80 нафар хотин-қизга субсидия асосида чорва моллари топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу йўналишдаги ишлар доирасида ижтимоий реестрда ва “Аёллар дафтари”да турган 80 нафар хотин-қизга субсидия асосида чорва моллари топширилди. Жумладан, тумандаги “Шукурулло Бабажанов” фермер хўжалиги томонидан ветеринар кўригидан ўтказилган чорва моллари ўз эгаларига тарқатилди.

Беруний туманида жорий йил 7-босқич “Аёллар дафтари”га 6 минг 67 нафар хотин-қиз киритилган бўлиб, уларга 5 тоифа асосида амалий ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилган. Мазкур ташаббус орқали хотин-қизларнинг ўзини-ўзи банд қилиши, чорвачилик билан шуғулланиши, оилавий даромадини ошириши ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш мақсад қилинган.
Бундай амалий ёрдам хотин-қизларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, оилалар фаровонлигини юксалтириш ҳамда ҳудудда камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири