Кун совимоқда — боғча ва мактаблар мавсумга тайёрми?
Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ижтимоий соҳа объектларини куз-қишга тайёрлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида олиб бораётган ўрганишлари давомида айни масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Айниқса, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг куз-қишга шайлиги, совуқ кунларда хона ва синфларни, спорт залларини иситиш учун кўрилаётган тайёргарлик ҳолатлари халқ вакилларининг эътибор марказида бўлмоқда.
Жумладан, депутат Ноиба Иноятова Қарши шаҳридаги 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, қиш мавсумида мазкур ижтимоий объектнинг барқарор ишлаши, болажонларга яратилган шарт-шароитлар, экологик тарбиянинг йўлга қўйилгани каби масалаларни ўрганди.

360 ўринли ушбу таълим ташкилотида 12 та гуруҳда 245 нафар бола тарбияланмоқда. Совуқ кунларда болаларга қулай ва иссиқ шароит яратиш уларнинг саломатлигини асрашда муҳим.
Шу боис, депутат иситиш тизимларининг белгиланган қоидалар асосида самарали ишлаши масаласини МТТ мутасаддилари билан муҳокама қилди. Шунингдек, газ ва иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш, носоз ускуналарни ишлатиш, мўриларни ўз вақтида тозаламаслик ҳамда шамоллатиш тизимларининг созлигига етарлича эътибор бермаслик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.
Яна бир депутат О.Отамуродов Гурлан тумани 16-умумий ўрта таълим мактабида олиб борган ўрганишлари давомида ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар, мактабнинг моддий-техник базаси ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди. Мактабдаги кўмир захираси ва унинг сақланиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди.

540 ўринга мўлжалланган мазкур мактабда бугунги кунда 702 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Олис ҳудудлардан, жумладан, 6 километр узоқликдан қатнаб таълим оладиган ўқувчилар учун мактаб филиали ташкил этилган.
Халқ вакили ўқувчилар учун қулай таълим шароитларини яратиш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз тавсияларини билдирди.
Нурота туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида бўлган депутат Ботирали Шодиев ҳам таълим муассасасининг 2026-2027 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатига алоҳида эътибор қаратди. 330 ўринли мазкур таълим муассасасида айни пайтда 157 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқувчиларга 26 нафар педагог таълим-тарбия бериб келмоқда.

Ўрганиш давомида таълим муассасасининг қиш мавсумида барқарор фаолият юритиши, синфхоналарида ўқувчилар учун муносиб ҳароратни таъминлаш, иситиш тизимининг ҳолати ҳамда зарур ёқилғи захираларини шакллантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА