285 гектарлик сайёҳлик ҳудуди бунёд этилади
Гулистон туманида Сирдарё бўйидаги 285 гектар майдонда замонавий «Экотуризм» мажмуасини ташкил этиш ишлари бошланди. Лойиҳа доирасида ҳудудни ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш ва аҳоли учун замонавий дам олиш масканини барпо этиш кўзда тутилган.
Мажмуа туман ҳудудидаги Соҳилобод маҳалласида, Сирдарё дарёси бўйида жойлашган. Лойиҳа учун давлат бюджетидан 7,4 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирда пудратчи «Шеробод Бухоро йўллари» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари якунланмоқда.

Лойиҳанинг ҳудудий ривожланиш бош режаси — «Мастер режа» малайзиялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилиб, тўлиқ якунланган. Унга кўра, 285 гектар майдон учта асосий ҳудудга ажратилган. Шундан 135 гектари табиат зонаси, 85 гектари ўрмон зонаси, 65 гектари эса дам олиш, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳудудлари сифатида белгиланган.

Мажмуа инфратузилмасини шакллантириш доирасида 2 километр йўлга асфальт қопламаси ётқизиш, 2 та трансформатор ўрнатиш, 2 километр электр тармоғи тортиш, шунингдек, замонавий кўча ёритиш чироқлари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.


Янги экотуризм маскани туманнинг табиий имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш ва хизматлар соҳасини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, лойиҳа тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар яратиб, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири