“Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясига бағишланган конференция ўтказилди
Пойтахтимизда Миллий статистика қўмитаси томонидан “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, асосий мақсад ва вазифаларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.
Давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда соҳа экспертлари иштирок этган тадбирда Стратегияни амалга ошириш механизмлари, миллий статистика тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, маълумотларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, манфаатдор томонларнинг келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2026 йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Стратегияда маълумотлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
[gallery-31546]
Бунда статистик маълумотларни тайёрлашнинг барча босқичларида ягона ёндашувларни жорий этиш, услубиятларни халқаро талабларга мувофиқлаштириш, метамаълумотларни такомиллаштириш ва статистик ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш назарда тутилган.
Стратегияга мувофиқ, статистик ҳисоботларни босқичма-босқич мақбуллаштириш ҳамда мавжуд маъмурий маълумотлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш назарда тутилган. Жумладан, 2030 йилга қадар статистик ҳисобот шакллари сонини 47 тадан 38 тагача камайтириш, расмий статистикада мунтазам фойдаланиладиган маъмурий маълумотлар манбалари сонини 60 тадан 100 тагача етказиш мақсад қилинган.
Стратегияда инновацион статистик маҳсулотларни ишлаб чиқишга ҳам эътибор берилган. Хусусан, экспериментал статистикани ривожлантириш, маълумотлар илми ва сунъий интеллект имкониятларидан статистик таҳлилда фойдаланиш ҳамда замонавий технологик ечимларни босқичма-босқич амалиётга жорий этиш белгиланган.
Фойдаланувчилар билан ишлаш Стратегиянинг яна бир муҳим йўналиши ҳисобланади. Статистик маълумотларни очиқ, тушунарли ва фойдаланиш учун қулай шаклда тақдим этиш, маълумотлар саводхонлигини ошириш, фойдаланувчилар билан мулоқотни кучайтириш ҳамда статистик маҳсулотларни уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш назарда тутилган.
Шунингдек, кадрлар салоҳиятини ошириш, статистика ходимларининг маълумотларни таҳлил қилиш, замонавий рақамли технологиялар ва статистик усуллар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Халқаро ўқув дастурлари, тренинг ва семинарларда статистика тизими ходимларининг иштирокини кенгайтириш режалаштирилган.
Стратегияни амалга ошириш уч босқичда ташкил этилади. 2026 йилда институционал-ҳуқуқий асосларни яратиш ва статистика тизимини модернизация қилиш учун зарур механизмларни шакллантириш, 2027–2028 йилларда замонавий статистик усуллар ва технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, 2029–2030 йилларда эса жорий этилган ечимларни мустаҳкамлаш ва тизимни барқарор ривожлантириш назарда тутилган.
Стратегиянинг муҳим мақсадли натижаларидан бири — 2030 йилга қадар Ўзбекистонни Жаҳон банкининг Статистика самарадорлиги индекси бўйича энг юқори натижага эга 50 та давлат қаторига киритиш ҳисобланади.
“Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясининг амалга оширилиши миллий статистика тизимининг институционал ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлаш, статистик маълумотларнинг сифати ва очиқлигини ошириш ҳамда давлат бошқаруви, бизнес, илм-фан ва жамоатчиликни янада ишончли ва замонавий статистик ахборот билан таъминлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА