9 май –Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кексаларни йўқлаш, уларни ҳолидан хабар олиш мақсадида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан учрашиб, улар ҳолидан хабар олди. Ҳозирда ҳудудда 26 нафар Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти қатнашчилари яшамоқда.
Янгийўл шаҳридаги “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган уруш фахрийси Риҳимжон ота Ражапов бу йил 99 ёшни қаршилади. Вилоят ҳокими бу отахон хонадонида ҳам меҳмон бўлди.
Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллигини нишонлаш муносабати билан дастлаб З. Мирзаев отахонга Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг Президентимиз фармонига асосан бир марталик 18 миллион сўм пул мукофоти, вилоят ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг навбатдаги манзил Янгийўл туманидаги "Қовунчи" маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уриши қатнашчиси Нодир ота Мансуров хонадони бўлди. З. Мирзаевга Тошкент вилояти "Нуроний" жамғармаси раиси Ф.Омонов, туман ҳокими У.Ялгашев, Мудофаа ишлари бўлими ходимлари, нуроний фахрийлар ва ёшлар ҳам ҳамроҳлик қилди.
Суҳбат давомида отахон ўзининг ҳаёт йўллари ҳақида барчага сўзлаб берди. Бугунги дориломон ва фаровон кунларнинг қадри беқиёс экани алоҳида таъкидланди. Масъуллар бу отахонга ҳам эсдалик совғалари ва пул мукофотини топширди.
Маълумотларга кўра, 1941-1945 йилларда Тошкент вилоятидан жами 121 969 нафар киши фронтга кетган. Уларнинг 22 617 нафари жангларда ҳалок бўлган. 19 367 нафари бедарак йўқолган. 1942 йилнинг кузида Тошкент вилояти аҳолиси фронтга 52 вагон озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатган. Биргина Оққўрғон ва Янгийўл туманидан аҳолининг ўз шахсий жамғармалари ҳисобидан 220 милллион сўмдан ошиқ пул маблағи фронтдаги ғалабани таъминлаш учун ташкил этилган махсус жамғарма ҳисобига ўтказиб берилган. Уруш ўчоқларидан мазкур ҳудудга юборилган 3500 нафар бошпанасиз киши ва 1700 нафар ёш гўдак вилоятдаги ўзбек хонадонларида қўним топган.
Жойларда бу каби учрашувлар давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА