Зўравонлик мавзусини ёритишда журналист масъулияти
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳузуридаги «Журналист аёллар кенгаши» ҳамда «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамкорлигида «Рақамли медиа даврида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини ёритишда журналистнинг масъулияти» мавзусида жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши вакиллари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Болалар омбудсмани, Адлия вазирлиги масъуллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирни «Журналист аёллар кенгаши» раиси Феруза Одилова кириш сўзи билан очиб, бугунги рақамли медиа муҳитида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини холис, масъулиятли ва инсон манфаатларини устувор қўйган ҳолда ёритиш муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.


Шундан сўнг Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари Шаҳрибону Имомова, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Фируза Муҳаммаджонова ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилноза Азизова мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сўзга чиққанлар зўравонликка қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни, журналистнинг касбий масъулияти ва жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги таъсирига алоҳида эътибор қаратди.
Жамоатчилик эшитувида зўравонлик ҳолатларини ёритишнинг ҳуқуқий, ижтимоий, психологик ва ахлоқий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда зўравонликка оид материалларни тайёрлаш ва эълон қилиш жараёнида учраётган камчиликлар ҳам очиқ таҳлил этилди. Айрим ҳолларда воқеа тафсилотларининг сенсацион тарзда берилиши, жабрланувчини билвосита айбловчи сарлавҳалар қўлланилиши, вояга етмаганлар ва жабрланган шахсларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотлар ошкор этилиши каби ҳолатлар танқидий баҳоланди. Шунингдек, текширилмаган ахборотни тарқатиш ва гендер стереотипларини кучайтирувчи материаллар тайёрлашнинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам сўз борди.
Таъкидланганидек, зўравонлик ҳолатларини ёритишда журналистнинг вазифаси фақат воқеани етказиш билан чекланмайди. Энг муҳими, материал жабрланувчининг шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларига дахл қилмаслиги, аксинча, жамиятда муаммога нисбатан тўғри муносабат шаклланишига хизмат қилиши керак. Зеро, жамоатчиликнинг ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш билан бирга, инсоннинг шахсий ҳаёти ва дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳам журналистнинг касбий масъулияти ҳисобланади.

Тадбир давомида мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор амалий таклифлар ҳам билдирилди. Жумладан, журналистлар ва блогерлар учун зўравонлик ҳолатларини ёритишга оид миллий этик тавсиялар ва амалий қўлланма ишлаб чиқиш, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги материаллар мониторингини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, журналистларнинг гендер этикаси, ахборотни текшириш, жабрланувчилар билан тўғри мулоқот ўрнатиш борасидаги билим ва кўникмаларини оширишга оид ўқув-семинарлар ташкил этиш таклиф қилинди. Таҳририятларда зўравонликка оид материалларни эълон қилишдан олдин уларнинг фактлари, сарлавҳалари ва тасвирларини қайта кўриб чиқиш, шахсий маълумотлар дахлсизлигига риоя этилишини таъминлаш бўйича ички назоратни кучайтириш масаласи ҳам кўтарилди.
Н.Усмонова,
ЎзА