65 йиллик тажриба — янги ютуқлар пойдевори
Сўнгги йилларда мамлакатимизда рангли металлургия саноатини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда мамлакатнинг етакчи саноат корхоналаридан бири — Олмалиқ кон-металлургия комбинати муҳим ўрин тутади.
Комбинатнинг энг йирик таркибий бўлинмаларидан бири бўлган Мис бойитиш фабрикаси жорий йилда ўзининг муҳим санаси — илк мис концентрати олинганининг 65 йиллигини нишонламоқда. Ўтган давр мобайнида корхона оддий бойитиш фабрикасидан замонавий технологиялар билан жиҳозланган, юқори ишлаб чиқариш қувватига эга йирик саноат мажмуасига айланди.

Мазкур фабриканинг бунёд этилиш тарихи ўтган асрнинг 50-йилларига бориб тақалади. 1953 йилда "Механобр" институти томонидан корхона қурилиши бўйича дастлабки лойиҳа ишлаб чиқилди. Кейинчалик ушбу ҳужжат бир неча бор такомиллаштирилиб, 1956 йилда тасдиқланди. 1958 йилда эса институт мутахассислари томонидан фабриканинг техник лойиҳаси тайёрланди. Кўп йиллик изланиш ва бунёдкорлик ишлари самараси ўлароқ, 1961 йил июнь ойида Мис бойитиш фабрикасининг биринчи навбати фойдаланишга топширилди. Айнан шу ерда мамлакат тарихида илк бор мис концентратини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу воқеа нафақат комбинат, балки Ўзбекистоннинг рангли металлургияси ривожида ҳам муҳим тарихий босқич бўлди.

Бугунги кунда бу фабрикада 5 та асосий ва 5 та ёрдамчи цех фаолият юритмоқда. Корхонанинг йиллик маъданни қайта ишлаш қуввати 39,9 миллион тоннани ташкил этади. Шундан 1-сонли Майдалаш цехи ҳиссасига 24,1 миллион тонна, 2-Майдалаш ва бойитиш мажмуасига 9,8 миллион тонна ҳамда Янчиш ва флотациялаш цехининг Майдалаш ва янчиш бўлинмасига 6 миллион тоннага тўғри келади. Фабрика йилига Мис эритиш заводига 680 минг тоннадан ортиқ мис концентрати етказиб беради. Унинг таркибидаги соф мис миқдори эса 108,5 минг тоннадан зиёд. 2025-йил якунларига кўра, фабрикада 39,3 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, таркибида 116 минг 963 тоннадан ортиқ мис таркибли концентрат ишлаб чиқарилди ва заводга етказиб берилди.

Корхонада 2018 йил 30 сентябридаги тегишли қарор ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш дастури асосида кенг кўламли модернизация ишлари олиб борилмоқда. Реконструкция дастурининг муҳим босқичи 8-сонли флотация моносекцияси қурилиши ҳисобланади. Ушбу иншоот флотация занжирини сезиларли даражада кенгайтириб, маъданни қайта ишлаш ҳажмини ошириш учун зарур технологик имкониятларни яратади. Режалаштирилган ишлар тўлиқ якунлангач, Мис бойитиш фабрикасининг йиллик маъданни қайта ишлаш қуввати 45 миллион тоннага етказилади.

Бундан ташқари, тасдиқланган "Йўл харитаси" асосида гравитацион бойитиш технологиясини жорий этиш мақсадида 29 та марказдан қочма концентратор ўрнатилиши кўзда тутилган. Мазкур технологик янгилик фойдали компонентларни ажратиб олиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириб, ишлаб чиқаришнинг техник ва иқтисодий кўрсаткичларини янги босқичга олиб чиқади.

Бугун 65 йиллик шонли тарихга эга Мис бойитиш фабрикаси бой тажриба ва мустаҳкам анъаналарни замонавий технологиялар, илғор муҳандислик ечимлар ҳамда инновацион ёндашувлар билан уйғунлаштирган йирик саноат мажмуасига айланган. Корхонада изчил амалга оширилаётган модернизация ишлари Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мамлакат рангли металлургия йўналишидаги етакчи мавқеини янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.