Зиёлиларнинг таклиф ва ташаббуслари амалий натижага йўналтирилди
Миллатнинг юксалиши фақат иқтисодий кўрсаткичлар ёки бунёдкорлик ишлари билан белгиланмайди. Бу, аввало, жамиятнинг тафаккури, маънавий қиёфаси, илм-фанга муносабати ва зиёлиларнинг фаоллигида намоён бўлади. Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида «Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи» шиори остида ўтказилган икки кунлик анжуман ана шу ҳақиқатни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Чин маънода, бу галги йиғин оддий тадбир ёки навбатдаги муҳокама майдони бўлиб қолмади. Унда миллат тақдири, юрт келажаги, ёш авлод тарбияси, миллий қадриятлар ва жамият тараққиёти хусусида қайғурадиган инсонлар бир мақсад йўлида жам бўлди.
Анжуманда республика вакиллари, сенаторлар, таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари, турли соҳа мутахассислари ҳамда Сирдарё вилоятининг фаол зиёлилари иштирок этишди.
Икки кун давомида ҳудуднинг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, жамиятни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, миллий ўзликни англаш, маънавий муҳитни соғломлаштириш ва зиёлилар ташаббусларини амалий натижаларга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди. Турли йўналишларда ташкил этилган шўъбаларда 600 дан ортиқ таклиф ва ташаббус илгари сурилди.
Эътиборлиси, муҳокамалар умумий гаплар ёки баландпарвоз фикрлар билан чекланмади. Ҳар бир соҳа вакили ўз йўналишидаги мавжуд муаммолар, уларнинг сабаблари ва ечимлари бўйича аниқ таклифларини билдирди.
— Зиёлилар кенгашини ташкил этишдан мақсад — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, кечаги ва бугунги кунни солиштириш, мавжуд масалалар юзасидан фикр ва таклифларни бир майдонда жамлашдир. Зиёли деганда фақат олий маълумотли ёки дипломли кишиларни тушунмаслигимиз керак. Ҳар бир соҳанинг етук мутахассиси, ўз ишининг фидойиси ҳам зиёлидир.
Бугун мамлакатимизда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Уларнинг мазмун-моҳиятини халққа етказиш, жойлардаги муаммоларни кўтариш ва ечимларини таклиф қилишда зиёлилар кенгаши давлат ва халқ ўртасидаги муҳим кўприк вазифасини бажариши керак, — деди Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев.
Дарҳақиқат, кенгашнинг аҳамияти ҳам шунда: зиёлилар фақат кузатувчи ёки ислоҳотлар ҳақида маълумот берувчи эмас, балки уларнинг мазмуни ва натижасига дахлдор ташаббускор куч сифатида намоён бўлиши кўзда тутилмоқда. Энг муҳими, ҳудудлардаги зиёлиларнинг ўз сўзи, таклифи ва ташаббусини билдириши учун мулоқот майдони шаклланмоқда.
Анжуманнинг амалий аҳамияти шундаки, ҳар бир шўъбада муайян йўналишлар бўйича фикрлар умумлаштирилиб, аниқ таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, миллий контент яратиш, ўзбек адабиёти ва миллий қаҳрамонларимизни замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект имкониятлари орқали ёшларга етказиш, болалар учун мазмунли ва миллий руҳдаги маҳсулотлар тайёрлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Бу бежиз эмас. Бугун ахборот маконида ёшлар онги ва дунёқараши учун турли ғоялар рақобатлашмоқда. Бундай шароитда миллий адабиётимиз, тарихимиз ва қадриятларимизни замонавий шаклларда тақдим этиш, болалар ва ўсмирлар учун сифатли миллий контент яратиш муҳим вазифалардан биридир.
— Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда зиёлилар қатламининг ҳам алоҳида ўрни бор. Кенгаш фаолияти орқали ҳар бир зиёлининг ўз фикри, таклифи ва ташаббусини билдириш имконияти кенгаймоқда.
Биз иштирок этган шўъбада ҳам бир қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, ўзбек адабиёти қаҳрамонларини сунъий интеллект имкониятлари орқали ёшларга ватанпарварлик руҳида танитиш, миллий ва болалар контентини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратдик. Бу борада алоҳида концепция ишлаб чиқиш таклифини илгари сурдик. Зеро, миллий қаҳрамонларимиз ва адабиётимиз замонавий тилда, ёшлар тушунадиган шаклда тақдим этилса, уларнинг миллий ғурури, ватанпарварлик туйғуси ва маънавий дунёси бойишига хизмат қилади, — деди халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Жамол Комилов.
[gallery-32490]
Анжуманнинг тарих ва миллий хотира, ҳуқуқий тафаккур, давлатчилик анъаналари ҳамда маданий мерос масалаларига бағишланган шўъбасида ҳам бир қатор амалий таклифлар ўртага ташланди.
Айниқса, Сирдарёнинг тарихий қиёфасини тиклаш, унинг бой ўтмиши ва маданий меросини илмий асосда ўрганиш, тарихий объектларни сайёҳлик йўналишларига киритишга қаратилган ташаббуслар эътиборга молик бўлди.
Жумладан, вилоятнинг тарихий ёдгорликларидан бири бўлган Ёғочли сардобани мутахассислар иштирокида илмий ўрганиш, унинг XVI асрдаги муҳитини қайта тиклаш таклифи билдирилди. Шунингдек, қадимда Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Сирдарё ҳудудидаги карвонсаройлар ва карвонлар тўхташ манзилларини тадқиқ этиш, уларни хорижий сайёҳлар маршрутларига киритиш масаласи ҳам кўтарилди.
Бу ташаббуслар фақат тарихий хотирани тиклаш билан чекланмайди. Улар ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, янги хизмат кўрсатиш йўналишларини ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва маҳаллий аҳоли даромадларини кўпайтириш учун ҳам имконият яратиши мумкин.
— Сирдарёда бўлиб ўтган анжуманнинг тарих ва миллий хотира, ҳуқуқий тафаккур, давлатчилик анъаналари ҳамда маданий мерос шўъбасида ўндан ортиқ таклиф билдирилди. Улар орасида Ёғочли сардобани илмий асосда ўрганиш ва XVI аср муҳитини қайта тиклаш, ҳудудимиздаги қадимий карвонсаройлар ва тарихий манзилгоҳларни тадқиқ этиб, сайёҳлик маршрутларига киритиш ташаббуслари бор.
Яна бир муҳим масала — ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда маҳаллий тарихий материаллардан самарали фойдаланишдир. Чунки ёшлар ўзлари туғилиб ўсган ҳудуд тарихини, ундан етишиб чиққан буюк инсонларни, аждодлар меросини қанчалик яхши билса, юртига дахлдорлик ҳисси ҳам шунчалик мустаҳкамланади.
Умуман, билдирилган таклифлар зиёлиларни ўйлантираётган масалалар ва уларнинг ечимларини қамраб олди. Уларнинг амалий ижроси ҳудуд тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши мумкин, — деди тарихчи олим, археолог Солижон Қудратов.
Анжуманда илгари сурилган фикрлар бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этди: мамлакат тараққиёти фақат давлат идоралари ёки муайян соҳа вакилларининг вазифаси эмас. Бу жараёнда илм-фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат, тиббиёт ва бошқа йўналишларда фаолият юритаётган зиёлиларнинг ҳам ўз ўрни ва масъулияти бор.
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Пардахол Норқобилованинг фикрича, зиёлилар кенгаши ана шу куч ва салоҳиятни бирлаштириш, мамлакат олдида турган устувор вазифаларни амалга оширишда уларнинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
— Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари кўлами ниҳоятда кенг. Энди эришилган натижалар билан бирга, олдимизда турган вазифаларни ҳам чуқур англашимиз, уларни амалга оширишда ҳар биримизнинг масъулиятимизни ҳис қилишимиз зарур.
Зиёлилар кенгашининг ташкил этилиши ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Бу ерда олимлар, шифокорлар, иқтисодчилар, маърифатпарварлар, сиёсатчилар ва турли соҳа фидойилари бирлашиб, мамлакат тараққиётига дахлдор масалаларни муҳокама қилмоқда, таклифлар ишлаб чиқмоқда.
Энг муҳими, зиёлилар халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши, ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини одамларга етказиши, жамиятни ўйлантираётган масалаларни юқори минбарларга олиб чиқиши керак. Ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва бугунги тинч ҳаётимизни қадрлаш руҳида тарбиялаш ҳам зиммамиздаги муҳим вазифадир.
Сирдарёлик зиёлилар билан мулоқотда уларнинг тафаккури, дунёқараши, ташаббуслари ва ҳудудни ривожлантиришга қаратилган таклифларига гувоҳ бўлдик. Бу эса уларнинг фақат фикр билдирувчи эмас, балки таклифларни амалга оширишда ҳам иштирок этишга тайёр эканини кўрсатди, — деди Пардахол Норқобилова.
Икки кунлик анжуман давомида билдирилган 600 дан ортиқ таклиф ва ташаббус Сирдарё зиёлиларининг ҳудуд ва мамлакат келажагига дахлдорлигини намоён этди. Эндиликда энг муҳим вазифа — бу фикрларни умумлаштириш, устувор йўналишларни белгилаш ва уларнинг амалий ижросини таъминлашдир.
Бир сўз билан айтганда, зиёлилик фақат билим ва мартаба билан эмас, балки халқ дардига қулоқ тутиш, жамият муаммоларига бефарқ бўлмаслик ва уларнинг ечими учун масъулиятни зиммага олиш билан ҳам ўлчанади.
Миллий юксалиш эса айнан шундай дахлдорлик, бирдамлик ва амалий ҳаракатдан бошланади.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА