Аҳоли мурожаати депутат томонидан ҳал этилди
Фуқаролар мурожаати ва ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларнинг амалий ечимини таъминлаш депутатлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ольга Ниязовага Нукус шаҳридаги “Янги замон” ва “Қосқул” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги йўллар ҳолати бўйича сайловчилардан мурожаатлар келиб тушган. Хусусан, “Ҳарбий шаҳарча” кўчаси ҳамда 28-сонли йўналишдаги микроавтобуслар ҳаракатланадиган ҳудуддаги асфальт йўлларнинг эскириб, таъмирталаб ҳолга келгани аҳоли ва жамоат транспорти ҳайдовчилари учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани таъкидланган.

Мазкур масала депутатлик сўрови орқали Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари бош бошқармасига йўналтирилиб, унинг ижобий ҳал этилиши юзасидан тегишли чоралар кўрилди. Натижада муаммоли ҳолатда бўлган кўчада асфалтлаш ишлари бошланиб, аҳоли ва транспорт воситалари ҳаракати учун қулай шароит яратилмоқда.
Бу каби натижалар депутатлик сўровининг аҳоли мурожаатларини амалий ечимга йўналтириш, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни масъул ташкилотлар эътиборига етказиш ва уларнинг бартараф этилишини назорат қилишдаги аҳамиятини яна бир бор кўрсатади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири