Зўравонликка қарши кураш: “Тенглик ва ҳурмат” платформаси
Жамиятда хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бугунги кунда энг устувор вазифалардан бирига айланди. Айниқса, оилавий зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва жабрланувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.
Мазкур платформа доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказида сақланаётган уч нафар аёлнинг мурожаатлари атрофлича ўрганилди. Ушбу жараёнга тегишли ҳамкор ташкилотлар ҳам жалб этилди.

Маълум бўлишича, мурожаат қилган ҳар учала аёл ҳам турмуш ўртоғи томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраган. Улар жисмоний ва руҳий босимга дуч келган бўлиб, айни пайтда фарзандлари билан мазкур марказда вақтинчалик бошпана билан таъминланган.
Мурожаатларни ўрганиш давомида аёллар учун энг долзарб масала марказдан чиққанидан кейин доимий яшаш жойи билан таъминланиш экани аниқланди. Шу муносабат билан тегишли туман ҳокимликларига ижтимоий тураржой фондидан уй-жой ажратиш масаласини кўриб чиқиш бўйича вазифалар юклатилди. Шунингдек, прокуратура органлари билан ҳамкорликда зўравонлик ҳолатлари бўйича қонуний чоралар кўриш, айбдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чораларини қўллаш белгиланди.

–Таъкидлаш жоизки, “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасидаги бундай ўрганиш ва мулоқотлар республика миқёсида изчил ташкил этилмоқда, –дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова.–Бу ёндашув нафақат зўравонлик қурбонларини ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, балки зўравонлик содир этган шахслар билан профилактик ишлар олиб боришга ҳам хизмат қилмоқда.
Мутахассислар фикрича, айнан шу каби комплекс ёндашув орқали келгусида қайта зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат ва масъулият муҳитини мустаҳкамлаш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Бухорода амалга оширилаётган мазкур ташаббус хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларни жамиятга қайта мослаштириш ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, бу каби ишлар орқали жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат шаклланиб, инсон қадрини улуғлаш тамойили янада мустаҳкамланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири