10 нафар бола ўз оиласи бағрига қайтарилди
Қашқадарё вилоятида фаолияти йўлга қўйилган Кичик ҳажмли ижтимоий кўмак (кризис) маркази оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Қисқа вақт ичида марказ мутахассисларининг тизимли саъй-ҳаракатлари натижасида 10 нафар бола ўз оиласи бағрига қайтарилди.
Мазкур марказ ҳаётида руҳий, жисмоний ёки ижтимоий қийинчиликларга дуч келган, айниқса, вояга етмаганларга тезкор ва комплекс ёрдам кўрсатишга ихтисослашган. Бу ерда болалар хавфсиз вақтинчалик бошпана билан таъминланади, малакали психологлар томонидан руҳий қўллаб-қувватланади, шунингдек, ҳуқуқшунослар ва ижтимоий ходимлар иштирокида зарур ҳуқуқий ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатилади.

Марказ фаолиятининг асосий мақсади болани муассасада узоқ вақт сақлаш эмас, балки унинг манфаатларини таъминлаган ҳолда оилавий муҳитга қайтариш, зарурат туғилганда эса оила билан қайта ишлаш орқали муаммони бартараф этишдан иборат.

Шу маънода, қисқа муддат ичида 10 нафар боланинг ўз оиласи бағрига қайтарилгани тизим самарадорлигининг амалий ифодаси ҳисобланади. Бу натижа психологлар, ижтимоий ходимлар, васийлик ва ҳомийлик органлари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарасидир.

Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Сўнгги уч йилда 3 миллион нафардан зиёд аҳоли давлатнинг тизимли ижтимоий хизмат ва ёрдамлари билан қамраб олинди. Бу рақамлар ортида оғир ҳаётий вазиятдан чиқишга муваффақ бўлган, янги имконият ва умидга эга бўлган минглаб инсонлар тақдири мужассам.



Қашқадарё вилоятида ташкил этилган Кичик ҳажмли ижтимоий кўмак маркази ҳам ана шу эзгу ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлиб, болалар манфаатини таъминлаш, уларнинг хавфсизлиги ва соғлом ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири