Нурилло Мамасодиқов: мукофот – хусусий тиббий таълимга эътироф (+видео)
Нурилло Мамасодиқов – сўнгги йилларда тиббиёт ва тиббий таълим соҳасида ўз ўрни ва фаолияти билан танилган олим, ташкилотчи ва раҳбар. Унинг ташаббуси ва муассислиги билан Фарғонада «Central Asian Medical University» нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилди.
Ўтган қисқа вақт давомида мазкур олий таълим муассасаси нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ўз ўрнини топиб, етакчи таълим даргоҳлари қаторига қўшилди. Университетда замонавий таълим инфратузилмаси яратилгани, малакали профессор-ўқитувчилар фаолият юритаётгани, талабаларнинг назарий билимлари амалиёт билан уйғунлаштирилаётгани таълим жараёнининг муҳим жиҳатларидир.
Ўқитиладиган касб инсон ҳаёти билан боғлиқ. Шунинг учун энг кичик амалиёт, даволаш усуллари ҳам талабага университетнинг симуляция марказида пухта ўргатилади. Шундан сўнггина навбатдаги босқич унинг клиник шифохонасида давом эттирилади. Бу йилдан эса ўқув дастурларида янгилик жорий этилади.

– Тиббиётда адашиш мумкин эмас. Шунинг учун амалиёт ва таълим чамбарчас боғлиқликда ўқитилади, – дейди Нурилло Мамасодиқов. – Президентимиз бу йилдан тиббиётда назарий таълимдан сўнг резидентура ташкил этиш топшириғини берди. Қолаверса, у 100 фоиз давлат томонидан молиялаштирилади. Таълимнинг бу турида банд бўлганларда 3,5 млн сўм стипендия ҳам берилади. Биз бу борада Англия ва Америка университетлари тажрибасини қўлламоқчимиз.
Нурилло Мамасодиқов соҳа ривожи, тиббий таълим сифати ва тизимдаги янгиликлар устида изланишдан тўхтамайди. Унинг раҳбарлигидаги университетда эришилаётган натижалар, шунингдек, мамлакатимиз хусусий таълим ва тиббиёт муассасалари салоҳиятининг ортиб бораётгани соҳада янги имкониятлар эшигини очмоқда. Жумладан, 2027 йил 1 январдан хусусий тиббиёт муассасаларига ҳам инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш амалиётини бажариш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган.
– 2027 йил 1 январдан инсон аъзоларини кўчириб ўтказиш ҳуқуқининг хусусий тиббиёт муассасаларига ҳам берилиши биз учун катта ишончдир. Дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда бу соҳани ривожлантириш ниятидамиз. Жумладан, АҚШдаги ҳамкоримиз Питтсбург университети, Ҳиндистоннинг «Аполо» клиникаси, Озарбайжоннинг «Олмос» клиникаси ва тиббиёт академияси билан биргаликда ушбу йўналишда иш олиб боришни режалаштирганмиз, – дейди Нурилло Мамасодиқов.

Шундай қилиб, тиббий олий даргоҳ ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Энди унда кенгайиш жараёни бошланди. Яқинда Президент ташаббуси билан университетнинг Қорақалпоғистонда тиббиёт академияси деб аталувчи филиали очилди.
– Оролбўйи ҳудудидаги беморлар даволанишига Президентнинг қайғуриши натижаси эди бу, – дейди “Сentral Asian medical university” нодавлат таълим муассасаси муассиси Нурилло Мамасодиқов. – Хусусий секторга бундай эътибор ҳеч қачон бўлмаган. 10 йил аввал хусусий тиббиётга 50 га яқин амалиётга рухсат берилган эди. Ҳозир эса улар сони 200 га етди. Ҳатто юқори тиббий технологиялар иштирокида бажариладиган жарроҳлик амалиётлари ҳам шулар жумласидандир.
Нурилло Мамасодиқов соғлиқни сақлаш тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўлидаги хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони доирасида “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. Бундай эътироф уни янги марралар сари руҳлантирди.
– Бу йилдан университетимизда докторантура очилди. Илмий кенгаш очилиши арафасида турибмиз. Олий аттестация кенгаши тасдиқлаган илмий журналимиз бор. Олдимизда соҳани ривожлантиришнинг жиддий ва мураккаб вазифаларини қўйганмиз. Жамоамиз билан уларни бажаришга ҳаракат қиламиз.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА