Литва компанияси Термизда жамоат транспортини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширади
Европа давлатларида йўловчи ташиш хизматини кўрсатиб келаётган Литванинг “Olego Transportas” компанияси Термиз шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашув ўтказди. Унда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, соҳага инвестиция ва замонавий технологияларни жалб этиш, шунингдек, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашувда сўзга чиққан “Olego Transportas” директори Олегас Радионовас бу борадаги режалари, Ўзбекистондаги инвестиция муҳити ва маҳаллий мутасаддилар билан ҳамкорлик ҳақида сўзлаб берди.
–Аввало, мени шахсан шу ерга таклиф қилганингиз учун миннатдорлик билдираман. Мамлакатингизда энди иш бошлаётган инвесторман. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юз бераётган ўзгаришлар мени жуда қизиқтирди. Айниқса, ўзим фаолият юритадиган йўловчи ташиш ва транспорт хизматлари соҳасида катта имкониятларни кўрдим.
Компаниямизга 30 йилдан ортиқ вақт олдин асос солинган. Фаолиятимизни 20 та автобус билан бошлаганмиз, бугунги кунда эса автобусларимиз сони 700 тага етди. Ҳозир компаниямиз Европа бўйлаб, жумладан, Литва ва Финляндияда ҳам йўловчи ташиш хизматини кўрсатади.
Шу боис тўплаган тажрибамизни Ўзбекистонда ҳам қўллаш истаги пайдо бўлди. Мамлакатингиз бўйлаб сафар қилиб, бир нечта ҳудудни ўргандим ва Сурхондарё вилоятида тўхталдим. Вазирлик ва вилоят ҳокими билан музокаралар ўтказиб, ҳудудга инвестиция киритиш ҳамда ишни Термиз шаҳридан бошлашга келишиб олдик, – деди инвестор.
Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон Миллий банки кўмагида Термизга электробуслар олиб келиш бўйича ишлар кетмоқда. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи ҳисобланади.
Кейинчалик вилоят ҳокими томонидан давлат-хусусий шериклик асосида ҳамкорлик қилиш таклиф этилган. Чунки айни пайтда ҳудуддаги автобус парки зарар билан ишламоқда. Лойиҳани самарали йўлга қўйиш учун зарур инфратузилмани яратиш, жумладан, автобусларга техник хизмат кўрсатиш, уларни ювиш шохобчалари ва хўжалик объектларини қуриш талаб этилади. Ҳозир бу йўналишда ташкилий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистондаги ҳамкорлик муҳити ҳақида гапирар экан, Олегас Радионовас маҳаллий мутасаддиларнинг ёндашувини алоҳида эътироф этди.
–Мени ҳайратда қолдираётган нарса , вазирлик ва ҳокимлик томонидан кўрсатилаётган ёндашув. Бу менда ҳақиқатан ҳам ажойиб таассурот қолдирмоқда. Бунинг учун раҳмат,– деди у.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА