20 нафар қашқадарёлик ёшга “Президент совғаси” сифатида уй-жой калитлари топширилди
Қашқадарё вилояти ҳокимлигида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан чин етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, уй-жойга муҳтож 20 нафар ёшга янги хонадон калитларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, айниқса, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тантанали тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги ва эътибори билан мазкур тоифадаги ёшларга “Президент совғаси” сифатида хонадон калитларини топширди.
Вилоят ҳокими давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратаётган юксак ишончи ва эътиборига муносиб жавоб сифатида уларнинг билим олиб, касб-ҳунар эгаллаши, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Уй-жой калитини қабул қилиб олган ёшлар орасида Косон туманида яшовчи Шаҳзода Нурматова ҳам бор. У имтиёз асосида Қарши давлат университетининг Ижтимоий фанлар факультети психология йўналишига ўқишга қабул қилинган бўлиб, ҳозирда биринчи босқич талабаси саналади.
Шаҳзодага туғилиб ўсган Косон туманининг Дўстлик маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлардан бир хонали хонадон калити топширилди.
[gallery-29722]
– Бугун ҳаётимдаги энг қувончли ва унутилмас кунлардан бири бўлди. Давлатимиз раҳбарининг биз каби ёшларга қаратаётган эътибори ва ишончини оқлашга ҳаракат қиламан. Келгусида етук психолог бўлиб етишиб, халқимизга хизмат қилишни мақсад қилганман, – дейди Шаҳзода Нурматова.
Ўтган йили Янги йил байрами арафасида ҳам уй-жойга муҳтож бўлган 25 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум қашқадарёлик ёшга “Президент совғаси” сифатида хонадон калитлари топширилган эди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари