Аҳолини хатарлардан ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилади
Ижтимоий ҳимоя тизимини замон талабларига мос равишда ривожлантириш аҳоли манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда халқаро тажрибадан фойдаланиш ва самарали ёндашувларни миллий амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ЮНИСЕФ вакиллари билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон Республикасининг Адаптив ижтимоий ҳимоя стратегиясини ишлаб чиқишга доир ёндашувлар атрофлича кўриб чиқилди. Унда иқлимий, табиий ва иқтисодий хатарларни ҳисобга олган ҳолда аҳолини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига урғу берилди.
Томонлар турли хавфлар шароитида аҳоли ва хўжаликларнинг барқарорлигини таъминлаш, зарур ижтимоий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда бу борада давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига эътибор қаратди.
Шу билан бирга, стратегияни тайёрлашнинг кейинги босқичлари ҳам белгилаб олинди. Хусусан, манфаатдор томонлар билан учрашувлар ўтказиш, хорижий тажрибани ўрганиш ва ҳужжатни амалиётга татбиқ этиш жараёнида Ўзбекистон учун энг долзарб бўлган фавқулодда, табиий ҳамда иқлим билан боғлиқ хавфларни аниқлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Учрашув сўнггида мазкур йўналишдаги ишларни биргаликда давом эттириш, стратегия лойиҳасини такомиллаштириш ва адаптив ижтимоий ҳимоя механизмларини амалиётга самарали жорий этиш бўйича ҳамкорликни изчил олиб боришга қарор қилинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА