Тиббиёт хабарлари: Ўзбекистон делегацияси Россиянинг тиббиёт ва соғлиқни сақлашни бошқариш борасидаги илғор тажрибасини ўрганди
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир Михаил Мурашко билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг тиббиёт, илмий ва таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Музокаралар доирасида тиббий ёрдамни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, телемедицинани ривожлантириш, беморларни масофадан туриб кузатиш ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлаш масалаларига бағишланган экспертлар сессияси ўтказилди.
Томонлар онкология, радиология, ядро тиббиёти, гематология, шошилинч тиббий ёрдам, тиббий реабилитация ва паллиатив ёрдам соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон делегацияси Мажбурий тиббий суғурта федерал жамғармаси, Федерал ҳалокатлар тиббиёти маркази, Россия Федерацияси Президенти Ишлар бошқармаси тасарруфидаги Марказий клиник шифохона ва поликлиника ҳамда «Барвиха» клиник санаторийси фаолияти билан танишди.
Россия томонидан мамлакатнинг етакчи федерал ихтисослаштирилган марказлари фаолиятини ташкил этишнинг замонавий усуллари тақдим этилди. Жумладан, А.Ф. Циб номидаги Тиббий радиология илмий маркази, Н.Н. Блохин номидаги Онкология миллий тиббиёт илмий маркази, Миллий тиббиёт илмий гематология маркази ҳамда Дмитрий Рогачёв номидаги Болар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси миллий тиббиёт илмий маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди.
***

Ўзбекистон делегацияси Россия Федерал тиббий-биология агентлиги раҳбари Вероника Скворцова ҳамда Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) раҳбари, Россия Федерациясининг Бош давлат санитария шифокори Анна Попова билан ишчи учрашувлар ўтказди.
Вероника Скворцова билан қон хизмати, трансплантология, биологик хавфсизликни ривожлантириш, биомолекуляр ва биоинженерия технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш, донорларни рақамли кузатиб бориш тизимини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Анна Попова томонидан санитария-эпидемиологик назоратни ташкил этиш, молекуляр-гигиеник диагностика, геномик эпидемиологик таҳлил, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли саломатлигига таҳдидлар юзага келганда тезкор чора кўриш борасидаги Россия тажрибаси тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Роспотребнадзорнинг ихтисослаштирилган илмий ва лаборатория бўлинмалари фаолияти, санитария-эпидемиологик хавфларни баҳолаш, сув, ҳаво ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилишда қўлланилаётган замонавий усуллар билан танишди.
***

Ўзбекистон делегацияси Россияда соғлиқни сақлаш тизими учун кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини баҳолаш тизимини барча босқичларда – касбга йўналтириш, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашдан тортиб шифокорларнинг дипломдан кейинги таълими ҳамда тиббиёт муассасалари раҳбарларининг бошқарув компетенцияларини ривожлантиришгача бўлган жараёнларни ўрганди.
Москва 1-сон тиббиёт коллежида ҳамширалар ва ўрта бўғин тиббиёт мутахассисларини тайёрлашнинг замонавий ёндашувлари кўриб чиқилди. Хусусан, амалиётга йўналтирилган таълим дастурлари, симуляцион ўқитиш ҳамда коллежнинг даволаш муассасалари билан ҳамкорлик тизими катта таассурот қолдирди.
Москва шаҳри Соғлиқни сақлаш департаментининг Кадрлар марказида делегацияга тиббиёт ходимларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини баҳолашнинг ягона тизими тақдим этилди.
Россия узлуксиз касбий тиббий таълим академиясида ординатура, шифокорларни касбий қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурлари, шунингдек Ўзбекистон мутахассислари учун қўшма таълим дастурлари ҳамда стажировкаларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Россия Федерацияси Президенти Ишлар бошқармаси академияси ва Россия Президенти ҳузуридаги Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академиясида (РАНХиГС) тиббиёт муассасалари раҳбарларини тайёрлаш ёндашувлари, жумладан, бошқарув компетенцияларини ривожлантириш, лойиҳа бошқаруви, стратегик режалаштириш ҳамда муассасалар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизими ўрганилди.
Ташрифлар якунида томонлар қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, педагог кадрларни тайёрлаш, стажировкаларни ташкил этиш, шунингдек Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг билим ва амалий кўникмаларини баҳолашнинг замонавий усулларини жорий этиш истиқболларини муҳокама қилди.
***

Замонавий соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдам сифатини ошириш, инновацияларни жорий этиш ҳамда бизнес жараёнларини такомиллаштириш хусусий секторнинг илғор тажрибаси билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистон делегацияси Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги хусусий сектор ютуқлари билан батафсил танишди ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олди.
Халқаро тиббиёт кластери фаолияти алоҳида қизиқиш уйғотди. Мазкур модел халқаро тиббий технологиялар, илғор тиббий стандартлар ва замонавий бошқарув амалиётларини жорий этиш учун махсус ҳуқуқий режимни яратишни назарда тутади.
Бемор манфаатларини устувор қўйишга асосланган муваффақиятли ёндашувлар «Лапино», «Hadassah Medical Moscow» ва «Олимп Клиник МАРС» клиникаларига ташрифлар давомида муҳокама қилинди.
Биотехнологиялар йўналишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «GENERIUM» илмий-ишлаб чиқариш компанияси базасида делегация аъзолари дори воситаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли билан танишди.
Шунингдек, технологиялар трансферини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда талаб юқори бўлган дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда қўшма илмий-ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилди.
***

Москва шаҳар мерининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Анастасия Ракова билан ўтказилган музокараларда делегацияга соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришнинг ягона стандартлари тақдим этилди. Мазкур модель тиббий жараёнларни рақамлаштириш ва беморларни узлуксиз йўналтириш тизимини назарда тутади.
«Моя поликлиника» янги стандарти асосида фаолият юритаётган 220-сонли шаҳар поликлиникаси мисолида делегация бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкил этиш, беморлар оқимини бошқариш, рақамли рўйхатга олиш ҳамда аҳоли ўртасида профилактик ишларни олиб бориш тамойиллари билан танишди.
С.П. Боткин номидаги Москва илмий-клиник марказида кўп тармоқли стационарларни бошқариш, диагностика ва жарроҳлик хизматларини ташкил этиш, беморларни йўналтириш ҳамда замонавий тиббий технологияларни жорий этиш бўйича Россия тажрибаси тақдим этилди.
Болалар клиник шифохонасида диагностика, даволаш, реабилитация ва кейинги тиббий кузатувни ўзида мужассам этган болаларга комплекс ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш модели таҳлил қилинди.
Делегация паллиатив ёрдам тизими, беморларни фанлараро ёндашув асосида кузатиш ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш тамойиллари билан танишиш мақсадида «Дом с маяком» болалар хосписи ва Москва кўп тармоқли паллиатив ёрдам марказига ташриф буюрди.
Диагностика ва телемедицина технологиялари илмий-амалий клиник маркази мутахассислари сунъий интеллект имкониятлари ҳамда шифокор-рентгенологларнинг масофавий ҳамкорлиги механизмларини намойиш этди.
Инновацион жарроҳлик технологиялари фанлараро тренинг марказида делегацияга симуляцион ускуналар ва анатомик материаллардан фойдаланган ҳолда жарроҳларни амалий тайёрлаш тизими тақдим қилинди.
Москва лаборатория тадқиқотлари марказида роботлаштирилган лаборатория диагностикаси, лаборатория тармоғининг уч босқичли модели, маълумотлар ва таҳлил натижаларини рақамли бошқариш тизими ўрганилди.
Музокаралар якунида томонлар пилот лойиҳаларни экспертлар иштирокида амалга оширишни ҳам назарда тутувчи ҳамкорлик режасини ишлаб чиқишга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА