Аҳоли муаммоларига амалий ечим: Халқ банкида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати
Жорий йилда Халқ банки томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, кўтарилган масалаларга амалий ечим топиш ва аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш борасида олиб борилган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.
Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш – аҳоли муаммолари, таклиф ва эҳтиёжларини ўрганишнинг муҳим воситаси ва банк фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Шу мақсадда ўтказилган брифингда ҳисобот даврида Халқ банкига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг январь-июль ойларида Халқ банкига жисмоний ва юридик шахслардан жами 11 минг 32 та мурожаат келиб тушган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 8 минг 205 таси (74 фоизи) ижобий ҳал этилган бўлса, 2 минг 27 та мурожаат юзасидан фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилган.
Мурожаатларни қабул қилиш манбаларига эътибор қаратиладиган бўлса:
8 минг 859 таси – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали қабул қилинган (ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 461 тага ёки 5 фоизга камайган);
1 минг 551 таси – юқори турувчи идора ва ташкилотлардан;
622 таси – бевосита банкка келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатларнинг соҳалар бўйича тақсимотида асосий қисмни кредит масалалари ташкил этди. Жумладан, жами мурожаатларнинг 56 фоизи – 6 минг 238 таси кредитлар билан боғлиқ. Шунга қарамай, ижтимоий тўловлар бўйича 1 минг 882 та, банк карталари юзасидан 1 минг 48 та мурожаат, шунингдек, банк кассалари, банкоматлар ва тўловлар бўйича ҳам мурожаатлар қайд этилган.
Аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш мақсадида Халқ банки раҳбарияти томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида 24 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди. Ушбу тадбирларда 425 нафар фуқаро ва тадбиркор иштирок этди. Сайёр қабулларда кўтарилган 157 та масаланинг 132 таси (84 фоизи) жойида ижобий ҳал этилди, қолган 25 та масала юзасидан эса атрофлича тушунтиришлар берилди.
Брифинг якунида таъкидланганидек, эришилган бу каби натижалар Халқ банкида фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда аҳоли билан очиқ ва шаффоф мулоқотни янада мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилаётганидан далолат беради.
Халқ банки Ахборот хизмати