Зулфияхоним мероси – ёшлар қалбида мангу яшайди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида «Зулфияхоним издошлари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар Кенгаши ва Ёзувчилар уюшмаси масъуллари, Зулфияхоним клуби аъзолари, Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда ёш авлоднинг адабиётга бўлган қизиқишини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Фарида Афрўз хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ва адабиётга бўлган меҳрини оширишда ижодий ташкилотларнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Ирина Токарева эса хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги, қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш масалалари юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Наргиза Асадова «Ёш қизлар ижоди: янги авлод ташаббуслари» мавзусида маъруза қилди. Унда ёш қизларнинг ижодий имкониятларини кенгайтириш, адабиётга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, янги истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Самимий ва мазмунли мулоқот руҳида ўтган давра суҳбатида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, етакчилик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ёш ижодкор қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий таклифларни муҳокама қилди.

Мазкур тадбир хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ижодий ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда Зулфия меросини келажак авлодга етказишга хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдонига айланди.
Н.Усмонова, ЎзА