Хавфсиз маҳалла – хотиржам ҳаёт
Жамият осойишталиги кўп жиҳатдан маҳалладаги муҳитга, ҳуқуқбузарликларнинг илдизини вақтида аниқлаш ва унинг олдини олишга боғлиқ. Шу маънода, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳамда Зомин тумани ИИБнинг соҳавий бўлинмалари ходимлари томонидан тумандаги Ҳамид Олимжон, Чилонзор ва Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган навбатдаги кучайтирилган профилактик тадбирлар эътиборга молик.
Тадбирларнинг асосий мақсади фақат содир этилган ҳуқуқбузарликни аниқлаш эмас, балки унинг ортида турган сабаб ва омилларни барвақт илғаб, маҳаллабай, хонадонбай ва шахсбай ишлаш орқали жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Айниқса, профилактик, пробация ва бошқа тоифадаги назорат остидаги шахслар билан манзилли профилактик ишларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирлар давомида 136 нафар профилактик, пробация ва бошқа тоифадаги назорат остидаги шахслар билан манзилли профилактик суҳбатлар ўтказилгани бу йўналишдаги ишларнинг кўламини кўрсатади. Зеро, профилактиканинг самараси рақамда эмас, аввало, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқбузарликдан ўзини тийиши, оила ва маҳаллада тинч муҳит сақланишида намоён бўлади.

Шу билан бирга, 97 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди. Улар орасида битта тиғли қурол олиб юриш ҳолати қайд этилди. Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида 4 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилди.

Бугун хавфсизлик тушунчаси кўча ва жамоат жойларидаги тартиб билан чекланмайди. Рақамли муҳитдаги хатарлар ҳам профилактиканинг муҳим йўналишига айланган. Шу боис киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида фуқароларнинг мобил телефонларига 154 та “АПК Қўриқчи” иловаси ўрнатилди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ов қуролларининг сақланиши билан боғлиқ масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. 21 та ов қуролининг сақланиш тартибига риоя этилиши юзасидан текширув ўтказилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида эса 81 та қоидабузарлик аниқланиб, 6 та автомашина белгиланган тартибда жарима майдонига жойлаштирилди.

Кўриниб турибдики, учта маҳаллада ўтказилган кучайтирилган профилактик тадбир бир вақтнинг ўзида жамоат тартиби, шахслар билан манзилли ишлаш, хотин-қизлар хавфсизлиги, киберхавфсизлик, қурол сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги каби бир нечта муҳим йўналишни қамраб олди. Бу эса профилактика ишларини тор доирада эмас, балки хавфсизликнинг барча бўғинларини қамраб олган яхлит тизим сифатида ташкил этиш муҳимлигини кўрсатади.

Зомин туманидаги мазкур ишлардан кўзланган мақсад ҳам аслида шу – ҳуқуқбузарлик содир этилгандан кейин уни бартараф этиш эмас, балки унинг олдини олиш, хавфни эрта англаш ва фуқаролар учун янада осойишта муҳит яратиш. Бундай ёндашув маҳаллада хавфсизликни таъминлашнинг энг муҳим шартидир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири