50 миллионлик имконият — даромад манбаи
Янги Ўзбекистонда тадбиркорликка берилган эътибор бугун нафақат иқтисодий ўсишнинг, балки аҳоли фаровонлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини барқарор оширишнинг энг самарали омилига айланмоқда. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури минглаб юртдошларимизга ўз бизнесини йўлга қўйиш, меҳнати орқали муносиб турмуш кечириш ва янги иш ўринлари яратиш имконини бермоқда. Энг муҳими, мазкур дастур инсонларни боқимандалик кайфиятидан узоқлаштириб, ташаббускорлик, меҳнатсеварлик ва тадбиркорлик руҳини мустаҳкамлаётгани билан аҳамиятлидир.
Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида давлат томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз меҳнати билан катта натижаларга эришаётган фидойи инсонлар сафида Бухоро вилояти Шофиркон тумани Пахтаобод маҳалласи Полвонобод қишлоғида яшовчи тадбиркор Анвар Бекбоев ҳам бор. Унинг ҳаёт йўли давлат кўмаги ва шахсий интилиш уйғунлашганда қандай юксак самараларга эришиш мумкинлигининг ёрқин намунасидир.
Тадбиркор “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури доирасида ажратилган 50 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи ҳисобидан беданачилик фаолиятини ташкил қилди. Илк қадам сифатида бошланган ташаббус бугун оиланинг асосий ва барқарор даромад манбаига айланди.
Ҳозирги кунда хонадонда 3, 20 ва 40 кунлик беданалар замонавий технологиялар асосида парвариш қилинмоқда. Қушларнинг озиқланиши, санитария талаблари ва парвариш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида маҳсулдорлик юқори кўрсаткичларга эришган.

Меҳнатнинг самараси эса ҳар куни яққол намоён бўлмоқда. Хонадонда бир кунда ўртача 500 дона бедана тухуми олинмоқда. Ички бозорда катта талабга эга бўлган мазкур маҳсулотнинг ҳар бири 500 сўмдан сотилиб, мунтазам даромад келтирмоқда.
Бироқ тадбиркор фақат тухум етиштириш билан чекланиб қолмаган. У маҳсулотни чуқурроқ қиймат занжирига олиб чиққан. Тухумлар замонавий инкубаторларда 16 кун парвариш қилиниб, ҳар бир циклда 250 тагача бедана жўжаси олинмоқда. Жўжаларнинг ҳам бозорда талаб юқори бўлиб, уларни сотиш орқали қўшимча даромад манбаи шаклланган.
Шу билан бирга, парҳезбоп ва шифобахш маҳсулот сифатида эътироф этилган бедана гўшти ҳам истеъмолчилар томонидан катта қизиқиш билан харид қилинмоқда. Хонадонда етиштирилган беданаларнинг ҳар бири ўртача 80 минг сўмдан реализация қилиниб, бозордаги талаб тобора ошиб бормоқда.
Энг эътиборлиси, бор-йўғи 50 миллион сўмлик имтиёзли кредит бугун оилага ойига ўртача 10 миллион сўм соф даромад келтираётган даромадли бизнесга айланган. Бу рақамлар давлат томонидан яратилаётган имкониятлардан оқилона ва мақсадли фойдаланиш орқали қисқа муддат ичида юқори иқтисодий самарага эришиш мумкинлигини яққол исботлайди.

Тадбиркор фаолияти билан танишиш чоғида мутахассислар томонидан ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, маҳсулот ҳажмини кўпайтириш, замонавий инкубатор ускуналаридан янада самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, маҳсулотни қайта ишлаш ва давлат томонидан тақдим этилаётган қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларидан кенг фойдаланиш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳар бир оиланинг даромад манбаини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ана шундай ҳаётий мисолларда ўзининг амалий самарасини намоён этмоқда. Энди тадбиркорлик фақат бизнес эмас, балки оилалар фаровонлиги, маҳаллалар тараққиёти ва юрт иқтисодиётининг мустаҳкам таянчига айланиб бормоқда.

Шофиркон туманида “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар сони йил сайин ортиб бораётгани қувонарлидир. Бу эса маҳаллаларда ишсизликни камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири