“Адабиёт дарслари” ҳужжатли фильмининг тақдимоти ўтказилди
Устоз Абдулла Орипов ижодига бағишланган телекўрсатувлар, ҳужжатли фильмлар, бадиий картиналар, қизиқарли медиа материаллар шоир ижоди, ҳаёти билан янада кенгроқ танишиш имконини беради.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Aбдулла Орипов таваллудининг 84 йиллигига бағишланган “Aдабиёт дарслари” ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжатли фильм “Дўстлик” ордени соҳиби, режиссёр, оператор, Саидботир Aҳмадхўжаев томонидан суратга олинган.
Тадбирда Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам Aбдулла Ориповнинг ҳозирги ўзбек адабиёти ва замонавий таржимашунослик ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталди.

Хусусан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева Aбдулла Орипов феномени, кутубхонада шоир билан бўлиб ўтган қатор ижодий учрашувлар, адабий кечалар ва интервьюларни хотирлади.
Ҳужжатли фильмда Aбдулла Ориповнинг жонкуяр ижодкор ва ғамхўр устозлиги, фидойи дўст ва халқ суйган шоир экани яна бир бор эътироф этилган.

Унда Aбдулла Орипов замондошлари, шогирдлари ва издошлари ўз хотираларида шоир шеъриятининг фалсафаси, маъноларга бойлиги, миллий ғурур, диний эътиқод, ахлоқий талабчанлик ва исёнкор руҳга йўғрилганини эътироф этдилар.

Таниқли хонанда Хожиакбар Ҳамидов ижросидаги қўшиқлар тадбирга байрамона кайфият бахш этди.
Н.Усмонова, ЎзА