Жиззах вилоятида коронавирус билан касалланган дастлабки бемор қайд этилди
Жиззах вилоятида коронавирусга чалинганлар қайд этилмаган эди.
Жиззах вилоятида коронавирусга чалинганлар қайд этилмаган эди. Афсуски, бугун бу хотиржамлик барҳам топди. Ҳудудда коронавирусга чалинган дастлабки бемор аниқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан 2020 йил 7 апрель тунги соат 02:14 да 6 апрель соат 12:00 ҳолатига Республикамизда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар сони тўғрисидаги ахборотда Жиззах вилоятидан 2 нафар кўрсатилди.
Ушбу маълумот асосида ижтимоий тармоқларда Жиззахда коронавирусга чалинган икки нафар бемор қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабарга аниқлик киритиш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси коронавирусга қарши кураш штабига мурожаат қилдик.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан 2020 йил 7 апрель тунги соат 02:14 да 6 апрель соат 12:00 ҳолатига ҳолатига Республикамизда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар сони тўғрисида берган ахборотида кўрсатилган 2 нафар бемор бошқа вилоятларда аниқланиб даволанаётган асли жиззахлик бўлган фуқаролардир. Улар ҳозир бошқа вилоятларда даволанмоқдалар, дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Неъматов.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси коронавирусга қарши кураш штабининг берган охирги маълумотига кўра 7 апрель соат 15:00 ҳолатида Жиззах шаҳрида 1 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.
Вилоятда коронавируснинг олдини олиш борасидаги профилактика ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда. Бу борада барча зарурий чоралар кўрилаяпти, дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборотида.