Тошкент халқаро ярим марафони юксак ташкилий даражада ўтказилмоқда
Тошкентда Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган халқаро ярим марафон кенг кўламда ва юксак ташкилий даражада ўтказилди. Бешта стартни қамраб олган нуфузли спорт тадбирида 50 мамлакатдан қарийб 24,5 минг нафар иштирокчи қатнашиб, пойтахтимизда оммавий спорт, халқаро ҳамкорлик ва соғлом турмуш тарзи тарғиботининг ўзига хос байрамига айланди.
Тошкент халқаро ярим марафони мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда пойтахтимизнинг йирик халқаро спорт тадбирларини ўтказиш борасидаги салоҳиятини намоён этишга хизмат қилувчи нуфузли спорт анжуманларидан бири сифатида юқори савияда ўтказилди.
Мусобақа доирасида бешта старт ташкил этилиб, уларда қарийб 24,5 минг нафар иштирокчи қатнашмоқда. Қатнашчиларнинг қарийб 53 фоизини аёллар ташкил этаётгани юртимизда хотин-қизларнинг спорт ва соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Тошкент халқаро ярим марафонининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов ҳамда Божхона қўмитаси раиси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси Акмалхўжа Мавлонов иштирок этди.


Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқишга қаратилаётган эътибор юксак самара бераётганини таъкидлади.
Мусобақанинг халқаро миқёси ҳам кенгайиб бормоқда. Унда 50 мамлакатдан 2 мингдан зиёд хорижий иштирокчи, жумладан, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг 20 дан ортиқ вакили қатнашмоқда. Шунингдек, тадбир доирасида 3,5 мингдан зиёд корпоратив рўйхатдан ўтиш қайд этилган.
Ярим марафон доирасида инклюзив спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Махсус стартларда қарийб 600 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Бу мусобақанинг оммавийлиги билан бир қаторда, унинг ижтимоий аҳамиятини ҳам янада оширмоқда.
Мусобақани ташкилий ва хавфсизлик жиҳатидан таъминлаш ишлари барча тегишли хизматларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва аниқ мувофиқлаштирилиши асосида йўлга қўйилган. Зарур чора-тадбирларнинг олдиндан белгилаб олингани иштирокчилар учун қулай шароит яратиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва мусобақанинг узлуксиз ўтиш имконини бераётир.
Тадбирда замонавий рақамли технологиялардан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, электрон хронометраж учун «TimingSense», масофани босиб ўтиш жараёнини онлайн кузатиш имконини берувчи «ProRun Live» тизимлари жорий этилган. Мазкур ечимлар иштирокчилар натижаларини аниқ қайд этиш, шунингдек, мусобақа жараёнини онлайн кузатиб бориш имконини яратди.

Ярим марафоннинг медиа қамрови ҳам юқори кўрсаткичларга эга. Ижтимоий тармоқлардаги аудитория 13 миллиондан ошган. Тадбир доирасида 70 дан зиёд видеоматериал ва 3 мингдан ортиқ нашр тайёрланган. Мусобақа жараёнини кенг ёритиш учун 50 дан зиёд блогер ва инфлюенсер жалб этилди.
Икки кун давомида фаолият кўрсатган «EXPO» кўргазма ва рўйхатдан ўтиш майдонида 15 дан ортиқ компания иштирок этиб, ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш қилди. Иштирокчилар учун рўйхатдан ўтиш ва мусобақага тайёргарлик жараёнларини қулай ташкил этиш бўйича зарур шароитлар яратилди.
Умуман, Тошкент халқаро ярим марафони кенг иштирокчилар таркиби, пухта ташкилий ишлар, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, хавфсизлик чораларининг юқори даражада таъминлангани ва кенг медиа қамрови билан ажралиб турибди.
Мусобақанинг кўтаринки руҳда, тартибли ва юқори савияда ўтказилаётгани мамлакатимизда оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш борасидаги тажриба ва салоҳият изчил юксалиб бораётганини кўрсатмоқда. Пойтахтимизнинг халқаро миқёсдаги йирик спорт анжуманларини муносиб қабул қилиш ва ўтказиш имкониятлари ҳам тобора кенгайиб бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА