Оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда шаҳвоний шилқимлик ҳолатларига нисбатан жазонинг муқаррарлиги амалда таъминланмоқда. Бунда, 2024 йил 21 октябрдаги “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳим ўрин тутмоқда.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Қаҳрамон Мирсафоев қонуннинг аҳамияти ва ижроси ҳақида гапириб берди:
– Қонун орқали Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят-процессуал кодексга киритилган ўзгартиришлар оилавий зўравонлик, айниқса, болаларга нисбатан содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий воситага айланди.
Жумладан, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддасига кўра, эндиликда оилавий зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкин. Бу эса, жиноятни содир этган шахслар томонидан “ярашув” ниқоби остида жазодан қутулиб қолиш имкониятини чеклайди ва ишнинг шаффофлиги, адолатли қарор қабул қилинишини таъминлайди.
Ислоҳотлар жараёнида Жиноят кодексига янги 126-1-модданинг киритилгани оилавий (маиший) зўравонликни мустақил жиноят сифатида таснифлаш имконини берди. Ушбу модда орқали нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик босим, иқтисодий тазйиқ, шахснинг ҳуқуқларини чеклаш, уни таҳқирлаш ёки яқинларидан ажратиб қўйиш каби ҳаракатлар ҳам маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг такроран содир этилиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддасида эса, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий жазо чоралари кўзда тутилган. Ушбу моддага кўра, хотини (эри)га, собиқ хотини (собиқ эри)га, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, башарти жиноят аломатлари, шунингдек, ушбу кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, маъмурий ҳуқуқбузарлик, деб топилади ва тегишлича жарима ёки маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Оилавий зўравонликнинг ижтимоий оқибатларини таҳлил қилар эканмиз, бу ҳодиса нафақат шахсий муносабатлар издан чиқишига, балки жамият муҳити бузилишига сабаб бўлишини кўриш мумкин. Статистик маълумотлар бу борадаги муаммоларнинг долзарблигини яққол кўрсатмоқда.
Жумладан, 2025 йил январь - август ойларида Жиноят кодексининг 126-1-моддаси билан 298 нафар шахс судланган ва уларнинг 81 нафари озодликдан маҳрум этилган. Бу кўрсаткич 2024 йил бўйича 472 нафарни ташкил этган бўлиб, шулардан 150 нафари озодликдан маҳрум этилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси бўйича эса, 2025 йил 8 ойида 7 минг 624 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган. Бу эса, 2024 йилдаги 16 минг 524 ҳолатга нисбатан бироз камайган бўлса-да, сон жиҳатидан ҳали ҳам юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Айниқса, шундан 6 минг 585 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани, оилавий зўравонлик ҳолатларининг жиддийлигидан далолат беради. Бу рақамлар зўравонликнинг илдизи чуқурроқ эканини, у фақат жазолаш билан эмас, балки профилактик, психологик ва педагогик чора-тадбирлар билан курашишни талаб этишини кўрсатмоқда.
Зўравонлик оқибатлари нафақат статистикада, балки оилаларнинг емирилишида ҳам яққол акс этмоқда. 2025 йил 8 ойи мобайнида оилавий зўравонлик оқибатида фуқаролик ишлари бўйича судларга никоҳни бекор қилиш учун 47 ариза берилган бўлиб, улардан 37 таси қаноатлантирилган. Бу эса, ҳар беш ҳолатдан тўрттасида оиланинг емирилишига олиб келувчи сабаблар рўй берганини англатади.
Энг ёмони, оилавий зўравонлик сабабли бузилган никоҳлар ортидан болаларнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган вазият юзага келади. Бу уларнинг ҳар томонлама етук шахс сифатида шаклланишига жиддий тўсиқ бўлади. Шу боис, зўравонликнинг олдини олиш борасида жамиятнинг ҳар бир қатламига тегишли масъулият юклатилиши зарур.
Шаҳвоний шилқимлик масаласи эса янада мураккаб ва жиддий таҳдидли ҳолат бўлиб, инсоннинг шаъни ва дахлсизлигига тажовуз сифатида баҳоланади. Миллий қонунчиликда шаҳвоний шилқимлик ҳаракатларига нисбатан ҳам қатъий жавобгарлик чораси назарда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддасида шаҳвоний шилқимлик қилиш, яъни, шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатларни бир марта қўпол равишда ёки бир неча марта содир этиш жарима ёки маъмурий қамоқ билан жазоланади. Ўз навбатида, агар ушбу ҳаракатлар такрорий равишда содир этилган бўлса, жазо кучайтирилади.
Маълумотларга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси асосида 2025 йилнинг 8 ойида 1 минг 450 нафар шахс судланган. Уларнинг 969 нафари қамоқ жазосига, 481 нафари эса жаримага тортилган. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 1 минг 854 нафарни ташкил қилган. Бу кўрсаткичлар оммавий жойларда, ишхона, таълим муассасалари ёки ижтимоий тармоқларда рўй бераётган номақбул ҳаракатларнинг кескин қораланаётганидан далолат беради.
Қолаверса, бу ҳолатлар шилқимлик фақатгина йирик жиноятларнинг “кичик босқичи” эмас, балки ўзи мустақил таҳдид сифатида эътироф этилиши лозим бўлган муаммо эканини кўрсатмоқда. Ундан жабрланувчилар асосан аёллар ва қизлардир. Улар эса, кўпинча ижтимоий муҳитдаги камситиш, уятга қолдириш, танбеҳ каби иккиламчи руҳий жароҳатларга учраганда суд органларига мурожаат қилишдан тийилмоқда.
Шу сабабли, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун бундай жиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда исботлаш механизмларини соддалаштириш, жабрланувчиларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг махфийлигини таъминлаш каби тамойилларни жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Энг муҳими, жамиятда юқоридаги каби муаммоларга нисбатан муросасиз позиция шаклланмоқда. Бу эса, зўравонликсиз, тенгликка асосланган, инсон қадри улуғланган жамият сари қўйилаётган муҳим қадамдир.
Норгул Абдураимова,
ЎзА