Адлия вазирлиги: биринчи ярим йиллик натижалари муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йилнинг I ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Унда таъкидланганидек, вазирликнинг асосий вазифаларидан бири ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, норма ижодкорлиги ишларини мувофиқлаштириш, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Хусусан, жисмоний ва юридик шахслардан вазирлик, шаҳар ва туман адлия бўлимларига жами 2 минг 640 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 минг 721 та мурожаат қаноатлантирилиб, фуқароларнинг ҳуқуқи тикланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали 308 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 182 таси ижобий ҳал этилган. Судларга 481 та даъво ариза киритилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Мурожаатларнинг аксарияти меҳнат, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, давлат хизматлари кўрсатиш ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш соҳалари билан боғлиқ эканлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, "ijro.gov.uz" тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳудудлардаги давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган топшириқлар ижроси ҳар ойда таҳлилдан ўтказилиб, натижаси бўйича тегишли чоралар кўриш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига киритилмоқда.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш соҳасида вазирлик томонидан давлат органлари ва ташкилотларида қонунчиликнинг тўғри тартибга солиниши устидан доимий мониторинг олиб борилмоқда. Бунинг натижасида, I ярим йиллик давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 11 минг 477 та ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди. Ушбу аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 549 та тақдимнома, 35 та огоҳнома киритилди. 450 та давлат органи ва ташкилотида ўрганишлар ўтказилиб, мансабдор ва масъул ходимлардан 376 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. Киритилган тақдимномаларга асосан фуқароларнинг 669 миллион сўм маблағи қайтарилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ижросини назорат қилиш соҳасида I ярим йиллиги давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 57 та ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди. Қонунбузарликни бартараф этиш бўйича 3 та тақдимнома, 2 та огоҳнома киритилди. Давлат органлари ва ташкилотларида 233 та мониторинг ўтказилди. Мансабдор ва масъул ходимлардан 2 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.
Юридик хизмат кўрсатиш соҳасида ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 67 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус, 229 та адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилди. 2026 йилнинг биринчи ярмида жами 21 нафар адвокат ўз фаолиятини бошлади.
Шаҳар ва туман адлия бўлимлари таркибида 17 та Юридик хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилди. Бугунги кунда марказлар томонидан 20 та давлат идорасига, 726 та давлат умумтаълим мактабига, 436 та давлат мактабгача таълим ташкилотига ҳамда 97 та кўп тармоқли марказлашган ва оилавий поликлиникага юридик хизматлар кўрсатилмоқда. Шу давр мобайнида юридик хизмат кўрсатиш марказларига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун 344 минг 375 та ҳужжат лойиҳаси келиб тушган бўлиб, шундан 340 минг 206 та ҳужжатга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича ижобий хулоса берилган бўлса, 619 та ҳужжатга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги учун салбий хулоса берилди. 3 минг 550 та ҳужжатда хато ва камчилик мавжудлиги сабабли, қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида жами 637 та нодавлат нотижорат ташкилоти, шунингдек, 67 та диний ташкилот ҳамда 16 та ҳакамлик суди ўз фаолиятини кўрсатиб келмоқда. Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар билан боғлиқ барча давлат хизматларини кўрсатиш e-ngo.uz сайти орқали тўлиқ амалга оширилмоқда.
Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ органлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида ҳудудда 17 та давлат хизматлари маркази ҳамда уларнинг олис ҳудудларда жойлашган 8 та филиали томонидан аҳолига давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Давлат хизматлари марказлари 17 та туман ва Нукус шаҳрида янги қурилган замонавий ва барча қулай шароитларга эга бино билан таъминланди.
Ҳар бир қилинган иш ортида инсон ва жамият манфаати турганини чуқур англаган ҳолда, келгусида фаолият янада масъулият билан давом эттирилиб, жамиятда қонунийликни янада мустаҳкамлашга ҳамда инсон ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашнинг барча чоралари кўрилишига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.
Матбуот анжумани якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири