72 мингга яқин абитуриент учун синовли палла
Бугундан республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Самарқанд вилоятида ҳам 2026-2027 ўқув йили учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовлари бошланди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлимининг маълумотларига кўра, бу йил вилоятда 71848 нафар абитуриент имтиҳон топширади. Улар учун агентлик вилоят бўлимига қарашли ҳамда олий таълим муассасаларининг катта сиғимли олтита биносида зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу масканларда бир навбатда 4110 нафар абитуриент тест синовлари топшириши мумкин. Барча биноларда ҳаво ҳароратини салқинлатиш учун кондиционерлар ўрнатилган, ҳар бир абитуриент учун 0,5 ҳажмдаги ичимлик суви, шарикли ручка ажратилган.
Бугун биринчи навбатда – эрталаб соат 8.00 дан 11.00 га қадар ёшлар тест синовларида қатнашган бўлса, иккинчи навбат 15:00 дан 18:00 га қадар давом этди ва 4000 мингдан ортиқ йигит-қизлар жараёнда иштирок этди.
– Ҳарбий хизматга бориб, олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёз берувчи тавсияномани қўлга киритгандим, – дейди Ургут туманининг Баҳрин маҳалласида яшовчи Дилшод Камолов. – Кинология соҳасига қизиқаман. Кимё ва биология йўналишида тестларга тайёргарлик кўрдим. Бугун тест синовларида қатнашиб, билимларимни синовдан ўтказдим. Насиб этса, талабалар қаторида бўлиб, қизиққан соҳамнинг етук мутахассиси бўлиб, юртимизга хизмат қиламан.
[gallery-30409]
Тест синовлари жараёнлари тўлиқ видеокузатув остида ва онлайн трансляция қилиш орқали ўтказилмоқда. Онлайн трансляция test2026.uz сайти орқали амалга оширилмоқда. Ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари жараёнларни катта мониторлар ва интернет орқали кузатиб боришлари мумкин. Шунингдек, тест ўтказилаётган бинолар атрофида ҳам ота-оналар учун зарур шароит яратилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари