ЎзМУ ҳамда Миллий археология маркази ҳамкорликда талаба-ёшлар билан мулоқот ўтказди
Ўзбекистон Миллий университетининг Тарих факультети археология кафедраси ҳамда Миллий археология маркази ҳамкорликда талаба-ёшлар билан мулоқот ташкил этди.
Ўзбекистон Миллий университетининг Тарих факультети археология кафедраси ҳамда Миллий археология маркази ҳамкорликда талаба-ёшлар билан мулоқот ташкил этди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – талаба-ёшларни Миллий археология маркази фаолияти билан яқиндан таништириш, марказ илмий ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш, хусусан, битирувчи-ёшларнинг марказда амалиёт ўташларини йўлга қўйишдан иборат.
Айтиш жоизки, Миллий археология маркази 2019 йил 21 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилган бўлиб, айни кунда марказ иккита янги — Биоархеология ҳамда Ландшафт археологияси каби лабораториялар билан бойиди. Мазкур бўлимлар томонидан ўсимлик дунёси, ҳайвонот олами, атроф табиий муҳити археологияси ўрганилади ва тадқиқ этилади.
Тадбирда марказ ходимлари талаба, магистр ҳамда докторантларни археологиянинг янги йўналишларида илмий изланишлар олиб боришлари, бунинг учун аввало, улардан назарий билимларни пухта ўрганишлари, чет тиллари, хусусан, рус ва инглиз тилларини яхши билишлари талаб қилиниши, бир сўз билан айтганда, етук ва салоҳияти мутахассис бўлиб етишиш учун ҳар бир талаба-ёш тинимсиз изланиши кераклиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
— Таълим фақат илмий маълумотга асосланган бўлса, тўлақонли бўлмайди. Фанлар академияси тизимида фаолият кўрсатаётган тадқиқотчиларимиз энг илғор ва замонавий ёндашувлар асосида илмий изланишлар олиб бормоқда, дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов. — Бу каби амалий ишлардан бўлажак мутахассисларни хабардор қилиш, фан ва таълим ўртасидаги уйғунликни таъминлаш зарур. Амалиётга борган талаба, магистр ва докторант илмий тадқиқот ёндашувлари, янги илмий тадқиқот услубларидан хабардор бўлади. Бошқача қилиб айтганда, ўз фаолиятини яхши йўлга қўйишда бундай амалиёт муҳим кўникма ва малака бўлиб хизмат қилади.
Ўз навбатида Тарих факультети археология йўналиши 1-босқич магистранти Нодира Юсупова назарий билимларни амалиётда қўллаш ҳамда тадқиқот ишлари юзасидан фикрларини билдириб ўтди.
— Айни вақтда илмий раҳбарим Абдулҳамид Анорбоев кўмагида Ахсикент ёдгорлиги бўйича магистрлик диссертацияси устида иш олиб боряпман. Мазкур ёдгорлик милоддан аввалги 3 асрга тегишли бўлиб, унда шаҳарсозлик, сув хўжалиги ва кўплаб тармоқлар яхши ривожланган. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳудудда айни вақтда очиқ осмон остидаги музей ташкил этилмоқда. Диссертация ишимнинг объекти саналган мазкур ҳудудни ўрганиш орқали ташкил этилаётган янги музейга янги инновацион технологияларни жалб этиш борасида ҳам ўз таклиф-мулоҳазаларимни билдириб ўтмоқчиман.
Тадбир давомида талаба-ёшлар Миллий археология маркази мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш бир қаторда, мутахассислардан илмий ишларида фойдаланадиган зарур маслаҳат ва тавсиялар ҳам олишди.
ЎзМУ матбуот хизмати