11 қурбон ва янги таҳдид: Ливан тинчлиги сўроқ остида
Исроил томонидан Жанубий Ливаннинг Ансор ва Дайр аз-Заҳроний ҳудудларига берилган зарба туфайли камида 11 киши, жумладан уч бола ва икки аёл ҳаётдан кўз юмди. Президент Жозеф Аун воқеани икки давлат ўртасидаги тинчлик жараёни учун “аниқ хатарли огоҳлик” дея баҳолади. Ансорда бир оила тўлиқ ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Исроил армияси ушбу амалиёт Ҳизбуллоҳ жангариларининг ҳарбийларга қаратилган ҳужумига жавоб эканини билдирди. Ҳизбуллоҳ эса ўз баёнотида янги зарбаларга “муносиб жавоб” берилиши, Исроилнинг бу ҳаракатини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Фожиа июнь ойида тузилган АҚШ воситачилигидаги келишув тақдирини ҳам савол остига қўймоқда. Ҳужжатга кўра, қуролли нодавлат гуруҳлар қуролсизлантирилиши, бундай жамоаларга тегишли инфратузилма тугатилиши тасдиқланса, Исроил қўшини Ливандан босқичма-босқич чиқиши керак.
Шунга қарамай, янги музокара режаси сақланиб қолмоқда. Исроил ва Ливан вакиллари келаси ой Римда АҚШ иштирокида навбатдаги учрашувни ўтказиши кутиляпти. Охирги ҳодиса келишувни амалга ошириш жараёни анчайин мураккаблигини яна бир бор кўрсатди.
Мусулмон Зиё, ЎзА