Адлия тизими олдидаги янги вазифалар
Жорий йил 14 август куни қабул қилинган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди.
Мазкур Фармон замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда фуқаронинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдек жуда катта стратегик мақсадлар мужассам.
“Одил судлов – 2030” стратегиясининг бош ғояси — инсон учун адолатли, очиқ, қулай ва ишончли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришдир. Фармонда “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби устувор йўналишларнинг белгиланиши ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади, десак адашмаймиз.
Энг муҳими, мазкур ёндашув адолат тушунчасини фақат суд залида қабул қилинадиган қарорлар билан чекламайди. Чунки инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси судга мурожаат қилиш имкониятидан анча олдин — қонун қабул қилинаётган, давлат органи қарор чиқараётган, давлат хизмати кўрсатилаётган ва фуқарога ҳуқуқий ахборот берилаётган жараёндан бошланади. Шу маънода, одил судловни таъминлаш суд ҳокимияти билан бир қаторда ҳуқуқий сиёсатни амалга оширувчи барча институтлар, хусусан, адлия тизими зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Адлия тизими учун мазкур Стратегиянинг аҳамияти шундаки, у қонун устуворлигини таъминлашда адлия органларининг профилактик ва тизимли вазифаларини янада долзарблаштиради. Фуқаро судга мурожаат қилганидан кейин унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш муҳим, албатта.
Фармонда Адлия вазирлигига Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш доирасида айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколатларини маъмурий органларга ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юкланган. Бу вазифа маъмурий ҳуқуқ соҳасида инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларни янада аниқ ва самарали ҳуқуқий асосда тартибга солиш нуқтаи назаридан муҳимдир.
“Одил судлов – 2030” стратегиясида рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Бугун фуқаро давлат органига мурожаат қилганда ортиқча ҳужжатбозлик, навбат ва оворагарчиликка дуч келишни эмас, тезкор ва сифатли ҳуқуқий ечим олишни истайди. Шу боис рақамли технологияларни жорий этишнинг мақсади технологиянинг ўзи эмас, балки инсоннинг вақтини, маблағини ва ортиқча оворагарчилигини камайтиришдан иборат бўлиши керак.
Бу ёндашув адлия тизими учун ҳам жуда муҳим. Ҳуқуқий ахборотни электрон шаклда етказиш, ҳуқуқий хизматларни рақамлаштириш, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятларини кенгайтириш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш жараёнларида рақамли механизмлардан фойдаланиш инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий воситаларидир.
Аҳолига ҳуқуқий ахборот беришни фақат қонунчиликдаги янгиликларни маълум қилиш билан чеклаб бўлмайди. Ҳуқуқий ахборот инсонга унинг кундалик ҳаётида керак бўлган пайтда ва ўзига тушунарли шаклда етказилиши керак. Бунинг учун маҳалла, таълим муассасалари, давлат хизматлари марказлари, оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар имкониятларидан янада самарали фойдаланиш зарур.

Бугун адлия тизими олдида турган вазифа ҳам шундан иборат: суд-ҳуқуқ ислоҳотларини четдан кузатувчи эмас, балки унинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамловчи, қонунчиликни инсон манфаатларига янада яқинлаштирувчи ва фуқаронинг ҳуқуқий имкониятларини кенгайтирувчи тизим сифатида фаолият юритишдир.
“Одил судлов – 2030” стратегияси биздан, энг аввало, янгича ёндашувни талаб қилади. Қонунни шунчаки қабул қилиш эмас, унинг инсон ҳаётида қандай ишлаётганига баҳо бериш; ҳуқуқий хизматни шунчаки кўрсатиш эмас, уни фуқаро учун қулай ва самарали қилиш; ҳуқуқий ахборотни шунчаки тарқатиш эмас, уни ҳар бир инсон тушунадиган шаклда етказиш — бугунги адлия тизимининг асосий мезонларидан бири бўлиши керак.
Адолат фақат суд қарорининг мазмунида эмас. У қонуннинг сифатида, давлат органининг муносабатида, ҳуқуқий хизматнинг очиқлигида, фуқаронинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олишида ҳам намоён бўлади.
Абдумуталиб Дадажонов,
Тошкент вилояти адлия
бошқармаси бошлиғи, ЎзА