Жанубий Кореядаги ватандошларимиз овоз бермоқда
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари ҳам очилди. Биринчи бўлиб Япония ва Жанубий Кореядаги юртдошларимиз овоз бера бошлади.
Сеул, 4 декабрь. ЎзА махсус мухбири Нодира Манзурова хабар қилади.Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкалари ҳам очилди. Биринчи бўлиб Япония ва Жанубий Кореядаги юртдошларимиз овоз бера бошлади.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилиши белгиланган. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаcи ташкил қилинган. Улар 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилган.
Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси ҳузурида тузилган 34-сайлов участкаси Тошкент вақти билан 02:00 да очилди. Ушбу сайлов участкасида 500 дан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган. Участка сайлов комиссияси сайловчиларни овоз бериш вақти ва жойи ҳақида олдиндан хабардор қилган. Сайлов участкаси барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар ва уларнинг дастурлари ҳақида зарур ахборот ва маълумотлар тақдим этилган.
– Мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бевақт вафоти барчамиз учун оғир жудолик бўлди, – дейди Кореяшунослик академияси иқтисодиёт факультети магистранти Феруза Бўронова. – Биринчи Президентимиз Ўзбекистонни мустақил тараққиёт йўлига, дунё ҳамжамиятида муносиб ўринга олиб чиқди. У киши бошлаган кенг кўламли ислоҳотлар, эзгу ишлар давом этишини ҳаммамиз истаймиз. Бу ватандошларимизнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Мен бу масъулиятни чин дилдан ҳис этиб, оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатимизда бўлаётган воқеаларни кузатиб бормоқдаман. Бугун барча номзодларнинг сайловолди дастурлари, мақсад ва режалари билан яна бир бор танишиб, ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.
Барча юртдошларимиз каби Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ҳам юксак ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик позициясини намоён этиб, сайловда фаол иштирок этмоқда. Овоз бергандан кейин ҳам ҳеч ким кетаётгани йўқ. Жонажон мамлакатимиз, у ерда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашишмоқда.
– Хорижий мамлакатларга сафарларимиз чоғида Ўзбекистонни кўп соғинамиз, – дейди хусусий тадбиркор Алишер Саидов. – Бу туйғу, айниқса, юртимиздаги байрамлар, мана шундай катта тадбирлар пайтида жуда-жуда сезилади. Шундай мамлакатимиз, олижаноб халқимиз борлигидан фахрланамиз. Чет элда бўлсак ҳам Президент сайловида қатнашишимиз, Ватанимиз келажаги учун овоз беришимиз учун шароит яратилди, ҳуқуқларимиз таъминланди. Шундай эътиборга муносиб бўлиб, мамлакатимиз ривожига янада катта ҳисса қўшишни олий бурчимиз, деб биламиз.
Жанубий кореялик дипломатлар, ишбилармонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам мамлакатимиздаги Президент сайловини кузатиб бормоқда. Сайловнинг очиқлик ва ошкоралик, муқобиллик ва сиёсий рақобат муҳитида ўтаётганини таъкидлашмоқда.
– Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар эътиборга молик, – дейди Корея Республикасининг Инҳа университети президенти Чой Сунджа хоним. – Мамлакатингизда Президент сайлови тенглик, транспарентлик ва демократик тамойиллар асосида, умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос тарзда, юксак савияда ўтмоқда. Бутун дунёдан юзлаб кузатувчилар қатнашаётгани сайловнинг демократик, очиқ ва ошкора ўтаётганидан далолат. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида асос солинган ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради. Икки томонлама алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш тарафдоримиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида овоз бериш давом этмоқда.