11-синф ўқувчилари учун қуръа ташлаш жараёнлари бошланди
2025–2026 ўқув йили якунида умумтаълим мактаблари битирувчилари учун ўтказиладиган якуний давлат аттестациясига тайёргарлик изчил давом этмоқда. Айни пайтда аттестация ўтказиладиган фанлар бўйича имтиҳон вариантларини аниқлаш мақсадида қуръа ташлаш тадбирларига старт берилди.
Бугун 11-синф ўқувчилари учун Она тили ва адабиёт (давлат тилида таълим олинмайдиган синфлар учун Давлат тили) фанидан имтиҳон вариантларини танлаш бўйича қуръа ташлаш жараёнлари ўтказилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган ёзма имтиҳонлар учун тайёрланган вариантлар орасидан имтиҳон санасидан бир кун аввал қуръа ташлаш йўли билан 2 та вариант танлаб олинади. Бу жараён шаффофлик ва холислик тамойилларини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур тартиб барча битирувчилар учун тенг шарт-шароит яратиш, билим ва кўникмаларни адолатли баҳолаш ҳамда имтиҳонларни очиқ ва шаффоф ташкил этишга қаратилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА