Афғонистонда Марғиноний илмий меросига бағишланган халқаро конференция ўтказилмоқда
Жорий йилнинг 3–7 октябрь кунлари Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида «Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигидаги диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Анжуманнинг асосий тадбирларида буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг ислом ҳуқуқшунослиги ва фиқҳ илми ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, унинг бой илмий меросининг бугунги исломшуносликдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.


Тадбирда алломанинг «Бидоят ал-мубтадий», «Кифоят ал-мунтаҳий» ва 13 йил давомида сайқал бериб ёзилган машҳур «Ал-Ҳидоя» асарлари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, «Фатаво ан-Навазил», «Маносик ал-ҳаж», «Мазид фий фуруъ ал-фиқҳ» ва «Кашф ал-осор» каби асарлари ҳам асрлар давомида Шарқ ва Ғарбдаги мадрасаларда муҳим илмий манба сифатида хизмат қилиб келаётгани таъкидланди.
Конференцияда Ўзбекистон ва Афғонистон халқларини боғлаб турувчи тарихий, илмий ва маънавий алоқаларни янада ривожлантириш, муштарак илмий-маданий меросни чуқур ўрганиш ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.


Қайд этилганидек, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро минбарларда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар илгари сурилаётгани, шунингдек, Балҳ вилоятида Имом ал-Бухорий мадрасаси барпо этилаётгани қайд этилди.
Конференция доирасида иштирокчиларга Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳаёти ва илмий меросига бағишлаб чоп этилган янги китоб тақдим этилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Кобул шаҳридаги «Калимот» илмий-тадқиқот маркази, Кобул миллий музейи, шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғи ва мақбарасида бўлиб, ушбу масканларнинг фаолияти ва тарихий аҳамияти билан танишди.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА