Журналистлар Нукус тумани тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Нукус тумани тиббиёт бирлашмасида медиа-тур ташкил этилди.
Дастлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, масъуллар томонидан тиббиёт бирлашмасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда Нукус тумани аҳолисига амбулатор тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та оилавий поликлиника ва 4 та оилавий шифокорлик пункти фаолият юритмоқда. Шунингдек, стационар даволаш учун 142 ўринга мўлжалланган марказий шифохона аҳоли хизматида.
Мазкур даволаш-профилактика муассасаларида 105 нафар шифокор ҳамда 399 нафар ўрта бўғин тиббиёт ходими фаолият олиб бормоқда.
Шифохона бўлимлари замонавий тиббий жиҳозлар — наркоз ва рентген аппаратлари, биокимёвий анализаторлар, микроскоплар ҳамда бошқа ускуналар билан таъминлангани қайд этилди.
Туман тиббиёт бирлашмасини рақамлаштириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, муассаса 99 та компьютер, 55 та планшет, 16 та смарт телевизор, 4 та принтер, 5 та веб-камера, 29 та термопринтер, 4 та инфокиоск ҳамда бошқа зарур техник воситалар билан таъминланди. Шунингдек, TIKA халқаро грант лойиҳаси доирасида замонавий ультратовуш диагностика ускунаси олиб келинди.
[gallery-29559]
Яратилган бундай шароитлар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва саломатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Медиа-тур давомида журналистлар тиббиёт бирлашмасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, тиббиёт ходимлари ҳамда беморлар билан мулоқот қилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА