Саноат муаммоларига илмий ечим: рақамли тизим ишга тушди
Мамлакатимиз саноатида муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва соҳага маҳаллий олимларнинг илмий ишланмаларини жалб этиш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бирига айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 5 ноябрдаги йиғилишида муҳим материаллар турини 5 тадан 16 тага етказиш ҳамда 2030 йилга бориб ушбу йўналишдаги ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард доллардан ошириш бўйича аниқ стратегик марралар белгилаб берилди.
Ҳозирги кунга келиб тармоқнинг йирик корхоналарида илмий ечимларни талаб қилувчи 137 та ишлаб чиқариш муаммоси аниқланган бўлиб, илмий-тадқиқот институтлари ва олийгоҳлар томонидан бунга жавобан 45 та тайёр ишланма ҳамда патентлар таклиф этилмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Ҳукумат акселератори шафелигида, Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати ҳамкорлигида ташкил этилган технологик металлар соҳасида илм-фан ва саноат кооперациясига бағишланган мулоқотда мазкур ҳамкорликнинг моҳияти ҳамда истиқболлари хусусида батафсил фикр юритилди.
Шаҳлохон Турдиқулова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти:

– Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узилиш қуруқ баёнотлар ёки умумий келишувлар билан эмас, балки аниқ мақсадли буюртмалар орқали бартараф этилади. Бугунги кунда тармоқ корхоналари томонидан 137 та долзарб ишлаб чиқариш вазифаси белгилаб берилди, илмий-тадқиқот институтларимиз эса бунга жавобан 45 та илмий ишланмани тақдим этди.
Эндиги энг муҳим ва масъулиятли босқич – ҳар бир вазифа учун таклиф қилинган илмий ечимни реал ишлаб чиқариш майдонида, завод ва комбинатлар шароитида синовдан ўтказишдан иборат. Чунки лабораторияда олинган натижа саноат миқёсида ҳам ўзини оқлаши керак. Айнан муҳим минералларни чуқур қайта ишлаш йўналишида илм-фан саноат учун шунчаки ташқи маслаҳатчи эмас, балки ишлаб чиқариш жараёнининг ажралмас қисми бўлган тўлақонли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорга айланиши зарур.
Ўрал Юсупов, тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари:

– Илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда олийгоҳларнинг тармоқ корхоналари билан алоқасини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида Президентимизнинг 2026 йил 24 июлдаги тегишли қарори асосида махсус рақамли тизим ишлаб чиқилди. Ушбу платформа ишлаб чиқариш ва геология-қидирув жараёнларида юзага келаётган технологик муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, уларни очиқ жойлаштириш ва инновацион ечим топишга хизмат қилади.
Ҳозир синов тариқасида ишлаётган мазкур тизимда республикамиз комбинатлари томонидан 50 дан ортиқ ғоя ва таклифлар шакллантирилди. Бу механизм корхоналарнинг реал технологик буюртмаларини олимларга тезкор етказиш, тадқиқотчиларни аниқ вазифаларга йўналтириш ҳамда тайёр ечимларни саноатга тизимли жорий этиш имконини беради.
Амир Абидов, Ўзбекистон технологик металлар комбинати бошқарув раисининг ўринбосари:

– Айни пайтда комбинатимиз томонидан вольфрам, молибден ва ренийни ўз ичига олган беш турдаги муҳим стратегик материалларни ишлаб чиқариш тўлиқ ўзлаштирилган. Лекин биз бу билан чекланиб қолмаймиз – ҳозирда умумий инвестиция қиймати 4,2 миллиард долларга тенг бўлган 140 дан ортиқ йирик лойиҳа, хусусан, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган ўта юқори тозаликдаги металларни олиш бўйича изланишлар устида фаол ишлаяпмиз.
Биз учун илмий-саноат кооперациясининг энг истиқболли йўналишлари – технологик металларни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қийматли тайёр маҳсулотлар (downstream) ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қўшма илмий-тадқиқот марказларини (R&D) очиш ҳамда илғор Исроил тажрибаси асосида технологик стартаплар консорциумини тузишдир.
Бундан ташқари, вольфрам ва молибден кластерларини ривожлантириш, хомашёни қайта ишлаш технологияларини такомиллаштириш, янги қотишмалар яратиш ва маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида еттита ихтисослашган илмий ва таълим муассасаси билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА