Жиззах вилоятида ғалла майдони нега 15,5 минг гектарга қисқартирилди?
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ. Ҳукумат қарори билан Жиззах вилоятида келаси йил ҳосили учун ғалла майдони 15,5 минг гектарга қисқартирилди.
Ҳукумат қарори билан Жиззах вилоятида келаси йил ҳосили учун ғалла майдони 15,5 минг гектарга қисқартирилди.
Жиззах вилояти ғаллакорлари 2019 йилда давлатга 278 минг 20 тонна дон сотиш бўйича контрактация шартномаси имзолаган. Айни пайтда келаси йил ҳосили учун экилган 180 минг гектар ердаги ғалла баравж ўсмоқда.
Вилоятда 7 минг 200 дан зиёд ғаллакор фермер фаолият кўрсатаётир. Жорий йилда давлатга 260 минг 290 тонна дон сотилди. Бу шартнома режасида белгиланганидан салкам 6 минг тонна кўпдир.
Ғаллачиликдан келган даромад 428 миллиард 573 миллион сўм, соф фойда эса 16 миллиард 526 миллион сўмни, тармоқнинг рентабеллик даражаси 4 фоизни ташкил этди.
Омилкорлик билан ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ўтказиб, яхши меҳнат қилган деҳқон кўзлаган ҳосилни олади. Шунинг учун ғаллакорлар келаси йил ҳосили учун тараддудга анча барвақт киришди.
Вилоятдаги ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари 102,5 минг гектар сувли ва 77,7 минг гектар лалми майдонга уруғ экди. Кузнинг серёғин келгани, пахтачиликда жиддий қийинчилик туғдирган бўлса-да, ғаллакорлар учун айни муддао бўлди. Барча майдонларда текис униб чиққан майса бўлиқ ривожланаётир.
– Туманимизда тупроқ ҳосилдорлиги, сув таъминоти бирмунча оғир, бошқа ҳудудларга қараганда кўпроқ меҳнат талаб қилади, – дейди Зарбдор туманидаги “Темурбек Долиев” фермер хўжалиги раҳбари Дилмурод Турсунқулов. – Жорий йилда 23 гектардаги ғалладан давлатга шартномадаги 58 тонна ўрнига 111 тонна дон сотдик. Келаси йил ҳосили учун яна шунча майдонга сентябрь ойида уруғ сочиб, тўлиқ ундириб олганмиз. Бир марта суғорилиб, озиқлантирилган ғалла баравж ўсаётир. Майсанинг кузда яхши тўплаб, қишки тиним даврига бақувват кириши мўл ҳосил олишнинг муҳим шартидир.
Бошоқли дон экинлари етиштиришда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ва сув таъминоти ҳисобга олиниши керак. Навларни шунга қараб жойлаштириш зарур. Аммо бу талабга ҳамма ҳам ҳар доим риоя қилмаётгани ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, мелиоратив ҳолати, тупроқ унумдорлиги ғалладан меъёрдаги ҳосилни олиш имконини бермайдиган майдонлар ҳам бор.
Ана шу сабабларга кўра, 17,3 минг гектар ерда деҳқончилик қилган 785 та фермер хўжалиги гектаридан ўртача 20-30 центнердан ҳосил олди. 652 та фермер хўжалиги шартномани бажара олмади.
Ғаллачиликда 20 центнердан ҳосил олиш иқтисодий наф келтирмайди, ернинг умрини беҳуда ўтказишга олиб келади. Шунинг учун ҳукумат қарори билан вилоятда келаси йил ҳосили учун ғалла майдони 15,5 минг гектарга қисқартирилди. Ғалладан бўшаган майдонларга юқори ҳосил ва яхши даромад берадиган экинлар экиш йўлга қўйилди.
Вилоят ғаллачилигида катта имкониятлардан бири кам харажат билан дон етиштириш имконияти бўлган лалмикор ғаллачилик учун қулай ер майдонларининг кўплиги. Кўклам ва бу йилгидек куз сернам келган йилларда лалмикор ҳудудлардан мўл ҳосил олинади.
Яна бир имконият – катта илмий салоҳиятга эга, ташкил этилганига 100 йилдан ошган, орада бир муддат тўхтаб қолган Ғаллаорол лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг фаолияти қайта тиклангани. Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан қайта ташкил этилган институт серҳосил, эртапишар ва сифати юқори бўлган янги навлар яратиш устида иш олиб боради. Шунингдек, вилоятда ғаллачиликни илмий асосда йўлга қўйишга катта ҳисса қўшади.
Институт олимлари юртимиздаги ғалла уруғчилигига ихтисослашган фермер хўжаликлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётир. Ана шу ҳамкорлик туфайли жорий йилда вилоят фермерлари давлатга 12 минг 232 тонна уруғлик дон етказиб берди.
Вилоятда келаси йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари навларини жойлаштиришда ҳам Ғаллаорол лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва бошқа илмий муассасалар билан ҳамкорликда ишлаб чиққан тавсияларига асосланди. Илмий тавсиялар асосида вилоятнинг суғориладиган майдонларига “Краснодар-99”, “Гром”, “Таня”, “Есаул”, лалмикор ҳудудларга “Сурхак-5688”, “Сангзар”, “Тезпишар”, “Замин” каби иқлим-тупроқ шароитига мос серҳосил навлар экилди.
Ғалла майдонлари қисқарган бўлса-да, амалга оширилаётган илмий, инновацион, замонавий агротехник тадбирлар, фермерларнинг фидокорона меҳнати эвазига ялпи ҳосилни камайтирмаслик режалаштирилган. Айни кунларда барча майдонларда баравж ривожланаётган ғалла майсалари ҳам шундан дарак бермоқда.