Озарбайжонда “Baku Energy Week - 2026” ўз ишини бошлади
Мазкур нуфузли ҳафталик доирасида “Caspian Oil and Gas” 31-халқаро кўргазмаси, “Caspian Power” 14-халқаро кўргазмаси ҳамда “Baku Energy Forum” бўлиб ўтмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев иштирок этиб, энергетика соҳасидаги глобал тенденциялар, энергия хавфсизлиги, анъанавий ресурслар билан бир қаторда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталди.

Бу йилги энергетика ҳафталигида дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан 400 дан зиёд компания ва корпорациялар, молиявий институтлар ҳамда энергетика соҳасидаги етакчи инвесторлар иштирок этмоқда. Кўргазма майдони 10 минг квадрат метрдан ортиқ ҳудудни қамраб олган бўлиб, унда соҳанинг энг илғор технологиялари ва инновацион ечимлари намойиш этилмоқда.
Тадбир доирасида халқаро делегациялар ва юқори мартабали меҳмонлар учун махсус VIP-тур ташкил этилди. Унда иштирокчилар йирик энергетика компаниялари стендлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жамият стендига ҳам ташриф буюрган. У ерда компания фаолияти, ишлаб чиқариш салоҳияти, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳамда нефть-газ ва газ-кимё соҳасидаги истиқболли йўналишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.


Н.Зиёдуллаева, ЎзА