Қашқадарё халқининг яхши шароитларда яшашга ҳаққи бор.
ҲОКИМ МИНБАРИ
"Қашқадарё бағрикенг, танти ва ғурурли эл. Бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ҳам шунга муносиб бўлиши керак. Биз, албатта, Қашқадарё аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратамиз, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар муаммоларини ҳал этишга эътиборни кучайтирамиз, ижтимоий таъминотга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаймиз, бунинг учун раҳбар ходимларимиздаги мудроқлик кайфиятини, коррупцияни йўқотамиз"
Шавкат Мирзиёев
Қашқадарё вилояти – 1924 йил 1 ноябрда ташкил этилган бўлиб, умумий ер майдони 28,6 минг квадрат километр. Ҳудудда 13 та туман ҳамда 12 та шаҳар, 4 та шаҳарча мавжуд. Маълумотларга кўра, вилоят аҳолиси сони 3 миллион кишидан ортиқ.Қашқадарё вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланмоқда. Вилоят ялпи ички маҳсулот таркибидаги бу соҳаларнинг улуши 61 фоиздан ортди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизидан ошиғи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда.Ҳудудда ёшларнинг иқтидор ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилаларга арзон уй-жойлар ажратиш, хотин-қизлар учун муносиб иш жойлари яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётир.
– Сиз кўп жойларда раҳбарлик лавозимларида ишлагансиз. Қашқадарё вилоятининг ўзига хос томонлари, одамлари ҳақидаги дастлабки таассуротларингиз?
– Қашқадарё вилояти ҳокими сифатида фаолият бошлашимдан аввал ҳам вилоятга кўп бора келганман. Инсонларига келсак, шу ерлик ўртоқларим жуда кўплиги боис тасаввурим бор эди. Лекин, ўтган қисқа даврда Ғилон, Чиял, Кўл ва Оққишлоқларида бўлиб, бир нарсага амин бўлдимки, бағрикенглик ва яшаб турган заминга садоқат борасида бу халқдан кўп нарсани ўрганса бўлади.
– Қашқадарё вилояти мамлакатимизда энг кўп ғалла ва пахта етиштирадиган, республиканинг асосий нефт-газ захиралари жойлашган минтақа ҳисобланади. Шундай бўлса-да нега аҳолининг яшаш шароити кўнгилдагидек эмас. Бу аҳолидан келаётган шикоятларнинг кўплигида ҳам кўринади...
– Ҳақиқатдан ҳам, Қашқадарё вилояти ҳар томонлама реал имкониятларга, салоҳиятга эга вилоятлардан бири. Шундай бўлсада, вилоятнинг айрим ҳудудларида яшаш шароитлари ҳаминқадар эканлиги ҳам бор гап. Бугун ҳамма нарсани борлигича айтиш вақти келганидан фойдаланиб очиқ айтаман: Энг оғир масалаларимиз бу аҳолини ичимлик суви балан таъминлаш. Ичимлик суви масаласидан ташқари бошқа соҳалардаги камчиликларни ҳам босқичма-босқич равишда тез орада бартараф этишни мақсад қилганмиз.
Китоб тумани Тагоб қишлоғи аҳолисига газ баллонлар етказилмоқда
Йўл масаласи, электр узатиш линиялари, газ узатиш тармоқларида қилинадиган ишлар кўлами катта. Бундан ташқари, охирги 2 йил давомида сел ва табиий офатлардан зарар кўрган 36 та турли ҳажмдаги кўприклар таъмири ҳам жорий йилда ўз якунига етади. Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйларда иссиқлик таъминоти ва ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш, шунингдек, вилоят аҳлини яшаш шароитини яхшилаш борасида тизимли ишларни бошлаб юборганмиз.
Жумладан, аҳолининг ижтимоий турмуш тарзини яхшилаш мақсадида 1097 километр узунликдаги электр тармоқлари ва 305 дона трансформатор пунктларида янги қуриш ва реконструкция ишлари, 68,4 километр газ қувурларини янгидан тортиш, 3,2 километр газ қувурларини капитал таъмирлаш ва 1,6 километрини реконструкция қилиш, 5 та газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш, 94 800 тн суюлтирилган газ етказиб бериш, шунингдек, 18 та аҳоли пунктларида 92,5 миллиард сўм маблағ эвазига 161,8 километр ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилади.
Бу ерда энг муҳим лойиҳа “Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳаси бўлиб, қиймати 100,5 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳа Деҳқонобод туманининг 117 та қишлоқларини сув билан таъминлаш имконини беради.
“Оқсув-Деҳқонобод” лойиҳаси
Инвестиция дастури доирасида 23 та умумтаълим мактаблари (6902 ўқувчи ўрни), 16 та соғлиқни сақлаш объектлари (151 қатнов ва 761 койка), 4 та болалар спорти иншоотлари, 36 та мактабгача таълим муассасалари (5520 ўрин) янгидан қурилади ҳамда Қарши мухандислик иқтисодиёт институти 10 миллиард сўм маблағ эвазига реконструкция қилинади.
– 2018-2019 йилларда “Обод қишлоқ” дастури бўйича Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари белгиланган эди. Лекин ҳамон белгиланган ҳудудлардаги ишларни кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Вилоят раҳбари сифатида бу ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
– Ҳар бир ўтган йил юртимизда ислоҳотлар ортидан улкан бунёдкорлик ишлари билан ёдда қоларли бўлмоқда. Бугун Юртбошимиз томонидан фуқароларимиз фаровонлигини ошириш учун аввало, улар истиқомат қилаётган ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Кенг кўламда қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилаётир.
“Обод қишлоқ” дастурининг Миришкор тумани Помуқ қишлоғидаги ижроси
Қашқадарё вилоятида ҳам шу мақсадда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 2019 йилда 378 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан 109 та (46 та мактаб, 12 та МТМ, 17 та тиббиёт муассасаси ва 34 та МФЙ идоралари) объектлар фойдаланишга топширилди.
Қарши туманидаги оилавий поликлиника
Албатта, якунига етмай қолган ишлар, тугалланмаган объектлар ҳам бор. Бу камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу каби камчиликлар бўлмаслиги учун ҳозирдан тайёргарлик бошланган. Қурувчилар билан таҳлилий муҳокама йиғилишлари ҳам ўтказилди.
2020 йилда аҳолини уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 1700 та уй-жойлар қурилади. Шундан, 1106 таси уй-жойга мухтож оилалар учун, 300 таси хорижда ишлаётган фуқаролар учун, 70 таси ёш оилалар учун, 104 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун, 60 таси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун, 30 таси Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун, 30 таси Ички ишлар вазирлиги ходимлари учун қурилиши кўзда тутилмоқда.
2020 йилда ҳам кенг кўламда ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишларига катта эътиборни қаратиб, Қашқадарё халқи яхши шароитларда яшаши учун ҳаракат қиламиз.
– Вилоятда ишсизлик даражаси юқори. Янги раҳбар сифатида бу муаммонинг олдини олиш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Бандлик масаласи энг муҳим муаммолардан бири. Шу мақсадда, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда асосан, тадбиркорлар катта суянчимиз бўлади, деб ҳисоблайман. Президентимиз саъй-ҳаракати ва шахсий ташаббуслари билан мамлакатимизда тадбиркорликнинг қонуний асослари мустаҳкамланди. Шу боис, вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг фаолияти ҳамда сонини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Шунингдек, 2020 йилда 21 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мақсадида ҳудудлар, йўналишлар ва секторлар кесимида иш излаётган фуқаролар руйхати шакллантирилади. Бу борада йирик лойиҳаларни амалга ошириш, кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этиш, оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бир жиҳатни айтиш лозимки, иш билан таъминлашда ҳар бир иқлим ва ер шароити, хомашё ресурсларидан келиб чиқиб ёндошамиз.
Мисол: Вилоятда цемент маҳсулотларига бўлган талаб 3 фоизга қондирилса, шифер ва гипсакартон умуман ишлаб чиқарилмайди. Китоб туманида хитойлик ҳамкорлар билан қурилаётган цемент заводида 500 дан ортиқ ёшлар иш бошлайди. Айни шу туманда 200 гектар майдонда интенсив кўчат етиштириш корхонаси ташкил қилинган. Жорий йилда бу ерда ҳам иш кўлами кенгайиб кўплаб иш ўрни яратилади. Йилига 3 миллион дона интенсив гилос, шафтоли, қароли ва олма кўчатлари боғбонларга етказиб берилади.
– Йўллар мамлакатнинг қон томирлари ҳисобланади. Вилоятнинг кўплаб туманларидаги умумфойдаланувдаги йўлларнинг аҳволи ҳамон ачинарли аҳволда. Бу борада қандай ишлар амалга оширилади?
– Аҳоли билан учрашувларда ҳам марказий, айниқса, ички йўллар ҳолатининг талабга жавоб бермаслиги бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Бу борада ҳам мақсадли ва режали ишларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Зойир Мирзаев Деҳқонобод туманидаги тоғли ҳудуд аҳолиси муаммоларини ўрганмоқда
Йўллар борасида солиштирсак бошқа ҳудудларга қараганда қилинадиган ишлар жуда кўп. Қишлоқларимизда, айниқса, тоғли ҳудудлардаги йўллар ачинарли аҳволда.
Вилоят ҳудудида жами 18446 километр йўллар мавжуд. Шундан 425 километри халқаро аҳамиятдаги, 889 километри давлат аҳамиятидаги, 2112 километри маҳаллий аҳамиятдаги ва 15020 километри ички автомобиль йўлларидир. 8616 километр яъни жами йўлларнинг 47 фоизи таъмирга муҳтож. Шундан 84 километри халқаро, 270,6 километри давлат, 486 километри маҳаллий аҳамиятдаги ҳамда 7 775,4 километри ички йўллар ҳиссасига тўғри келади.
Қашқадарё халқининг яхши шароитларда яшашга ҳаққи бор. Шу мақсадда, юқоридаги режаларимизни ўз вақтида амалиётга татбиқ этиб, воҳа аҳлини яшаш шароитини юқори ўринларга олиб чиқиш энг асосий мақсадимиздир.
ЎзА мухбири Ўлмас Баротов суҳбатлашди