Агробанк Ўзбекистонда биринчи бўлиб мобил Эскроу хизматини ишга туширди
Миллий матбуот марказида "Агробанк" АТБ томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.Миллий матбуот марказида "Агробанк" АТБ томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган матбуот анжуманида банк тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рақамли трансформация жараёнлари ҳамда банк хизматлари бозорини кенгайтиришга қаратилган стратегик вазифалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда молия-банк тизимини модернизация қилиш, рақамли хизматлар кўламини кенгайтириш ва аҳоли ҳамда бизнес субъектлари учун қулай рақамли муҳит яратиш устувор вазифалардан бирига айланган. Шу мақсадда Агробанк томонидан замонавий технологияларга асосланган кенг қамровли трансформация жараёнлари изчил амалга оширилмоқда.
Матбуот анжуманида банк республикада биринчи марта Эскроу хизматини мобил платформа орқали йўлга қўйгани алоҳида қайд этилди. Мазкур хизмат молиявий операцияларда хавфсизлик ва ишончлиликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шунингдек, банкнинг 2026 йилгача мўлжалланган стратегик ривожланиш дастури доирасида ишлаб чиқилган “Agrozamin Super App” рақамли экотизими ҳақида ҳам маълумот берилди. Янги авлод рақамли платформаси молиявий хизматлар, нобанк хизматлари, савдо платформалари ҳамда сунъий интеллект технологияларини бирлаштирган бўлиб, у кичик ва ўрта бизнес вакиллари, корпоратив мижозлар, фермер хўжаликлари ҳамда агросаноат субъектлари учун комплекс хизматларни тақдим этади.

- Келгусида мазкур платформа орқали тадбиркорлар учун бизнесни онлайн рўйхатдан ўтказиш, электрон ҳужжат алмашинуви, бухгалтерия ва юридик хизматлар, логистика ечимлари ҳамда CRM тизимларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам яратилади, - дейди “Агробанк” АТБ бошқарув раисининг ўринбосари Жамшид Турдиев. - Бу эса бизнес жараёнларини янада соддалаштириб, ягона рақамли муҳитда комплекс хизматлардан фойдаланиш имконини беради. Шуни ҳам алоҳида айтиш жоиз, банкнинг B2B сегментидаги улушини ошириш бўйича мақсадлар белгиланган. Айни пайтда мазкур кўрсаткич 9 фоизни ташкил этаётган бўлса, йил якунига қадар уни 15 фоиздан юқори даражага етказиш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида Агробанк ташаббуси билан ташкил этилган Рақамли иқтисодиёт ва агротехнологиялар университети фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, UDEA Coventry University билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйгани, талабалар Ўзбекистонда таҳсил олган ҳолда Британия университети дипломини қўлга киритиш имкониятига эга экани таъкидланди.

Бундан ташқари, университетда иқтидорли талабаларни грант асосида қўллаб-қувватлаш тизими ҳам жорий қилинган.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Агробанк томонидан амалга оширилаётган рақамли трансформация жараёнлари банк хизматларини янги босқичга олиб чиқиш, молиявий хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг тезкор ҳамда шаффоф бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ташаббуслар орқали замонавий билим ва халқаро стандартларга мос мутахассислар тайёрлаш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ёшлар учун янги имкониятлар яратиш мақсад қилинган.
Агробанк келгусида ҳам янги лойиҳалар ва стратегик дастурлар орқали рақамли иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшишни давом эттириши маълум қилинди.
Шаҳноза Маматуропова,
Носиржон Ҳайдаров (cурат), ЎзА