2026 йил 1 июлдан лифт назорати бўйича янги талаблар кучга киради
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июлдаги “Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан “Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ушбу ҳужжат билан 2026 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатда лифтларни назорат қилиш ва техник кўрикдан ўтказиш бўйича янги талаблар амалиётга жорий этилади.
Янги тартибга кўра, барча лифтлар белгиланган муддатларда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши шарт. Бу ишлар фақат ваколатли ва махсус рухсатномага эга ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Техник кўрик натижасида лифтнинг умумий ҳолати баҳоланади ва ундан фойдаланишга рухсат берилган ёки берилмагани аниқланади.
Агар лифт носоз ёки хавфли деб топилса, ундан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Бундай ҳолатда лифт тўлиқ таъмирланмагунча ва хавфсиз ҳолатга келтирилмагунча ишлатишга рухсат берилмайди.
Текширув натижаларига кўра, лифтларга махсус белгилар қўйилади. Яшил белги - лифт тўлиқ фойдаланишга яроқли эканини англатади. Кўк белги - енгил носозликлар мавжудлигини ва чекланган ҳолда фойдаланиш мумкинлигини кўрсатади. Сариқ белги - жиддий носозлик борлигини ва тезкор таъмир талаб этилишини англатади. Қизил белги эса лифтдан фойдаланиш ўта хавфли эканини билдиради.
Фуқаролардан лифтдан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш, эшикларни мажбуран очмаслик, ортиқча юк билан кирмаслик, болаларни назоратсиз қолдирмаслик ҳамда ҳар қандай носозлик ҳолатини масъул ташкилотларга зудлик билан хабар қилиш сўралади. Шунингдек, “хавфли” ёки “тақиқланган” белгиси қўйилган лифтлардан умуман фойдаланмаслик тавсия этилади.
Бино эгалари ва бошқарув ташкилотлари лифтларнинг техник ҳолатини доимий назорат қилиб бориши, уларни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказиши ва хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаши зарур.
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизматига кўра, лифт хавфсизлигини таъминлаш инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун лифтлардан фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилиш, уларни мунтазам техник кўрикдан ўтказиш ва носозлик ҳолатларида масъулларга ўз вақтида хабар бериш эҳтимолий кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА