳам йўқ. Қолаверса, ҳамиша ўзимни табиатан анча қаттиққўл, ўзига ҳам, бошқаларга нисбатан ҳам жуда талабчан одам, деб ҳисоблаб келганман. Бировга ялтоқланиш, хушомадгўйлик феълимга мутлақо ёт. Шунинг учун ҳамиша кўнглимдаги фикрларни рўйрост айтаман ва сўзларимнинг холислиги ва самимийлигига шубҳаланмасаларингиз ҳам бўлади.
Юқорида сўзланган мисолга қайтадиган бўлсак, мен Шавкат Миромоновичнинг ёшликдаги хислатлари ҳақида бугун унинг ҳозирги мартабасидан келиб чиқиб айтаётганим йўқ. Худди шу фикрлар у ҳали институт ёшлари етакчиси бўлиб ишлаб юрган чоғларда — олий даргоҳимизнинг ярим асрлик тўйига бағишлаб 1984 йилда, яъни бундан қарийб 50 йил олдин чоп этилган «Меҳнат қизил байроқ орденли Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти» номли зарварақ китобда айнан эътироф этилган. Бу мисолда яна бир шарқона ҳақиқат — ҳеч бир инсон бу даражадаги юксак мартабага тасодифан келиб қолиши мумкин эмаслиги, доно халқимиз ибораси билан ифодаласак, бунинг учун унга Оллоҳ назари тушган бўлиши лозимлиги равшан кўринади. Албатта, бу муқаррар тақдир реал рўёбга чиқиши учун беназир ақлзаковат, беқиёс меҳнатсеварлик, ўз Ватани ва она халқига чексиз муҳаббат ва мислсиз фидойилик талаб этилади. Яна бир бор такрорлайман, худди ана шу хислатларни мен эндигина йигирма ёш остонасига қадам қўйган Шавкат Мирзиёев сиймосида аниқ кўрган эдим. Уни учратишим, номзодига тўхталишим ҳам албатта, Яратганнинг иродаси эди. Бандаси сабабчи бўлади, холос. Бинобарин, ўшанда унинг ёшлар етакчилиги лавозимини кўнгилдагидек уддалаш билан бирга долзарб мавзуда илмий иш олиб боргани, кейинроқ институт партия қўмитаси котиби, проректор вазифаларига лойиқ кўрилга- ни, саксонинчи йиллар охири, тўқсонинчи йиллар бошидаги илк демократик сайловларда муваффақиятли қатнашиб, биринчи чақириқ республика Олий Кенгаши депутатлигига сайлангани, парламентнинг илк мажлисидаёқ ундаги масъулиятли комиссиялардан бирига етакчиликка танлангани, шу тариқа сиёсат майдонида ўзини кўрсатиб, туман, икки вилоят ҳокимликларини, мамлакат ҳукуматини бошқаргани ва ниҳоят олий мартаба
— Президентликка муносиб кўрилгани тасодиф эмас, деб ҳисоблайман. Илм ва ишлаб чиқаришни, қолаверса, элу юрт ҳаётини ичкаридан чуқур ўрганган, уни ўзгартириш, ривожлантиришнинг энг мақбул йўлларини яққол тасаввур эта оладиган бундай зиёли ва заҳматкаш инсон, улкан шахснинг ҳокимият тепасига келиши — халқимизнинг бахти, юртимизнинг саодати дейишга тўла ҳаққу асосимиз бор.
— Демак, давлатимиз раҳбарининг Янги Ўзбекистон аҳли олдига бу қадар юксак марраларни қўяётгани, хусусан, жамият ҳаётида Учинчи Ренессанс даврини бошлашга азму шижоат этаётгани бежиз эмас. Шундайми?
— Шак шубҳасиз. Мамлакатимизнинг бугунги Президенти олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатга, аввало, халқимиз, қолаверса, жаҳон аҳли бераётган холис баҳо, ҳаққоний эътирофлар бу фикрни яна бир карра тасдиқлайди. Шу нарса ойнадай равшан бўлиб турибдики, Шавкат Миромонович Мирзиёев Президентлиги даврида Ўзбекистонга тамоман янгича иқтисодийсиёсий, ижтимоиймаънавий, илмиймаърифий иқлим кириб келди. Элу халқимиз ана шу эрувгарчилик иқлимининг илиқ ва тиниқ эпкинларидан эркин нафас ола бошлади. Эркин фикрлаш, эркин сўзлаш муҳити юзага келди. Одамлар уйда бир гапу кўчада бошқа гапни гапирмасдан дарду ҳасратини, муаммоларини очиқошкора айта бошлади. Чунки буни тинглайдиганлар топилди. Халқ билан нафақат Президент қабулхоналари ёки мажлисмашваратларда, балким бевосита маҳалласига, уйига бориб, учрашиб, суҳбатлашиб, арзини эшитиб, муаммосини жойида, вақтида ҳал этиш йўлга қўйилди. Бу кимларгадир, қанақадир майда ишлар бўлиб кўриниши мумкин. Лекин улуғ алломамиз ҳазрати Алишер Навоий ёзганлар- ки, осмонда қуёш бўлиб порлагандан кўра бир камбағальнинг қумғонини қайнатгувчи чўғ бўлган афзалдир. Бошқача айтганда, энг улкан ва мушкул муаммолар ечими халқнинг энг оддий ташвишларини ҳал қилишдан бошланади.
Худди шу маънода аҳолимиз учун энг долзарб ҳисобланадиган, лекин йиллар давомида яширишга уриниб келинган камбағаллик му- аммоси ҳақида очиқча мунозара юритилиб, унга қарши кескин кураш бошланганини чин маънода инқилобий ҳодиса, дейиш мумкин. Худди шу муаммодан келиб чиқувчи аҳолини уйжой билан таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг олдинги ўринларига қўйилгани, қисқа муддат ичида бепоён юртимиз улкан қурилиш майдонига айлантирилиб, узоқ йиллар бошпанасизлик уқубатини бошдан кечирган минглаб, ўн, юз минглаб оилалар Ватан ичра ўзининг мўъжаз ватанига эга бўлганликлари айни ҳақиқат.
Қишлоқ хўжалиги равнақи, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитларини тубдан яхшилаш вазифаси кун тартибининг бошига қўйилди ва дадил саъйҳаракатлар тезда ўз самарасини кўрсатди.
Илмфанга, таълимтарбияга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаргани ҳақида алоҳида, соатлаб, аниқравшан мисоллар билан сўзлаш мумкин. Бошқа кўплаб соҳаларда сезиларли ютуқларга эришилди. Хуллас, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида жонланиш, ўсишўзгариш яққол кўзга ташланмоқда. Буни эътироф этмаслик, тан олмаслик ҳақиқатдан кўз юмиш бўлади. Ташқи сиёсат ҳақида гапириб ўтирмайман. Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи бугун қанчалик ортиб бораётганини халқимиз ҳам, жаҳон афкор оммаси ҳам яққол кўриб турибди.
Бу ҳақда соатлаб гапириш мумкин. Лекин Президентга хос яна бир бетакрор ва муҳим хусусият — унинг эришилаётган натижалар билан асло қониқмаслиги, муваффақиятларга маҳлиё бўлмаслиги, мавжуд аҳволни ҳаққоний, ишларни мунтазам танқидий баҳолашга, ўзи ва командаси олдига мудом бирибиридан мураккаб вазифалар қўйишга, маррани баланд олишга ҳаракат қилишидир.
— Хўш, нега шундай? Бундай тиниб-тинчимаслик, йиллаб дам олмасдан ишлаш, улкан мамлакатнинг у бурчидан бу бурчига қадар қадамба қадам кезиш, эришилган натижалар билан қониқиб хотиржамликка берилиб қолмаслик сабаблари нимада?
— Менинг назаримда, бунинг энг биринчи сабаби, мамлакатнинг бугунги раҳбари мамлакатдаги узоқ йиллар давомида юзага келган аянчли ҳолатни ичичидан чуқур билгани, йиллар давомида йўл қўйилган камчиликларнинг оғриқ азобларини юракюрагидан ўтказгани, ана шу нуқсонлар учун ўзини ҳам масъул, деб билгани ва энг муҳими, бу ҳақдаги ҳақиқатни халқнинг кўзига тик қараб мардонаворлик билан ошкора гапира олгани, ана шу аҳволни тузатишга фидокорона бел боғлаб, оммани ўз жаҳду шиддатига инонтира олгани, ишонтира олгани ортидан эргаштира олганидир. Бинобарин, у шиддатли вақтнинг ҳар бир куни, соатидан оқилона, унумли фойдаланишни, йиллар давомида бой берилган имкониятларни мумкин қадар тезроқ юзага чиқаришни, кўзланган марраларга тезроқ етиб боришни истайди. Мени севинтирадиган ўта муҳим бир жиҳат бор: халқимиз ўз Президентига фақат саройда ўтириб фармони олий имзолайдиган ҳукмдор ёки ҳув баландда — қандайдир қўл етмас жойдаги олиймақом амалдор деб эмас, истаган пайтда ҳар қандай хонадонга кириб келиши, пойгакка туфлисини ечиб, оддий бир деҳқон ёхуд ишчи, қурувчи ёки ўқитувчи оиласи билан бир дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида юракдан мулоқот қилиб, турмушнинг турфа ташвишларини енгишда беминнат амалий ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган яқин одами, жигарбандидек қарамоқда. Унга тўғридантўғри дадил мурожаат этмоқда. Чунки шу мурожаат изсиз кетмаслигига, эътиборсиз қолмаслигига ишончи комил бўлмоқда. Бундай толе ҳар қандай давлат бошлиғига ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизнинг ўз таъбири билан айтганда, одам ўз халқини юракдан севиши, кечаю кундуз унинг ташвиши билан яшаши, унга дармон бўлиши, муаммоларини ечиш йўлида ўзини муттасил қийнаши керак. Ҳеч иккиланмасдан, комил ишонч билан айтаманки, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг характерида худди шундай хислатфазилатлар ўз тажассумини топган. Ўйлайманки, бу характер, бундай азму ирода унинг насли пок, етти аждоди ҳалол меҳнатдан обрў топган сулолага мансублиги, ўзи ҳам болалик, ўсмирлик ва айниқса, ёшликдан заҳ- матларда, изланишлару машаққатларда, мураккаб синовларда чиниқиши натижасидир.
Фикрларимнинг хулосаси сифатида битта истакми, тилакми, талабми, қандай аташ сизларга ҳавола, билдирмоқчиман: мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромоновичга ёвқур ёшлик йилларидан буён хос, айни кунларда ҳам ёрқин намоён бўлаётган битмастуганмас кучғайрат, шиддату шижоат, илмийроқ қилиб айтсам, сўнмас энергия уни ҳеч қачон тарк этмасин!
— Катта раҳмат, домла. Суҳбатимиз якунида ўзингизнинг бугунги илмий амалий ишларингиз, нималар ҳақида бош қотираётганингиз, қандай муаммолар ечими устида тадқиқотлар олиб бораётганингиз хусусида ҳам икки оғиз гаплашсак.
—Маъқул. Юқорида таржимайи ҳолимнинг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан боғлиқ қисмига келиб тўхтаган эдим. Шундан сўнг тақдир тақозосига кўра 1987-1990 йилларда шу институтдаги пахтачиликни кимёлаштириш лабораторияси мудири, 1991 йилдан 2000 йилгача Тошкент Фармацевтика институти ректори, шу билан бир пайтда 1992-1993 йилларда «Ўзфармсаноат» ДАК бошқаруви раиси, 2007-2017 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти директори маслаҳатчиси бўлиб ишладим. Шу давр мобайнида кимё бўйича ўз шахсий илмий мактабимни яратдим, тиббиёт соҳасида янги дори воситалари ишлаб чиқариш учун фармацевтика корхонаси ташкил этдим, қишлоқ хўжалиги соҳасида пахтачилик, ғаллачиликни ривожлантиришда ўз ихтироларимни амалиётга татбиқ этишга қаратилган ишлаб чиқариш корхонаси очдим. Унда буғдой уруғи ва пахта чигити зараркунандаларига қарши полифунксионал «Баҳор» ва «Қалқон» препаратларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу дори воситалари республикада амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, 2017 йилда очилган «Навкар Ш» МЧЖ фармацевтика корхонамизда қаттиқ дори шакллари(таблетка, капсула) ва минерал тузлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Хуллас, иш кўп, вақт тиғиз, худо умр, тинчлик ва саломатлик берса, келгусидаги режаларимиз ҳам бир талай.
— Ғайрат шижоатингизга кўз тегмасин, домла. Кўзлаган эзгу мақсадларингизга эришишингизга, элимизнинг пиру бадавлат нуроний отахонлари сафида ҳамиша соғсаломат, бардамбақувват бўлиб юришингизга тилакдошмиз. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатдошлар: Шароф УБАЙДУЛЛАЕВ,
Ҳабиб ТEМИРОВ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари