700 долларлик “осон йўл” ва унинг аччиқ якуни
Бугун автомобиль бошқариш нафақат қулайлик, балки катта масъулият ҳамдир. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш учун белгиланган ўқув курсларини ўзлаштириш, йўл ҳаракати қоидаларини пухта билиш ва тегишли имтиҳонлардан ҳалол ўтиш талаб этилади. Чунки рулга ўтирган инсоннинг билими ва масъулияти нафақат унинг, балки бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва хавфсизлигига ҳам дахл қилади.
Афсуски, баъзан айрим шахслар ана шу муҳим талабларни четлаб ўтишни истаган фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, “осон йўл” ваъдаси билан уларни чалғитишга уринади. Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида аниқланган навбатдаги ҳолат ҳам бунга яққол мисол бўлди. Тезкор тадбир давомида 1995 йилда туғилган, Қоракўл туманида яшовчи хусусий автомактаб ўқитувчисининг фуқарони алдаб, унинг ишончига киргани аниқланган. Маълум бўлишича, у фуқарога автомактабда уч ойлик ўқув курсини тамомлагани ҳақида тегишли маълумотнома олиб беришни, шунингдек, имтиҳон марказидаги “танишлари” орқали “B” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритиш учун имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишини таъминлашни ваъда қилган. Бу “хизмат” эвазига эса 700 АҚШ доллари талаб қилган. Бир қарашда бу оддий талабдек кўриниши мумкин. Аммо масаланинг моҳияти анча жиддий: гап фақат фуқаронинг маблағини қўлга киритиш ҳақида эмас, балки қонун билан белгиланган тартибни четлаб ўтиб, етарли билим ва кўникмага эга бўлмаган шахсни рулга ўтқазиш хавфи ҳақида ҳам бормоқда.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган 700 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Шу тариқа “танишларим бор”, “имтиҳондан ўтказиб қўяман”, “гувоҳномани осонгина олиб бераман” каби ваъдаларнинг ортида қандай оқибатлар яширингани яна бир бор намоён бўлди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси — жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга уриниш, 168-моддаси 1-қисми — фирибгарлик, шунингдек, 28-моддаси — жиноят иштирокчилари ҳамда 211-моддаси 1-қисми — пора бериш билан боғлиқ жиноят аломатлари асосида жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири