“Adani Group” Ўзбекистондаги гидроэнергетика лойиҳаларига қизиқиш билдирди
Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегация ва “Adani Group” корпорацияси мутасаддилари ўртасида учрашув ўтказилди.
Мулоқотда гидроэнергетика соҳасида ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, замонавий технологияларни жорий этиш, янги энергетика объектларини барпо этиш ва ўзаро манфаатли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Adani Group” асосчиси Гаутам Адани Ўзбекистонда янги ГЭСлар ва гидротўплаш электр станцияларини барпо этишга қаратилган истиқболли лойиҳаларга инвестиция киритишга корпорация катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Делегация таркибида иштирок этган “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Азимжон Аҳмаджоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасида инвестициявий имкониятлар кенгайиб, хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик янада ривожланмоқда.
– Гидроэнергетика соҳасини ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик ҳар жиҳатдан амалий аҳамиятга эга. Шу маънода, “Adani Group” корпорацияси билан ўтказилган мулоқот соҳага замонавий технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш учун янги имкониятлар очади, – деди А. Аҳмаджонов.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, томонлар мустаҳкам лойиҳавий ҳамкорлик механизмларини шакллантириш, истиқболли инвестицион ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА