Зеленский Россия 2026 йил кузида қўшимча сафарбарликка тайёргарлик кўраётганини маълум қилди
Украина Президенти Владимир Зеленский 11 август кунги кечки мурожаатида Россия шу йил кузда навбатдаги сафарбарлик тўлқинини бошлашга ҳозирлик кўраётганини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Украина разведкаси, хусусан Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Олег Ивашенко тақдим этган маълумот ва РФ ички ҳужжатлари бу режани тасдиқлайди. Яъни, кузги парламент сайлови якунлангач, Москва йил охиригача бир неча юз минг кишини, келаси йил эса яна шунча аскарни шартномавий ҳарбий хизматга жалб қилишни мўлжалламоқда.
Украина раҳбари Кремль шу тариқа аҳоли урушни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги сохта таассурот уйғотишга уринаётганини айтиб, Киев бу режа амалга ошишига йўл қўймаслик учун зарур чора кўраётганини қўшимча қилди. Шунингдек, Киев АҚШга мурожаат қилиб, биринчи навбатда ҳаво мудофааси тизимини мустаҳкамлашда ёрдам бериш ва Россияга урушни чўзмасдан, тугатишга мажбур қиладиган даражада босим ўтказишни сўраган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА