13 килограмм героиннинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди
Бухоро вилоятидаги “Олот” чегара божхона постида мамлакатимиз ҳудуди орқали йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситасини ноқонуний олиб ўтишга уриниш фош этилди.
Бухоро вилояти божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда “Олот” чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда катта миқдордаги героин моддаси аниқланди.
“Олот” чегара божхона пости орқали Афғонистондан Россия Федерацияси томон ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситаларидан бири белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Замонавий инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларни таҳлил қилиш жараёнида божхона ходимлари юк таркибидаги айрим шубҳали ҳолатларга эътибор қаратди.

Автотранспорт воситасида жами 18,6 тонна қадоқланган ўрик қоқиси юкланган бўлиб, рентген тасвирлари чуқур ўрганилганда айрим қути ва қадоқларда ноодатий жисмлар мавжудлиги аниқланган. Шундан сўнг юк белгиланган тартибда, холислар иштирокида батафсил кўздан кечирилди.

Текширув давомида 13 та қоғоз қути ичидаги ўрик қоқилари орасига махсус усулда яширилган, ташқи кўриниши жиҳатидан айнан ўрик қоқисига ўхшатиб тайёрланган шубҳали моддалар топилди. Мазкур моддалар маҳсулотларга аралаштирилган ҳолда жойлаштирилган бўлиб, уларни оддий кўз билан ажратиш деярли имконсиз эди.
Эксперт-криминалистика текширувлари натижаларига кўра, аниқланган моддалар умумий оғирлиги қарийб 13 килограмм бўлган “героин” гиёҳвандлик воситаси экани маълум бўлди.

Мутахассислар баҳосига кўра, божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинган мазкур гиёҳвандлик воситасининг халқаро қора бозордаги қиймати тахминан 1,5 миллион АҚШ долларига тенг. Энг муҳими, ушбу тезкор тадбир натижасида минглаб дозадаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмага кириб боришига, инсонлар саломатлигига, айниқса, ёшлар келажагига жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган жиноий ҳаракатларга ўз вақтида барҳам берилди.

Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, воқеага алоқадор шахсларни аниқлаш ва жиноятнинг барча жиҳатларини ўрганиш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири