Ўзим меҳр қўйган Ўзбекистонни кореяликларга таништиришни истайман
Ҳозирги кунда COVID-19 пандемияси туфайли дунё мамлакатлари мураккаб даврни бошдан кечирмоқда.
Ҳозирги кунда COVID-19 пандемияси туфайли дунё мамлакатлари мураккаб даврни бошдан кечирмоқда.
Одатдаги ҳаёт тарзи ўзгариб, янгича муносабатлар пайдо бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси ҳам пандемия шароитидан келиб чиқиб видеоконференция тарзида ўтказиляпти.
23 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ тарихида илк бор ўзбек тилида сўзлаган нутқини бевосита кузатдим.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси стратегик шериклардир. Мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан буён 14 марта олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтган. Жорий йилнинг қиш фаслида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига ташриф билан бориши режалаштирилган.
Мамлакатингиз жуда тез ўзгариб бораяпти. 2013 йилда юртингизга илк бор келган бўлсам, ҳозирги даврни ўша пайтлар билан умуман таққослаб бўлмайди. Ўзгаришлар кун сайин эмас, соат сайин бўлаяпти.
Ўзбекистонда Корея Республикасини яхши биладиган олимлар кўп, корейс тили эса машҳур тиллардан ҳисобланади. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигига бағишланган маросимда қатнашдим.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этган ушбу анжуманда шеър ўқишга муяссар бўлдим. Ўша куни Президент 21 октябрни – Ўзбек тили байрами куни, деб эълон қилдилар. Узоқ йиллар ана шу байрамни, шукуҳли концерт ва одамларнинг қувончини эслаб юрсам керак. Тилга эътибор шундай бўлиши керак.
Ҳозир Корея Республикасида ҳам ўзбек тилига қизиқувчилар кўп. Афсуски, Марказий Осиё деганда фақат собиқ СССРни эслатиб, ўз юртини, чиройли тилини менсимайдиганлар учрайди. Ўзбекистонда эса ўзбек тили қанча гўзал жарангласа, уни хорижда ҳам шундай ҳурмат қиладиган фарзандлари бор. Кореяда ана шундай ёшлар турли соҳаларда ишламоқда.
БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясига қайтсак, бу катта имконият. Ўзбекистон Президенти илк бор ўзбек тилида нутқ сўзлаб, халқингизнинг гўзал тилини дунёга таништирди. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қоқ марказидаги буюк мамлакат эканини, келажакка ишончи мустаҳкам, интилишлари бисёр эканини баён қилди.
Ва ҳозирги қийин даврда дунёга тинчлик овозини бериб, бирлашиб, барча хавф-хатарларни енгиб ўтиш бўйича ташаббусларни илгари сурди. Бундан шу юртда яшаётган корейс фуқароси сифатида мен ҳам фахрландим. Чунки мамлакатларимиз дўст, халқларимизнинг ўхшаш жиҳатлари кўп.
Мен келгусида Корея Республикасида ўзбек тилини ўқитишни ва ўзим меҳр қўйган Ўзбекистонни кореяликларга таништиришни истайман.
Ён Сангхим,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети докторанти