Аҳоли даромадининг янги манбаи
Сирдарё вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Бугун вилоятда минглаб хонадонлар ва юзлаб тадбиркорлик субъектлари электр энергиясини нафақат истеъмол қилмоқда, балки уни ишлаб чиқариб, умумий электр тармоғига сотиш орқали қўшимча даромад ҳам олмоқда. Бу эса "яшил иқтисодиёт" тамойиллари аҳоли фаровонлигини таъминлаш, энергетика тизими самарадорлигини ошириш ва экологик барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омилга айланаётганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда вилоятда қуёш энергетикасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада аҳоли хонадонлари, давлат муассасалари ва тадбиркорлик субъектларида қуёш панеллари кенг жорий этилди. Айни пайтда умумий қуввати 78 минг 430 киловатт бўлган қуёш электр қурилмалари фаолият юритмоқда. Шундан 12 минг 434 киловатти аҳоли хонадонлари, 65 минг 996 киловатти эса давлат муассасалари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келади.
Бу рақамлар вилоятда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш кўлами тобора кенгайиб бораётганини кўрсатади. Энг муҳими, электр энергияси истеъмолчилари босқичма-босқич уни ишлаб чиқарувчига айланиб, ўз эҳтиёжидан ортиқ электр энергиясини умумий тармоққа етказиб бериш орқали қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўлишмоқда.
Бу жараёнда “Қуёшли хонадон” дастури муҳим ўрин тутмоқда. “Солиқ” мобиль иловаси орқали келиб тушаётган мурожаатлар сонининг ортиши аҳолининг дастурга қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради. Жорий йилнинг ўзида 294 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Шу кунга қадар Сирдарё вилоятидаги хонадонлар томонидан умумий электр тармоғига 5 миллион 903 минг 537 киловатт-соат электр энергияси етказиб берилди. Бунинг учун давлат бюджети ҳисобидан 5 миллиард 903 миллион 537 минг сўм маблағ тўланди. Бу эса қайта тикланувчи энергия манбалари нафақат экологик аҳамиятга, балки аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилаётган самарали иқтисодий механизмга айланганини кўрсатади.
Қуёш энергетикасининг иқтисодий самарасидан давлат муассасалари ва тадбиркорлик субъектлари ҳам кенг фойдаланмоқда. Айни пайтда 1 404 нафар истеъмолчи “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан шартнома асосида фаолият юритмоқда. Улар томонидан ўрнатилган қуёш электр станцияларининг умумий қуввати 40,6 мегаваттни ташкил этиб, шу кунга қадар тармоққа 10,9 миллион киловатт-соат электр энергияси узатилди.
Соҳадаги иқтисодий кўрсаткичлар ҳам жадал ўсишни намоён этмоқда. Агар 2024 йилда тармоққа узатилган электр энергияси учун қарийб 500 миллион сўм тўланган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 9 миллиард 246 миллион сўмдан ошди. Яъни қисқа вақт ичида тўловлар ҳажми 18 баробардан зиёд кўпайди. Бу қайта тикланувчи энергия манбаларига инвестициялар, ишлаб чиқариш қувватлари ва соҳага қизиқиш изчил ошиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Энергосавдо” филиали Сирдарё бўлинмасининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ҳисобга олиш бўлими бошлиғи Рустам Анорқуловнинг таъкидлашича, қуёш панеллари бугун нафақат электр энергиясини тежаш, балки аҳоли ва тадбиркорлар учун барқарор даромад манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Илгари аксарият фуқаролар қуёш панелларини электр харажатларини камайтириш воситаси сифатида қабул қилар эди. Бугун эса улар ортиқча электр энергиясини тармоққа сотиш орқали қўшимча даромад олиш мумкинлигини амалда кўрмоқда. Бу қайта тикланувчи энергия манбаларига қизиқишни янада оширмоқда, — дейди мутахассис.
Бунинг амалий исботини Боёвут туманида яшовчи Акромжон Азизқулов мисолида кўриш мумкин. У ўрнатган 50 киловаттли қуёш электр станцияси бир ойда 6 105 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Шундан бир қисми хонадон эҳтиёжлари учун сарфланиб, қарийб 2 миллион сўмлик электр энергияси харажатининг олди олинди. Қолган 2 452 киловатт-соат электр энергияси умумий тармоққа узатилиб, 2 миллион 450 минг сўм қўшимча даромад келтирди. Шу тариқа, қуёш электр станцияси бир ойнинг ўзида 4 миллион 415 минг сўмлик иқтисодий самара берди.
Шунга ўхшаш натижалар тадбиркорлик субъектларида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Янгиер шаҳридаги “Умиджон-Савдо-2019” корхонасида ўрнатилган 30 киловаттли қуёш электр станцияси ишлаб чиқариш эҳтиёжининг катта қисмини қоплаш билан бирга, ортиқча электр энергиясини умумий тармоққа сотиш ҳисобига ҳар ой 4 миллион 208 минг сўм қўшимча даромад келтирмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қайта тикланувчи энергия манбаларига киритилган сармоя нисбатан қисқа муддатда ўзини оқлайди. Бу орқали электр энергияси учун харажатлар қисқаради, қўшимча даромад шаклланади, энергетика тизимидаги юклама камаяди, табиий ресурслар тежалади ва атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшилади.
Бугун Сирдарё вилояти тажрибаси қайта тикланувчи энергия манбалари экологик барқарорликни таъминлаш билан бирга аҳоли даромадларини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва энергетик хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим омилга айланаётганини яққол намоён этмоқда. Томларга ўрнатилаётган ҳар бир қуёш панели энди фақат электр энергияси эмас, балки янги иқтисодий имкониятлар, барқарор даромад ва «яшил иқтисодиёт» сари ташланган ишончли қадамнинг ҳам рамзига айланмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири