Аграр соҳада халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Шу кунларда хизмат сафари билан Италияда бўлиб турган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигидаги делегация ташриф доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО) Бош қароргоҳида бўлиб, ташкилотнинг Бош директори биринчи ўринбосари Маурицио Мартина билан учрашув ўтказди.
Очиқ мулоқот, ўзаро ҳурмат руҳида кечган суҳбат аввалида томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги дўстона муносабатлар, айниқса, савдо-иқтисодий ва аграр соҳалардаги алоқалар изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Тошкент вилояти ҳокими самимий қабул ва мулоқот учун миннатдорлик билдириб, бугунги кунда Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ресурс тежамкор ёндашувларни кенг жорий этиш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири эканини қайд этди.
Шу нуқтаи назардан, мазкур нуфузли ташкилот билан ҳамкорликда сув тежовчи технологияларни жорий этиш, иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалиги ечимлари, ветеринария ва фитосанитария йўналишидаги илғор тажрибаларни алмашиш борасида фикрлашилди. Шунингдек, ташкилотнинг фермерлар ва мутахассислар учун малака ошириш дастурлари Тошкент вилояти учун алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.

Маълумки, FАО БМТнинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш соҳасидаги энг йирик халқаро тузилмаси бўлиб, аграр соҳада ислоҳотлар ва инвестициявий лойиҳалар учун муҳим ҳамкор ҳисобланади. 2025 йилда Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта ушбу нуфузли орган таркибига бир овоздан сайланган эди.
Мулоқот давомида Тошкент вилояти учун истиқболли ҳисобланган интенсив қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, агрологистика тизимини такомиллаштириш, агромаҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш борасидаги масалалар кўриб чиқилди. Айниқса, иқлим ўзгаришига мос агротехнологияларни татбиқ этиш ҳамда фермерлар малакасини ошириш каби йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан сўз юритилди.

Томонлар Тошкент вилоятида ушбу ташкилот билан ҳамкорликда пилот лойиҳалар ва инновацион дастурларни амалга ошириш, халқаро тажрибани амалиётга кенг татбиқ этишдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирди. Бу мулоқот қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.

А. Мусаев, ЎзА