Зуҳриддин Қиёмовнинг илк кўргазмаси: “Кўринмас уфқлар сари”
Тошкент фотосуратлар уйида рассом Зуҳриддин Қиёмовнинг "Кўринмас уфқлар сари" кўргазмаси очилди. У сўнгги уч йиллик изланишларни сарҳисоб қилиб, томошабинни фалсафий дунёга чорлайди.
Рассомлар олами — ўзгача бир олам. Уларнинг нигоҳида биз кўрмаган манзаралар, тафаккурида оддий нигоҳ илғай олмайдиган маънолар, қалбида эса сўз билан ифодалаш мушкул бўлган туйғулар яшайди. Улар борлиққа шунчаки қарамайди, балки уни ҳис қилади, кузатади, таҳлил этади, мушоҳада қилади. Кўп гапиришдан кўра кўпроқ изланишни, ўз кечинмаларини сўзлардан кўра ранглар воситасида ифодалашни афзал билади. Зеро, рассом учун ҳар бир ранг — бир туйғу, ҳар бир чизги — бир фикр, ҳар бир композиция эса қалбнинг сўзсиз баёнидир.
Ана шундай ижодкорлардан бири — рассом Зуҳриддин Қиёмов. 10 ноябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида унинг сўнгги уч йиллик ижодий изланишлари сарҳисоби бўлган “Кўринмас уфқлар сари” номли шахсий кўргазмаси очилди. Ушбу кўргазмага ташриф буюрган томошабин аввало асарларнинг ранглар жилосига маҳлиё бўлади. Бироқ ранглар ортида яширинган маъноларни англашга киришган сари рассомнинг ички дунёси, фалсафий қарашлари ва бадиий тафаккури билан юзма-юз келади. Кўргазманинг ташкил этилиши, асарларнинг мавзулар бўйича пухта жойлаштирилишида санъатшунос Мунис Нурнинг ташаббуси, раҳбарлиги ва ташкилотчилик маҳорати алоҳида эътирофга лойиқ.
Қизил ва кулранг залларда намойиш этилган асарлар шунчаки бир жойга жамланмаган. Уларнинг ҳар бири муайян ғоя, мавзу ва бадиий концепция асосида ўрин олган. Бу эса санъатшуноснинг рассом ижодини чуқур ўргангани, асарлар мазмуни ва моҳиятини теран англаганидан далолат беради.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур иштирок этиб, уни очиб берди. Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбари Иброҳим Валихўжаев рассомни қутлар экан, унинг ижодий меҳнатларини эътироф этиб, Бадиий ижодкорлар уюшмасининг “Олтин медали” билан тақдирлади ҳамда келгуси ижодий фаолиятига улкан зафарлар тилади. Тадбирда таниқли рассомлар, санъатшунослар, устоз-профессорлар, талабалар ва санъат ихлосмандлари иштирок этди.
[gallery-https://uza.uz/oz/collection/32445]
Кўргазмадаги ҳар бир асар томошабинни ўзига хос бир оламга етаклайди. Масалан, “Лаҳза” номли асарда тасвирланган товусга бир назар ташланг. Тилларанг жилоларга бурканган қуш кенг қанотларини ёйган. Унинг патларидаги ранглар гўё атрофга нур, зиё ва олтин зарраларини сочаётгандек. Бу манзарани томоша қилар эканман, товус тимсолида рассомнинг ички оламини, қалбидаги ёруғликни, гўзалликка бўлган интилишини ҳис қилдим. Гўё рассом ўз қалбидаги нурни қуш қанотлари орқали борлиққа улашаётгандек. “Муҳаббат” номли учлик асари эса янада чуқурроқ мушоҳадага чорлайди. Унда уч хил қиёфа, уч хил ҳолат ва айни пайтда инсон тақдири билан боғлиқ уч хил маъно мужассам. Биринчи аёлнинг юзи очиқ, қўлида китоб. У илм, маърифат ва изланиш рамзидек намоён бўлади. Иккинчи аёл паранжи ичида, юзи кўринмайди, қўлида тасбеҳ. Унда ибодат, эътиқод ва ички руҳий олам ифодасини кўриш мумкин. Учинчи аёлнинг эса юзининг бир қисми кўринади, қўлида қафасдан озод бўлган қуш бор. Бу уч образга қараб туриб, инсон ҳаётининг турли босқичлари, тарихий хотира, маърифатга интилиш, эътиқод, эркинлик ва озодлик тушунчалари ҳақида ўйга толасиз. Қушнинг қафасдан учиб чиқиши эса инсон руҳининг озодликка бўлган азалий интилишини англатгандек. Рассом бу асарида тайёр жавоб бермайди. Аксинча, томошабинни саволлар билан юзлаштиради. Ҳар ким ундан ўз дунёқараши, ҳаётий тажрибаси ва қалбий кечинмаларига қараб маъно топади. “Зулматдан нигоҳ” асарида эса бўрининг ёниб турган кўзлари диққатни тортади. Ушбу нигоҳда қандайдир огоҳлик, куч, матонат ва ички қудрат мужассам. Асарга боқар экансиз, зулмат қаршисида таслим бўлмаслик, ҳар қандай синовга тик қараш, келажакка ишонч билан интилиш ғоялари хаёлдан ўтади. Бу асарда бўрининг нигоҳини шунчаки ҳайвоннинг қараши эмас, балки кучли ирода ва ҳушёрлик тимсоли сифатида қабул қилади. Унда халқимизнинг тарихий синовлардан ўтиб, ёруғ келажак сари интилаётган руҳини ҳам кўриш мумкин. Зеро, бугунги ёш авлоднинг вазифаси ҳам шу: ҳар қандай ташқи ва ички таҳдидларга нисбатан огоҳ бўлиш, миллий қадриятларимизни асраш, билим ва тафаккур билан юксалиш.
— “Кўринмас уфқлар сари” экспозицияси рассомнинг сўнгги уч йиллик ижодий изланишлари сарҳисобидир. Унда манзаралар, фигуратив рангтасвир намуналари, фалсафий мушоҳадалар билан бир қаторда хорижий сафарлардан сўнг яратилган экспериментал асарлар ҳам ўрин олган. Бадиий изланишларнинг марказида инсон руҳиятининг кўп қирралиги туради. Кўз илғайдиган чегаралардан нарига назар ташлаш, инсон табиатининг яширин қирраларини кашф этишга интилиш айнан шу кўргазма концепциясининг асосини ташкил этади. Экспозиция шартли равишда уч қисмга бўлинган бўлиб, уларнинг ҳар бири муаллиф дунёқарашининг алоҳида қиррасини намоён этади, — деди санъатшунос Мунис Нур.
Кўргазмада Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Алиқулов ҳам иштирок этиб, Зуҳриддин Қиёмовнинг ижодига алоҳида тўхталди:
— Зуҳриддинни анчадан бери кузатиб келаман. Бугун унинг шахсий кўргазмасига гувоҳ бўлиб турибмиз. Энг муҳими, рассомнинг янги қирралари очилган, ўз йўлини, ўз бадиий услубини топаётганини кўриш мумкин. Бугунги кунда кўп рассомлар катта ҳажмдаги асарлар яратишга журъат қилолмайди. Бунинг иқтисодий сабаблари ҳам бордир, балки катта форматда ишлашнинг масъулияти ва мураккаблиги ҳам таъсир қилар. Аммо Зуҳриддин каби ёш ижодкорларимиз бундай асарларни бемалол яратиб, томошабин эътиборига ҳавола этаётгани қувонарли ҳол. Бу — тасвирий санъатимиздаги янги бир жараён. Ёшларимиз эркин фикрлаётгани, изланаётгани ва ўзини намоён этаётганидан хурсандман. Ижодкор тўхтаб қолмаслиги керак. Ҳар бир даврнинг ўз рассомлари, ўз санъат намояндалари бўлади. Ўзбекистон тасвирий санъати тарихида ўз муҳрини қолдирадиган ижодкорлар етишиб чиқиши муҳим. Ишонч билан айта оламанки, Зуҳриддиннинг бугунги асарлари ҳам келажакда санъат тарихидан муносиб ўрин олади. Унга омад тилайман, — деди халқ рассоми.
Дарҳақиқат, рассомнинг катта форматдаги асарлари олдида тўхтаб, уларни томоша қилар экансиз, бундай ижодий жасорат ортида қанчадан-қанча меҳнат, изланиш ва масъулият турганини ҳис этасиз. Санъаткор учун ўз услубини топиш осон эмас. Бунинг учун йиллар давомида изланиш, ўзини синовдан ўтказиш, бир қолипда қолиб кетмаслик талаб этилади.
— Зуҳриддиннинг ушбу кўргазмаси биринчи шахсий кўргазмаси ҳисобланади. Илк кўргазмага шунча кўп томошабин келганини кўриб турибмиз. Бу эса унинг ижодига қизиқиш борлигидан далолат беради. Келажакда ундан яхши рассом чиқишига ишонаман. Унинг асарлари инсонни ўйлашга, мушоҳада қилишга чорлайди. Зуҳриддин тенгдошим. Унга маслаҳат беришдан кўра, самимий омад тилашни маъқул кўраман, — деди рассом Элнур Эгамов.
Назаримда, кўргазманинг энг катта ютуғи ҳам шунда: у томошабинга фақат гўзалликни кўрсатмайди, балки фикрлашга, савол беришга, ўз қалбига назар ташлашга ундайди. Бугунги кунда ёш рассомларнинг ана шундай мустақил фикрга эга бўлиши, ўз бадиий тилини излаши, миллий ва умуминсоний қадриятларни замонавий тафаккур билан уйғунлаштириши муҳим аҳамиятга эга. Чунки санъат фақат ранглар ва шакллар мажмуи эмас. У инсонни тарбиялайди, қалбини бойитади, дунёқарашини кенгайтиради. Ҳақиқий санъат асари инсонни бир лаҳза бўлса-да кундалик ташвишлардан узиб, ўзи ва борлиқ ҳақида ўйлашга мажбур этади. Ишонаманки, санъатга ошно бўлган ёшлар бундай кўргазмалардан нафақат эстетик завқ олади, балки тарихни англаш, миллий қадриятларни қадрлаш, илм-маърифатга интилиш ва эркин фикрлаш борасида ҳам муҳим хулосалар чиқаради. Зеро, санъатнинг вазифаси фақат кўзни қувонтириш эмас, қалбни уйғотишдир.
Мунира Рамазонова
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, санъатшунос