22 май — Халқаро биологик хилма-хиллик куни
Экология йўналишида биологик хилма-хиллик табиат мувозанатини сақлашда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади. Яъни, Ер юзидаги тирик организмлар, улар яшаш муҳитларининг турли-туманлиги табиатни ўз ҳолича сақлаш, иқлимни барқарорлаштиришга хизмат қилади. Қолаверса, биологик хилма-хиллик инсон ҳаёти ва фаолияти, саломатлиги учун муҳим омилдир. Шу боис, биологик хилма-хилликни асраб-авайлаш масаласига доим устувор аҳамият қаратиб келинади.
Аммо афсуски, сўнгги пайтларда биологик хилма-хиллик кескин камайиб кетмоқда. Бунга сабаб сифатида ўрмонларнинг кесилиши, яшилликнинг камайиши, атроф-муҳит ифлосланиши, иқлим ўзгариши, ноқонуний ов қилиш, табиий ресурслардан ортиқча ва пала-партиш фойдаланиш кабиларни айтиш мумкин.
Маълумотларга кўра, Ер юзида тахминан 8-10 миллион тур тирик организм мавжуд бўлиб, уларнинг фақат 2 миллионга яқини расман ўрганилган. Ҳозирда тахминан 1 миллион тур йўқолиб кетиш хавфи остида.
Олимларнинг айтишича, турлар табиий ҳолатга нисбатан 10-100 баравар тезроқ йўқолмоқда. 1970 йилдан бери дунёдаги ёввойи ҳайвонлар популяцияси ўртача 69-73 фоизга камайган. Дунё ботқоқликларининг 35 фоиз қисми йўқолган, чучук сув экотизимларидаги турларнинг 24 фоизи йўқолиш хавфи остида.

Ўрмонлар қуруқликдаги биологик хилма-хилликнинг 80 фоизини сақлайди. Афсуски, ўрмон ҳудудларининг камайиб кетаётгани биологик турларнинг камайиб, йўқолиб боришига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Бу борада Ўзбекистонда ҳам вазият қувонарли эмас. Ҳар дақиқада 10 квадрат метр ҳосилдор ерлар чўлга айланиб боряпти. Оролнинг қуриган тубидан йилига 100 миллион тонна ҳар хил кўринишдаги туз, қум, чанглар кўтарилиб, узоқ масофаларга тарқаляпти. Бу эса, ўз навбатида, биологик хилма-хилликка ҳам таъсир қилмоқда. Шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида кўплаб турлар йўқолиш хавфи остида.
Шундай экан, экологик муаммоларни юмшатиш, бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. Хусусан, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш мақсадида янги қўриқхоналар ташкил этиш, камёб турларни ҳимоя қилиш, дарахт экиш, ўрмонларни кенгайтириш, сув-ботқоқ ҳудудларни борлигича сақлаб қолиш, шунингдек, экологик таълимни ривожлантириш, экомаданиятни юксалтириш лозим бўлади.
22 май — Халқаро биологик хилма-хиллик куни сифатида дунёда кенг тарғиб этилади. Ушбу сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1992 йил Биохилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция аъзо томонларининг анжумани тавсиялари асосида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ эълон қилинган.
Конвенция дунё мамлакатларининг биологик хилма-хилликни сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш бўйича, шу жумладан, уларнинг стратегик ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишдаги биргаликдаги ишларини мувофиқлаштиради. Бугунги кунда дунёнинг 190 дан ортиқ мамлакати мазкур Конвенцияни қабул қилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам 1995 йилда ушбу халқаро конвенцияга қўшилган.
Мазкур йўналишда мамлакатимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биохилма-хиллик ресурслари табиат мувозанатини сақлаш, атмосфера муҳофазасида муҳимлигидан келиб чиқиб, мавжуд турларни сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биохилма-хилликни асраб-авайлашда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш энг муҳим масалалардандир.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА